Боғчаларга эҳтиёж ортаётган бир пайтда Қашқадарёдаги тўртта «Эркатой» сотувга чиқарилди
Қашқадарёда «Шўртан» газ-кимё мажмуаси тасарруфидаги тўртта «Эркатой» боғчаси сотувга қўйилди. Янги харидорларга боғча фаолиятини давом эттириш мажбурияти юкланмаган. Хусусийлаштириш «Ўзбекнефтгаз»ни молиявий соғломлаштириш дастури доирасида амалга ошириляпти. Таълим муассасалари ёпилиши ортидан юзлаб болалар бошқа жойга кўчириляпти, ўнлаб педагоглар эса ишсиз қолган.

Боғчалар етишмаётган бир вақтда Қашқадарёдаги тўртта «Эркатой» сотувга қўйилди
Ўзбекистонда аҳоли сони ортиб бораётгани сабаб мактаб ва боғчаларга тушаётган юклама ҳам йил сайин кучайиб, бола ўрни танқислиги янада чуқурлашмоқда. Шундай вазиятда Қашқадарё вилоятидаги «Шўртан» газ-кимё мажмуаси балансидаги «Эркатой» номли 4 та боғча сотувга чиқарилди.
«Эркатой-1» боғчаси Нишон тумани «Кимёгар» МФЙ Адолат кўчаси 68-уйда жойлашган. Боғча 140 ўринли, ер майдони 1,28 гектар. Бино ва иншоотларнинг умумий эгаллаган майдони 2243 квадрат метрни ташкил этади. Бошланғич нархи — 11 млрд 438 млн сўм.
«Эркатой-2» боғчаси Нишон тумани «Кимёгар» МФЙ Адолат кўчаси 99-уйда жойлашган. Боғча 140 ўринли, ер майдони 1,12 гектар. Бино ва иншоотларнинг умумий эгаллаган майдони 2317 квадрат метр. Бошланғич нархи — 11 млрд 333 млн сўм.
«Эркатой-3» боғчаси Қарши шаҳри «Нефтчи» МФЙ Жайҳун кўчаси 11-уйда жойлашган. Боғча 150 ўринли, ер майдони 0,96 гектар. Бино ва иншоотларнинг умумий эгаллаган майдони 4006 квадрат метр. Бошланғич нархи — 34 млрд 882 млн сўм.
«Эркатой-4» боғчаси Ғузор тумани «Мустақиллик» МФЙ Мустақиллик кўчаси 235-уйда жойлашган. Боғча 140 ўринли, ер майдони 0,53 гектар. Бино ва иншоотларнинг умумий эгаллаган майдони 2114 квадрат метр. Бошланғич нархи — 10 млрд 540 млн сўм.

