«Бола дудуқланса, уни койиманг» - мутахассис дудуқланиш сабаблари ва ота-оналарнинг хатолари ҳақида
Дудуқланишнинг давоси борми?Бола нима учундир гапираётганда тутилиб қолади, сўзларни такрорлайди ёки фикрини охиригача етказишга қийналади. Бундай вазиятда айрим ота-оналар уни шоширади, танбеҳ беради, ҳатто тўғри гапиришни талаб қилади. Аслида эса бу муносабат боладаги ҳаяжонни янада кучайтириши мумкин.

«Бола дудуқланса, уни койиманг» - мутахассис дудуқланиш сабаблари ва ота-оналарнинг хатолари ҳақида
Дудуқланиш нимадан келиб чиқади, унинг илк аломатлари қандай ва ота-оналар нималарга эътибор бериши керак?
Дудуқланиш — нутқ равонлигининг бузилиши бўлиб, бунда одам гапираётганда айрим товуш ёки бўғинларни қайта-қайта айтиши, чўзиши ёки сўзни бошлашда қийналиши мумкин. Бу ҳолат болаларда ҳам, катталарда ҳам учрайди.
Психолог Доно Қулунчакованинг айтишича, мутахассисларга дудуқланиш билан мурожаат қиладиганлар орасида икки ёшдан олти ёшгача бўлган болалар кўп учрайди.
«Икки ёшда боланинг нутқи энди шаклланаётган бўлади. Беш-олти ёшда эса боғчадаги янги гуруҳга ўтиш, мактабга тайёргарлик каби ўзгаришлар бошланади. Айрим болаларда шу жараёнлар қўрқув ва ҳаяжон билан кечади», - дейди мутахассис.
Унинг таъкидлашича, айниқса тортинчоқ, нотаниш одамлар орасида ўзини ноқулай ҳис қиладиган болаларда нутқ билан боғлиқ қийинчиликлар кучлироқ намоён бўлиши мумкин.
Бироқ дудуқланишни фақат боланинг характери ёки қўрқоқлиги билан изоҳлаш тўғри эмас. Унинг пайдо бўлишида ирсий ва нутқ ривожланиши билан боғлиқ омиллар ҳам муҳим.
Суҳбат давомида оиладаги носоғлом муҳит, ота-оналар ўртасидаги келишмовчиликлар ва болага нисбатан босим масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Доно Қулунчакованинг кузатишича, оилада тез-тез жанжал бўлиши, боланинг қўрқув ва доимий ҳаяжон билан яшаши унинг нутқига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Ёш ота-оналарда фарзанд тарбияси бўйича тажриба етишмаслиги мумкин. Турли жанжаллар, можаролар сабаб болада қўрқув пайдо бўлади», - дейди у.
Мутахассис болаларнинг телефон ва бошқа гаджетлардан меъёрдан ортиқ фойдаланишига ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, айрим оилаларда бола куннинг катта қисмини мултфилм ёки видеолар томоша қилиш билан ўтказади, катталар эса у билан етарлича мулоқот қилмайди.
«Бизга тўрт-беш ёшга кирган, ҳали нутқи шаклланмаган болаларни ҳам олиб келишади. Уйдагилар улар билан суҳбатлашмайди, гаплашмайди», - дейди психолог.
Дудуқланиш баъзан бирдан сезилиши, баъзан эса аста-секин кучайиши мумкин.
Доно Қулунчакова ота-оналар боланинг гапириш жараёнидаги ўзгаришларга эътиборли бўлиши кераклигини таъкидлади.
Унинг айтишича, айрим болалар нотаниш одамлар даврасига кирганда, кўпчилик олдида гапиришга тўғри келганда ёки ҳаяжонланганида сўзларни айтишга қийналади. Баъзан гапиришдан олдин кучли таранглик сезилади.
«Ота-оналар болаларининг хатти-ҳаракатларига катта эътибор беришлари керак. Шундай ҳолатларни сезишса, мутахассисларга мурожаат қилишлари лозим», - дейди психолог.
Боланинг нутқидаги ҳар қандай тутилиш дудуқланиш дегани эмас. Лекин такрорланишлар кўпайса, гапириш бола учун қийинлашса ёки у сўзлашдан қочишни бошласа, логопед ёки нутқ бузилишлари билан ишлайдиган мутахассисга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.
Суҳбатнинг муҳим қисмларидан бири дудуқланадиган болага катталар қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида бўлди.
Психологнинг айтишича, баъзи ота-оналар боласининг нутқидаги қийинчиликни сезгач, уни койиш ёки шошириш орқали муаммони ҳал қилишга уринади.
«Нимага дудуқланиб гапиряпсан?», «Тутилавермагин», «Тўғри гапиришни билмайсанми?», «Олдин бундай эмасдинг-ку» каби гаплар боладаги бу ҳолатни тезлаштиради.
«Бола онамдан ёки отамдан гап эшитмай деб, бу ҳолатни яширишга ҳаракат қилади. Яширган сари ундаги ҳаяжон янада кучайиши мумкин. Бу ота-оналарнинг энг катта хатоларидан бири», - дейди Доно Қулунчакова.
Мутахассис болага нутқидаги қийинчиликни доимий эслатиб турмасликни, у билан кўпроқ мулоқот қилишни, сайрга чиқишни ва кун тартибига риоя этишни тавсия қилди.
Энг муҳими, бола гапираётганда унинг сўзларига эмас, айтмоқчи бўлган фикрига эътибор қаратиш керак.
Дудуқланишнинг қизиқ жиҳатларидан бири — унинг турли вазиятларда турлича намоён бўлишидир.
Айрим болалар ота-онаси билан ёлғиз қолганда анча равон гапиради. Бироқ меҳмонга борганда, боғчада ёки нотаниш одамлар олдида нутқидаги тутилишлар кучаяди.
«Ота-оналар, уйда мен билан гаплашганда дудуқланмайди, лекин боғчага ёки меҳмонга борганда қаттиқ дудуқланади, дейишади. Чунки янги жой, нотаниш инсонлар, кўпчилик олдида бўлиш боладаги ҳаяжонни оширади», - дейди у.
Мутахассиснинг таъкидлашича, дудуқланиш мактаб ва боғчадаги муносабатлар таъсирида ҳам кучайиши мумкин.
Шу сабабли у ота-оналарга фарзандининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олишни, тарбиячи ва педагоглар билан ҳамкорлик қилишни, зарур бўлса, таълим муассасасидаги психолог ва логопедга мурожаат этишни тавсия қилди.
Кундалик ҳаётда кўп учрайдиган ҳолат: бола бирор сўзни айтишга қийналади, катталар эса унга ёрдам бериш ниятида гапини тугатиб қўяди.
Бир қарашда бу ғамхўрликдек кўринади. Бироқ мутахассис бундай қилишни тавсия этмайди.
«Уни сабр билан охиригача эшитиш керак. “Тезроқ гапир”, “Бўла қол”, “Нимага тутилаяпсан?” деган гаплардан воз кечиш лозим. Бола ўз фикрини ўзи тугатиши учун шароит яратиб бериш керак», - дейди психолог.
Унинг сўзларига кўра, болани шошириш унинг ҳаяжонини кучайтириши мумкин.
Шунинг учун катталар боланинг гапини бўлмаслиги, унинг ўрнига жавоб бермаслиги ва фикрини ифодалаши учун етарлича вақт ажратиши муҳим.
Суҳбатда дудуқланишнинг ирсий омиллари ҳам муҳокама қилинди.
Доно Қулунчакованинг айтишича, айрим болаларда дудуқланишга мойиллик оилавий хусусиятга эга бўлиши мумкин. Масалан, ота ёки онасида шундай ҳолат кузатилган бўлса, болада ҳам такрорланиши мумкин.
«Болада дудуқланиш сезилганда, “отасида ҳам бўлган эди” ёки “онасида ҳам бўлган эди” деган маълумотни яшириш керак эмас. Буни яшириш орқали болага ёрдам бериб бўлмайди», - дейди у.
Дудуқланишни бартараф этиш учун қанча вақт кераклиги ҳам ота-оналарни қизиқтирадиган асосий саволлардан бири.
Доно Қулунчакованинг айтишича, эрта мурожаат қилинган айрим ҳолатларда бир неча ой давомида ижобий ўзгариш кузатилиши мумкин.
У ўз амалиётида боланинг ҳолатига қараб психолог, логопед-дефектолог ва невролог иштирокида иш олиб борилишини таъкидлади.
Лекин «Баъзи ота-оналар бир ой машғулотга қатнайди, боласи яхшироқ гапира бошласа, ҳаммасини тўхтатиб қўяди. Даволаш жараёни тўлиқ тугатилмаса, дудуқланиш 100% яна қайталанади», - дейди мутахассис.
Унинг фикрича, мутахассис билан бошланган ишни ўзбошимчалик билан тўхтатмаслик муҳим.
Шу билан бирга, барча болалар икки-уч ойда тўлиқ тузалади, деб кафолат бериш мумкин эмас. Натижа дудуқланишнинг хусусиятлари, давомийлиги ва боланинг индивидуал ҳолатига боғлиқ. Дори воситалари ҳам дудуқланишнинг ҳар бир ҳолатида шарт эмас; улар фақат тегишли тиббий кўрсатмалар бўлганда шифокор томонидан белгиланади.
Суҳбат якунида Нигора Ҳасанова мутахассисдан ота-оналар учун энг муҳим тавсияни сўради.
Доно Қулунчакова бу борада оиладаги муносабатлар алоҳида рол ўйнашини таъкидлади:
«Энг аввало, оилада чиройли муҳит яратиш керак. Тинч, сокин муҳит. Болажонларимизни яхши кўришимиз, уларни кўпроқ қучоқлашимиз керак».
Дудуқланадиган бола учун энг оғир вазиятлардан бири — атрофдагиларнинг кулиши ёки катталарнинг танбеҳидир.
Бундай пайтда болага «тўғри гапириш»ни талаб қилишдан кўра, уни хотиржам тинглаш, фикрини охиригача айтишига имкон бериш ва зарур мутахассис ёрдамини ташкил этиш муҳимроқ.
Дудуқланиш боланинг ақлий қобилияти ёмонлигини англатмайди. Энг муҳими, унинг нутқидаги қийинчиликни айбга айлантирмаслик ва болани бу муаммо билан ёлғиз қолдирмасликдир.

