«Болаларимизни мактаб партасига қайтардик» – президент
Давлат раҳбари бугунги кунда болалар ўқиши, изланиши, камол топиши ва катта орзулар билан яшаши учун шароит яратилганини таъкидлади.

«Болаларимизни мактаб партасига қайтардик» – президент
Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда мактабдаги йилларини ёдга олиб, ўша пайтларда ўқувчилар ҳар йили 4–5 ой пахта йиғимига сафарбар этилганини айтди.
«Мен 11 йиллик мактаб аттестатини олганман. Лекин 11 йил тўлиқ ўқимаганман. Мактабга борганман, аммо ҳар йили 4–5 ой пахтада бўлганман», – деди президент.
Давлат раҳбари болаларнинг ўқиши, изланиши, камол топиши ва катта орзулар билан яшаши учун барча шароит яратилганини таъкидлади.
«Таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғинидир», – деди президент.
Сўнгги ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар қурилди, 10 мингдан ортиқ боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилди.
Давлат раҳбари таълимда бинолар ва шароит билан бирга, энг аввало, мазмун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди.
«Биз болаларимизни пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтардик», – деди у ислоҳотларнинг энг катта натижаси ҳақида тўхталиб.
Ҳар бир бола ўқиши, изланиши, камол топиши ва катта орзулар билан яшаши керак. Бу орзулар амалга ошиши учун эса энг яхши дарсликлар, кучли ва малакали ўқитувчилар зарур.
«Биз бугун болага нимани берсак, эртага унинг натижасини мамлакат келажагида кўрамиз», – деди президент.

