Дунё

БМТ Хавфсизлик Кенгаши янги бош котиб номзоди бўйича келишувга эриша олмади

БМТнинг амалдаги бош котиби Антониу Гутерришнинг ваколатлари 2026-йил охирида тугайди. Ташкилотнинг янги раҳбари 2027-йил 1-январдан ўз вазифасини бажаришга киришиши керак.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши янги бош котиб номзоди юзасидан келишувга эриша олмади

Ассосиатед Пресс ўз манбаларига таяниб хабар беришича, БМТ Бош котиби лавозимига кўрсатилган етти номзоднинг ҳеч бири Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга барча доимий аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмаган.

Янги бош котиблик учун асосий даъвогарлар сифатида БМТнинг савдо бўлинмаси раҳбари, коста-рикалик Ребека Гринспан, Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари, аргентиналик Рафаел Гросси ҳамда Гаянанинг БМТдаги доимий вакили Керолин Родригес-Биркетт тилга олинмоқда.

Хабарда қайд этилишича, сўнгги бир неча ҳафта давомида АҚШ маъмурияти вакиллари номзодларнинг ҳеч бири «идеал» эмаслигига ишора қилган. Вашингтон ташкилотни тубдан ислоҳ қилишга, шунингдек, БМТнинг бир қатор тузилмаларидан чиқишга ёки чиқишни режалаштиришга эътибор қаратган.

Шунга қарамай, АҚШ расмийлари Вашингтон номзодлардан бирини қўллаб-қувватлаши мумкинлигини инкор этмаяпти. АП манбаларига кўра, АҚШнинг позицияси яқин кунларда маълум бўлади.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Майк Уолц ташкилотга БМТни тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш деган дастлабки мақсадига қайтара оладиган «кучли ва фаол раҳбарият» зарурлигини таъкидлади.

«Бу ташкилот 80 йил давомида ҳамма учун ҳамма нарса бўлишга уринди. Биз уни, таъбир жоиз бўлса, парҳезга ўтқиздик - парҳездан кейин барчамизнинг аҳволимиз бироз яхшиланди. Энди эса уни яна тинчлик ва хавфсизлик масалаларига йўналтиришимиз керак», - деди Уолц.

АП ёзишича, анъанага кўра БМТ бош котиби лавозими навбатма-навбат турли минтақалар вакилларига ўтади ва ҳозир навбат Лотин Америкасига келган.

Шу билан бирга, Уолц ва Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя янги номзодлар пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.