Лайфстайл

Бобурийлар изидан: Покистоннинг бой тарихи ва туризм имкониятлари

Покистон деганда кўпчиликнинг кўз олдига баланд тоғлар, Исломобод ёки гавжум шаҳарлар келади. Аммо мамлакатни яқиндан

**Бобурийлар изидан: Покистоннинг бой тарихи ва туризм имкониятлари**

Покистон дейилганда кўпчиликнинг хаёлига баланд тоғлар, Исломобод ёки гавжум шаҳарлар келади. Бироқ мамлакатни яқиндан кўрганимизда, унинг сайёҳлик салоҳияти бундан анча кенг эканига амин бўлдик. Айниқса, Лаҳор — тарих ихлосмандлари учун алоҳида бир дунё.

Покистонга сафаримиз давомида Исломободдан сўнг Лаҳорда ҳам бўлдик. Бу шаҳарга киришингиз билан муҳит дарҳол ўзгаради. Исломобод замонавий ва тартибли шаҳар сифатида таассурот қолдирса, Лаҳорда тарих ҳар қадамда сезилиб туради.

Бу бежиз эмас. Асрлар давомида Лаҳор минтақанинг муҳим сиёсий ва маданий марказларидан бири бўлиб келган. Айниқса, Бобурийлар даври шаҳар тарихида чуқур из қолдирган.

### Эски Лаҳор — очиқ осмон остидаги тарих

Сафаримиз чоғида Лаҳорнинг Эски шаҳар қисмига ҳам бордик. Тор кўчалар, бир-бирига деярли туташиб кетган эски уйлар, ёғоч деразалар, қадимий эшиклар, бозорлар... Бу ерда тарих музей витринасида эмас. У ҳануз одамлар ҳаёти билан ёнма-ён яшаб келмоқда.

Лаҳорнинг девор билан ўралган қадимий қисми Бобурийлар даврида айниқса ривожланган. Акбар даврида шаҳар деворлари мустаҳкамланиб, дарвозалар қурилган. Кейинги Бобурий ҳукмдорлар даврида эса масжидлар, саройлар, боғлар ва бошқа меъморий иншоотлар бунёд этилган.

Бугун ана шу тарих Лаҳорнинг энг катта сайёҳлик бойликларидан бири ҳисобланади.

### Девони аам — подшоҳнинг халқни қабул қилиш зали

Лаҳор қалъасидаги Девони аам Бобурийлар даврида подшоҳнинг очиқ қабул маросимлари ўтказиладиган жой бўлган. Иншоот Шоҳ Жаҳон даврида, 1631–1633 йилларда қурилган. У 40 устунли катта зал бўлиб, бу ерда ҳукмдор халқ ва амалдорлар билан учрашган, мурожаатларни тинглаган.

### Мумтоз Маҳал етиб келолмаган сарой

Лаҳор қалъасидаги энг қизиқарли иншоотлардан яна бири — Шиш Маҳал, яъни Ойналар саройи.

Бу бинонинг тарихи муҳаббат ва айрилиқ ҳақидаги ҳикоя билан боғлиқ.

Шоҳ Жаҳон уни севимли рафиқаси Мумтоз Маҳал учун қурдиргани айтилади. Сарой деворлари майда ойналар, нақшлар ва безаклар билан ишланган. Маҳаллий манбаларда ҳатто бир шам ёқилса, унинг нури кўплаб ойналарда акс этиб, бутун хонани ёритгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Аммо Мумтоз Маҳал бу саройда яшашга улгурмаган. У 1631-йилда вафот этган. Шиш Маҳал эса Шоҳ Жаҳон даврида барпо этилган энг нафис сарой иншоотларидан бири бўлиб қолган.

Мумтоз Маҳал номи кейинчалик дунёдаги энг машҳур бинолардан бири — Аградаги Тож Маҳал билан боғланди.

Лаҳордаги Шиш Маҳал эса ана шу тарихнинг яна бир саҳифасини сақлаб турибди.

### Наулакҳа — саройдаги нафис павилон

Шиш Маҳал ҳовлисида эътиборимизни тортган яна бир иншоот — Наулакҳа павилони бўлди.

Оқ мармардан қурилган бу кичик, аммо жуда нафис бино Шоҳ Жаҳон даврида, ХВИИ асрнинг 30-йилларида барпо этилган. Унинг номи ҳам қизиқ: расмий маълумотларга кўра, қурилишга ўша даврда тўққиз лакҳ рупий сарфлангани учун «Наулакҳа» деб аталган. Павилон қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар билан безатилган.

Наулакҳа Шиш Маҳал ҳовлисининг ғарбий қисмида жойлашган. Бир қарашда унинг эгри шаклдаги томи ва оқ мармар безаклари бошқа бинолардан ажралиб туради.

Павилон олдидаги ҳовли ҳам ўзига хос. Унинг марказида саёз ҳовуз ва мармар майдонча бор.

Тарихий мажмуа ҳақидаги расмий маълумотларда бу ҳовузда тўртта фаввора ва унга сув олиб келган тўртта ариқ бўлгани қайд этилади.

Биз борганимизда ҳовуздаги қора тошдан ишланган юраксимон безаклар ҳам диққатимизни тортди. Оқ мармар фонидаги бу қора нақшлар ҳовлига алоҳида кўрк бағишлаб туради.

Бизга берилган тушунтиришларга кўра, ҳовуз марказидаги мармар майдонча саройдаги томошалар, жумладан, раққослар чиқиши учун ҳам ишлатилган. Ҳукмдор ва сарой аҳли эса атрофда ўтириб, мусиқа ва рақсларни томоша қилган.

Шу ерда туриб, бир неча аср аввал бу ҳовлида фавворалар ишлаганини, мусиқа янграганини ва сарой аҳли учун турли томошалар ўтказилганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бугун эса бу жой Лаҳор қалъасининг энг гўзал ва сайёҳларни ўзига тортадиган нуқталаридан бирига айланган.

### Бадшоҳий масжиди — нафақат меъморчилик, балки акустика мўжизаси

Лаҳордаги энг таъсирли манзиллардан бири — Бадшоҳий масжиди. У Бобурий ҳукмдор Аврангзеб даврида 1671–1673 йилларда қурилган. Қизил қумтош, оқ мармар, улкан гумбаз ва миноралар масжидга ўзига хос салобат беради.

Аммо бизни бу ерда фақат бинонинг кўриниши эмас, унинг акустикаси ҳам ҳайратга солди.

Ҳозир катта масжидларда овоз кучайтиргичлар одатий ҳол. ХВИИ асрда эса микрофон ҳам, электр ҳам бўлмаган. Шунга қарамай, Бадшоҳий масжидининг намоз зали шундай ҳисоб-китоб билан қурилганки, имомнинг овози кенг ҳудудга аниқ тарқалган. Гумбазлар, равоқлар ва деворларнинг шакли товушни йўналтиришга хизмат қилган. Тадқиқотларда ҳам масжиднинг марказий залида овоз тарқалишининг ўзига хос хусусияти борлиги қайд этилган.

Бу ерда ташриф буюрувчиларга қизиқ тажриба ҳам кўрсатилади: бир нуқтада паст овозда айтилган гап залнинг бошқа қисмида ҳам эшитилиши мумкин. Саёҳатчилар ҳақидаги ҳисоботларда гидлар гумбазли шифтлар орқали товуш қандай тарқалишини амалда намойиш қилиши қайд этилган.

Бунинг сири оддий «акс-садо»да эмас. Бинонинг ўлчами, гумбазлар тузилиши ва ички меъморий ечимлар товушнинг йўқолиб кетмасдан тарқалишига ёрдам беради. Шу боис юзлаб йиллар олдин ҳам имомнинг қироати ва хутбасини катта жамоат эшита олган.

Бадшоҳий масжидида турганда Бобурийлар меъморчилиги фақат чирой учун яратилмаганини ҳис қиласиз. Ҳар бир гумбаз, равоқ ва деворда амалий ҳисоб-китоб ҳам бор. Масжиднинг акустикаси эса бунинг энг қизиқ мисолларидан бири.

### Иқбол қабри зиёрати

Бадшоҳий масжиди яқинида Покистон тарихида алоҳида ўрин тутган шоир ва мутафаккир Муҳаммад Иқболнинг қабри жойлашган.

Биз ҳам у ерни зиёрат қилдик.

Покистонликлар Иқболни катта ҳурмат билан тилга олади. Уни «Шарқ шоири» ва «Покистон мутафаккири» деб аташади. Иқбол 1938-йил 21-апрелда Лаҳорда вафот этган. Унинг мақбараси Бадшоҳий масжиди соясида, Ҳазурий боғи ҳудудида жойлашган.

Иқбол ижодининг яна бир жиҳати бизга яқин: унинг шеъриятида Шарқ тарихи, ислом фалсафаси ва Жалолиддин Румийга бўлган эҳтиром муҳим ўрин тутади.

Шу боис Иқбол қабри зиёрати биз учун оддий туристик манзил эмас, балки Покистон маънавий ҳаётини англашга хизмат қилган бир манзил бўлди.

### Покистон туризм учун нимани таклиф қила олади?

Покистоннинг туристик имкониятлари фақат тарихий шаҳарлар билан чекланмайди.

Мамлакатнинг шимолида Каракорум тоғлари, жанубида Ҳинд дарёси делтаси, турли водийлар ва табиий ҳудудлар бор. Трекинг, алпинизм ва тоғ туризми Покистон туризмининг муҳим йўналишларидан саналади. Расмий туризм ташкилоти ҳам мамлакатнинг табиий ва маданий меросини туризмни ривожлантиришда асосий ресурс сифатида кўради.

Бундан ташқари, Таксила ва Ҳараппа каби қадимий археологик ёдгорликлар, сўфийлик зиёратгоҳлари, тарихий масжидлар ва Бобурийлар мероси ҳам хорижий сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотиши мумкин.

Лаҳор қалъаси ва Шалимар боғлари эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу икки обьект Бобурийлар меъморчилигининг энг муҳим намуналаридан ҳисобланади.

### Ўзбекистонлик сайёҳ учун таниш тарих

Лаҳорда юрганда яна бир нарсани ҳис қиласиз: бу тарих биз учун мутлақо бегона эмас.

Бобур Фарғонада туғилган. У асос солган сулола кейинчалик Ҳиндистон яриморолида улкан давлат барпо этди. Унинг авлодлари қурдирган саройлар, масжидлар ва боғлар бугун Покистон ва Ҳиндистоннинг энг машҳур тарихий обидалари қаторида туради.

Шу маънода Покистонга келган ўзбекистонлик сайёҳ фақат бошқа мамлакат тарихи билан танишмайди. У маълум маънода Марказий Осиёдан бошланган тарихнинг давомини ҳам кўради.

Лаҳорда бу боғлиқлик айниқса яққол сезилади.

Эски шаҳар кўчалари, Лаҳор қалъаси, Шиш Маҳал, Бадшоҳий масжиди ва бошқа ёдгорликлар биргаликда катта бир тарихий манзарани ҳосил қилади.

Покистон учун эса ана шу меросни яхши сақлаш, уни хорижда кенгроқ танитиш ва сайёҳ учун қулай йўналишларга айлантириш катта имкониятдир.

Чунки Лаҳорда тарихни фақат ўқиб эмас, унинг ичида юриб ҳис қилиш мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.