БМТда 80 та давлат Эронни қоралаб, Ҳормузни қайта очишни талаб қилди

БМТда 80 та давлат Эронни қоралаб, Ҳормузни қайта очишни талаб қилди
24-сентябр куни БМТ Бош ассамблеяси сессияси доирасида қарийб 80 мамлакат Ҳормуз бўғозини зудлик билан қайта очишга чақирди. Улар Эрон ва унинг иттифоқчиси бўлган ҳусийларнинг минтақадаги ҳужумлари халқаро савдо ҳамда энергетика хавфсизлигини издан чиқараётганини кескин қоралади.
“Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги ҳаракатлари халқаро хавфсизлик, шунингдек, кемаларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи ва эркинлигига таҳдид солишда давом этмоқда”, дейилади БМТда Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид аз-Заяни ўқиб эшиттирган қўшма баёнотда.
Ҳужжатда ҳусийларнинг Яманда можароларни қайта бошлаш қарори, Саудия Арабистонига уюштираётган узлуксиз зарбалари ҳамда Қизил денгиздаги ҳужумлари қатъий қораланди.
Мазкур баёнотни Форс кўрфазидаги араб давлатлари ва Ғарбнинг етакчи мамлакатлари қўллаб-қувватлади. Унда ҳусийларнинг Боб ал-Мандаб бўғозига томон силжиши халқаро юк ташиш, денгиз хавфсизлиги ва глобал савдо учун хавфларни янада кучайтириши таъкидланди.
Эрон ва ҳусийлар эса ўз ҳаракатларини мудофаа ва ўзини ҳимоя қилиш билан изоҳламоқда. Куни кеча Эрон президенти Масъуд Пезешкиён БМТ минбарида нутқ сўзлаб, Эрон АҚШ олдида тиз чўкмаслигини айтганди. У Ислом Республикаси терроризм қурбони бўлганини таъкидлаган. Унинг нутқи вақтида АҚШ делегацияси залдан чиқиб кетган.

