Болгарияда бир ой ичида ЭМСЎнинг иккинчи ўқ-дори омборида портлаш юз берди

Болгарияда бир ой ичида ЭМСЎга тегишли иккинчи ўқ-дори омборида портлаш содир бўлди
Болгариянинг Габрово вилоятидаги ўқ-дори омборларида портлаш ва ёнғин юз берди. Ҳодиса 11-сентябр куни кечқурун Трявна ва Царева Ливада оралиғидаги Горни Варпишта қишлоғи яқинида рўй берган.
Болгариянинг НОВА телеканали хабарига кўра, дастлабки маълумотлар соат 23:04—23:10 оралиғида келиб тушган, шундан кўп ўтмай 112 хизматига қўнғироқ қилинган.
Обьект ҳудудида жами 11 та омбор мавжуд. Ёнғин аввал улардан бирида бошланган, кейин эса яқин атрофдаги яна иккита омборга тарқалган. Ҳудудда бир неча портлаш овози эшитилган.
Габрово вилояти губернатори Кристина Сидорованинг айтишича, омборларда порох ва ўқ-дорилар сақланган бўлиши мумкин. Сўнгги портлаш ярим тунга яқин қайд этилган.
Ҳодиса пайтида омборларда одамлар бўлмаган. Ҳудудда бўлган икки нафар қўриқчи вақтида хавфсиз жойга чиқишга улгурган. Қурбонлар ҳам, жароҳатланганлар ҳам йўқ.
“Учта ўт ўчириш бригадаси вазиятни назорат қилмоқда. Давом этаётган портлашлар хавфи сабаб қутқарувчилар омборларга яқинлашмаган, ёнғиннинг тарқалиши дронлар ёрдамида кузатилмоқда”, дейилади хабарда.
Ҳодиса жойи тўлиқ ўраб олинган ва аҳолини огоҳлантириш учун БГ-Алерт тизими ишга туширилган. Энг яқин аҳоли пункти обьектдан бир километрдан кўпроқ масофада жойлашган.
Август ойида ЭМСЎга қарашли бошқа ўқ-дори омборида ҳам портлаш ва ёнғин юз берган эди. Ўшанда ҳам жабрланганлар қайд этилмаган.
Портлаш бўйича тергов ҳам давом этмоқда. Габрово прокуратураси бир нечта экспертиза тайинлаган, 11 нафар гувоҳ сўроқ қилинган. Болгария Давлат миллий хавфсизлик агентлиги — ДАНС ва полицияга қўшимча тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш топширилган. Терговчилар ҳозирча ҳодисанинг ҳеч бир эҳтимолий сабабини истисно қилмаган.
Аввалги ҳодисадан кейин олиб борилган тозалаш ишлари давомида ҳарбийлар 60 та портламаган турли калибрдаги ўқ-дорини топган. Улардан иккитаси жойида йўқ қилинган, шунингдек, қарийб икки тонна металл парчалари йиғилган. Ҳудудни тозалаш ишлари 8-сентябрда якунланган эди.

