Болалар учун турлича бўлиш нормал ҳолат эканлигини тушунишга ёрдам берадиган учта китоб
Агар кўра олмасангиз, яхши эшитмасангиз ёки ногиронлик аравачасисиз ҳаракатлана олмасангиз нима қилиш керак? Оғир касаллик севимли машғулот билан шуғулланишга халақит берса-чи? Дизайнер ва китобхон ота Азамат Шамузафаров турли ёшдаги болалар учун учта китоб танлади, уларнинг қаҳрамонлари қийинчиликларни енгиб ўтишади, оддий ҳаёт кечиришади ва муваффақиятга эришишади.

Болалар учун турлича бўлиш — нормал ҳолат эканини тушунишга ёрдам берадиган учта китоб
«Разные мы» («Биз турличамиз») номи ушбу китобнинг нима ҳақида эканини дарҳол айтиб турибди: у бир-бирига ўхшамайдиган болалар ҳақида.
Коля кўра олмайди ва ҳасса билан юради. Нинанинг эшитиши заиф, шунинг учун унга эшитиш аппаратлари ёрдам беради, қолаверса, у ишора тилини ҳам билади. Расм чизишни ва поездда юришни яхши кўрадиган Серафим ногиронлар аравачасида ҳаракатланади. Лёнянинг оиласида эса кўпчиликнинг маҳсулотларга аллергияси бор.
Китобда ягона сюжет йўналиши йўқ. Ҳар бир саҳифа янги қаҳрамонлар билан таништиради ва деярли ҳар бирининг исми, характери ва кичик тарихи бор. Аввал қаҳрамонлардан бири биринчи шахс номидан ўзи ҳақида қисқача гапиради, кейин эса оддий сўзлар билан ўзининг ўзига хослигини тушунтиради. Баъзан болалар организмнинг бошқа хусусиятлари — масалан, меланин, альбинизм ёки алопеция (инсонда соч бўлмаслиги) ҳақида ҳам гапириб беришади.
Бундан ташқари, китобда яқиндан кўра олмаслик нима сабабдан пайдо бўлиши, йўлбошловчи итлар нима учун кераклиги, ишора тили қандай тузилгани, хол витилигодан нимаси билан фарқ қилиши ва альбинизми бор одамлар нима учун қуёшга ўта сезувчан бўлиши тушунтирилади. Яъни, бу шунчаки хусусиятларнинг рўйхати эмас, балки ўқувчига гап нима ҳақида кетаётганини тушуниш осонроқ бўлиши учун улар ҳақидаги маълумотлар ҳамдир.
Масалан, маҳсулотларга аллергияси бор болалар қадоқлардаги таркибни диққат билан ўқишлари ёки ўзлари билан дори олиб юришлари керак. Бола аллергия нафақат овқатга, балки гул чангига, ҳашаротлар чақишига, ҳайвонлар юнггига ва ҳатто совуққа ҳам бўлишини билиб олади.
Китобда иллюстрациялар жуда кўп. Ҳар бир саҳифада — кичик бир ҳикоя: болалар ҳавзада сузишмоқда, оиласи билан байрам тушлигини тайёрлашмоқда, мусиқа тинглашмоқда, бозорда харид қилишмоқда ёки метрода кетишмоқда. Рассом Анна Ильченко болаларни саҳна ичида маҳорат билан «сингдириб юборади». Шу тариқа у кимнингдир ташқи кўринишидаги хусусиятларни ажратиб кўрсатмасдан, аслида ҳамма болалар бир хил эканини кўрсатади.
Аввалига оддий болаларни кўрасиз, кейин эса аравачани, эшитиш аппаратини, ғайриоддий холни ёки кўзларнинг турли рангда эканини пайқайсиз.
Сюжетлар болаларни уларнинг машғулотлари ва қизиқишлари орқали кўрсатади. Бўйи ўсишида нуқсони бор қаҳрамон архитектор бўлишни орзу қилади, аравачадаги қиз — тренер бўлишни, эшитиши заиф қиз эса мусиқани яхши кўради. Ҳатто гап ташқи кўринишдаги яққол кўзга ташланадиган хусусиятлар ҳақида кетганда ҳам, муаллифлар албатта ўша инсоннинг ўзи ҳақида яна нимадир қўшимча қилишади.
Бу қаҳрамонларни фақат ташхислар ва ташқи белгиларга боғлаб қўймасдан, уларни одатий жамиятга жалб қилишга ёрдам беради.
Расмлар услуби асоссиз равишда примитив туюлади, бу менинг шахсий дидимга мос келмайди, лекин харидорларнинг фикр-мулоҳазаларига қараганда, кўпчилик иллюстрацияларда ҳеч қандай камчилик кўрмайди.
Асосий эътироз — ҳажмга: китоб жуда юпқа ва тахминан йигирма дақиқада ўқиб чиқилади.
Норози ота-оналарнинг фикрига қўшилмай иложим йўқ: яхшилаб ёндашилганда, мавзуни кенгроқ очиб бериш ва ҳатто китоб буклетга камроқ ўхшаши учун уни бошқачароқ саҳифалаш мумкин эди. Бироқ сўнгги йилларда инклюзия мавзусидаги болалар адабиёти кам чиқмоқда, чунки бизда бу мавзуга ҳозирча талаб у қадар катта эмас. Кичик ассортиментдан танлашга тўғри келади.
Китобнинг асосий ютуғи шундаки, у қулай ва тушунарли шаклда болаларга бошқалардан фарқ қиладиган одамлар ҳақида сўзлаб беради, шу билан бирга бунда ҳеч қандай ғалати ёки ғайритабиий нарса йўқлигини кўрсатади.
Агар болангиз билан ушбу мавзуда гаплашмоқчи бўлсангиз, бу яхши вариант.
Агар биринчи китобда болаларнинг турли хусусиятлари ҳақида сўз борган бўлса, буниси туғилганидан бери кўра олмайдиган 12 ёшли Федя исмли бир боланинг тажрибасига қаратилган. «Видимо-невидимо» («Кўринар-кўринмас») китоби бошқа болалар кўзи ожиз тенгдошлари билан қандай дўстлашиш ва мулоқот қилишни яхшироқ тушунишлари учун унинг ҳаёти қандай тузилгани ҳақида ҳикоя қилади.
Китоб муаллифлари — Дмитрий ва Татьяна Комиссаровлар, Федянинг ота-онаси. Дмитрий — дизайнер ва иллюстратор, Татьяна — филолог. Улар реал ҳаётдан олинган ҳикоялар орқали ўғилларининг дунёси қандай тузилганини ва у кўрадиган одамлар дунёсидан нимаси билан фарқ қилишини тушунтиришади.
Кўзи ожиз бола қандай қилиб нонушта тайёрлайди? Мактабга қандай йиғилади? Нотаниш жойда қандай мўлжал олади? Уй вазифаларини қандай бажаради?
Китоб ушбу барча саволларга жавоб беради ва бола ўз ҳаётини кўзи ожиз тенгдошининг ҳаёти билан солиштириши мумкин.
Муаллифлар Федянинг қандайдир «фақат у учун мавжуд бўлган алоҳида дунёда» яшамаслигини жуда муваффақиятли кўрсатиб беришган. У деярли бошқа болалар қиладиган ишларни қилади, фақат бироз бошқачароқ: уйдаги буюмларнинг жойлашувини эслаб қолади, товушлар, ҳидлар ва оёқ остидаги юза орқали мўлжал олади, атрофда содир бўлаётган воқеаларга диққат билан қулоқ солади.
Шу билан бирга, китоб бош қаҳрамоннинг ҳаётини қийинчиликларга қарши чексиз кураш сифатида тақдим этишга уринмайди. Федя кўпинча ўз хусусиятларига хотиржам ва ҳатто ҳазил билан ёндашади. Баъзан у атрофдагиларга ўзи учун аён бўлган нарсаларни тушунтиришига, баъзан эса ёрдам сўрашига тўғри келади, лекин муаллифлар оддий болалар ташвишларига: уй вазифалари, мактаб, сайрлар, дўстлар билан мулоқотга ҳам кам эътибор қаратишмаган. Қаршимизда «кўзи ожиз бола» эмас, балки биринчи навбатда ўзининг қизиқишлари ва одатларига эга бўлган оддий бола тургани аён бўлади.
Нашрнинг сифатли безатилгани дарҳол кўзга ташланади — устида профессионал арт-директор ишлагани бежиз эмас. Иллюстрациялар бироз болаларча услубда бажарилган, лекин асосан француз рассоми Анри Матисснинг аппликацияларини эслатади. Ҳаётининг сўнгги йилларида соғлиғидаги муаммолар туфайли у мольберт қаршисида ишлай олмаган ва гуашь билан бўялган қоғоздан турли шаклларни қирқиб, улардан тасвирлар ярата бошлаган.
Иллюстрациялардан ташқари, ҳикояларни саҳифаланиши ҳам муваффақиятли қўллаб-қувватлайди. Ҳар бир боб икки қисмдан иборат: умумий тавсифга эга бўлган кириш матни ва қаҳрамон ҳаётидан олинган ҳикояларнинг ўзи.
Саҳифаларда бўш жойлар кўп. Ҳамма нарса хотиржам ва функционал кўринади — ҳеч нарса мазмундан чалғитмайди. Дмитрий Комиссаров китобга нафақат муаллиф сифатида, балки яхши дизайн ўқувчига ёрдам бериши кераклигини тушунадиган инсон сифатида ёндашгани кўриниб турибди.
Китобда болаларни албатта қизиқтирадиган кичик ўйин элементи ҳам бор. Битта саҳифада Брайль шрифтидаги ҳарфлар ва рақамлар кўрсатилган, шунинг учун нафақат кўзи ожиз одамлар қандай ўқишини билиб олиш, балки ўзи ҳам бирор нарса ёзиб кўриш мумкин.
Айтганча, кўзи ожиз болалар биз ўргангандек ёзишни ўрганишмайди. Аввал улар махсус асбоб билан нуқталарни ўнгдан чапга қараб босиб чиқишади, кейин эса варақни ағдариб, ҳосил бўлган матнни чапдан ўнгга қараб ўқишади. Бунинг боиси шундаки, Брайль ҳарфлари қалин қоғознинг орқа томонидан босиб чиқарилиши керак бўлган бўртиб чиққан нуқталардан иборат.
Ушбу китоб бутун оила учун фойдали бўлади. Болаларга у кўзи ожиз тенгдошлари билан ноқулайлик ва олдиндан шаклланган салбий фикрларсиз танишишга ёрдам беради, катталарга эса кўплаб одатий нарсаларга янгича қараш ва ҳамдардликни қандай намоён этишни яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Британиялик ёзувчи Жейн Кент таниқли шахслар, жумладан, Коко Шанель, Винсент Ван Гог, Чарльз Дарвин ва бошқаларнинг биографиялари акс этган бутун бир китоблар туркумини ёзган. Бизнинг шарҳимизда — дунёга машҳур британиялик олим-физик Стивен Хокингнинг биринчи шахс номидан ёзилган ҳаёти. Унга нисбийлик назарияси ва қора туйнуклар соҳасидаги илмий ишлари шуҳрат келтирган.
Китоб олимнинг болалигидан то қабргача (сўзма-сўз) қандай яшагани ва орзуси ортидан боришига тўсқинлик қила олмаган хасталик билан қандай курашгани ҳақида ҳикоя қилади.
Сиз Хокинг қандай оилада туғилгани, илм-фанга қандай қизиқиб қолгани ва бутун дунёга нафақат физик, балки илм-фан оммалаштирувчиси сифатида қандай танилганини билиб оласиз. Унинг китоблари орасида сиз ҳам ўқиган бўлишингиз мумкин бўлган бестселлер — «Вақтнинг қисқача тарихи» бор.
Стивен Хокинг ҳаракатлантирувчи нейронлар касаллиги ҳақида 21 ёшида, Кембридж университетининг Тринити-Холл коллежида ўқиб юрган кезларида билган. Шифокорлар унга икки ярим йил умри қолганини айтишган. Вақти қанчалик кам қолганини тушунган ёш олим докторлик даражасини олишга қарор қилган. Эҳтимол, дунё Хокингнинг келажакда физика соҳасида қиладиган энг муҳим кашфиётлари учун айнан шу оғир касалликдан қарздордир. Ташхис қўйилгунга қадар у ўқишга у қадар катта ҳаракат қилмаган.
Китобдан ўқувчилар нафақат олимнинг иши, кашфиётлари ва илм-фанни оммалаштириши, балки шахсий ҳаёти ҳақида ҳам билиб олишади. Кўпчилик Хокингнинг никоҳида бахтли бўлгани ва уч нафар фарзанди борлигини, шунингдек, ён амиотрофик склероз унинг ягона жиддий касаллиги бўлмаганини билмайди. Аввалига у ҳали гапира оларди, лекин кейинроқ овозини йўқотди. Ўшанда Калифорниялик дастурчилар у компьютер орқали мулоқот қила олиши учун дастур ёзиб беришди. Ҳозир бу оддий эшитилади, лекин 1985 йилда бундай ечимлар ҳали мавжуд эмас эди.
Тўлиқ ҳаракатсизлик ва тез орада ўлим кутишига қарамай, Стивен Хокинг севимли иши билан шуғулланишда давом этди ва нафақат илм-фанда, балки маданиятда ҳам из қолдиришга улгурди. У ўз аҳволига ҳазил билан ёндашарди, шунинг учун унинг образи машҳур мультсериаллар, фильмлар ва интернет-мемларда пайдо бўлди.
Хокингнинг қандай вафот этгани ва қаерга дафн этилгани ҳақида биринчи шахс номидан ўқиш бироз ғалати. Бироқ унинг ёш ўқувчиларга ўз ҳаётини туҳфа сифатида қадрлаш ва ундан максимал даражада фойдаланишга чақирган мурожаати жуда кучли таассурот қолдиради — гўёки Хокинг шахсан сизга мурожаат қилаётгандек.
Испаниялик иллюстратор Изабель Муньос бутун туркумни безатган. Хокинг тарихи бой иллюстрацияланган — расмлар ҳар бир саҳифада бор. Улардан кичик ёшдаги болаларга китоб мазмунини тушунтириш учун фойдаланиш қулай. Расмлар жуда ажойиб бўлмаса-да, кўз учун қулай ва ёқимли ранглар гаммасини қайд этиш мумкин.
Матнга ҳамроҳлик қилувчи тасвирлардан ташқари, биографиянинг расмийлаштирилган хронологияси ҳам бор бўлиб, у орқали болалар ўқиганларини такрорлашлари ва яхшироқ эслаб қолишлари мумкин. Ундан кейин саволлар рўйхати келади, уларга тўғридан-тўғри китобнинг ўзида жавоб бериш мумкин. Шу тариқа, муаллифлар ҳикоя ўқиб бўлинганидан кейин дарҳол ёддан чиқиб кетмаслиги учун ҳамма нарсани қилишган.
Китобнинг асосий қиймати — ўз орзуларига интилган, бутун дунёда тан олинишга эришган, миллионлаб одамларда илм-фанга муҳаббат уйғотган, оғир хасталикка таслим бўлмаган ва ҳаётини ҳеч кимга ўхшамайдиган тарзда яшай олган инсоннинг яққол мисолидадир.
Бу ерда илмий атамалар ва кашфиётлар анча оддий ва ҳатто юзаки тушунтирилган, шунинг учун тушунишда ҳеч кимда муаммо туғилмайди. Масалан, қора туйнук ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган қамоқхонага қиёсланади.
Албатта, биринчи синф ўқувчиларига физика билан боғлиқ мавзулар тушунарсиз бўлиши мумкин, лекин китобда улар у қадар кўп эмас. Уни 7 ёшдан ошган болаларга — биргаликда ўқиш учун ва 9 ёшдан ошган болаларга — мустақил ўқиш учун бемалол тавсия қилиш мумкин. Ота-оналарга эса Эдди Редмэйн иштирокидаги «Стивен Хокинг коиноти» (2014) биографик фильмини томоша қилишни маслаҳат бераман, у энг яхши эркак роли учун «Оскар», BAFTA ва «Олтин глобус» мукофотларини қўлга киритган.

