Маҳаллий

БМТ минбаридаги нутқ, яшил ҳудуд ўрнига автотураргоҳ ва беқарор пропан - ҳафта дайжести

Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолигига номзодлигини эълон қилди. Экспертизасиз лойиҳа: пойтахт марказидаги яшил ҳудуд автотураргоҳ учун ауксионга чиқарилмоқда. Ўзбекистонда ҳар 100 нафар қиз чақалоққа ўртача 108 ўғил чақалоқ тўғри келмоқда. Биржада пропан қимматлаб кетди. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.

БМТ минбаридаги чиқиш, яшил ҳудуд ўрнидаги автотураргоҳ ва беқарор пропан — ҳафта дайжести

Саида Мирзиёева БМТ минбарида нутқ сўзлади

Ҳафтанинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бири Ню-Ёркда юз берди: БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасидаги умумий сиёсий мунозараларда бу йил Ўзбекистон номидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сўзга чиқди.

Ўзбек тилида янграган нутқдаги асосий янгилик — Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2035–2036-йиллардаги доимий бўлмаган аъзолигига номзодини қўйгани бўлди. Саида Мирзиёева, шунингдек, мамлакатимиз келаси йилдан Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишини эслатиб, кескинлик кучайган бир пайтда бу ҳаракатни мулоқот майдонига айлантириш ниятини билдирди.

Нутқда БМТнинг самарадорлиги масаласи алоҳида таъкидланди. “Бизга қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак”, – деди Президент Администрацияси раҳбари.

Шунингдек, олий минбардан Афғонистонга фақат таҳдид манбаи сифатида қараш керак эмаслиги, Орол фожиаси эса табиий офат эмас, балки узоқ йиллик нотўғри сиёсат оқибати экани ҳақидаги фикрлар ҳам билдирилди.

Саида Мирзиёева 23-сентабр куни Гоогле вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, Ўзбекистонда ЁуТубе монетизациясини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди. Эслатиб ўтамиз, ЁуТубе 2021-йил майидан бери ўзбекистонлик контент муаллифларига даромад тўламайди, Марказий Осиёда бу имконият ҳозир фақат Қозоғистонда мавжуд; ўтган йил декабрида АҚШ элчиси Жонатан Ҳениг бунга шахсга доир маълумотларни маҳаллийлаштириш талаби ва тўлов тизимларидаги чекловлар тўсқинлик қилаётганини айтган эди. Учрашувда Саида Мирзиёева айнан шу йўналишлар — шахсга доир маълумотлар ва рақамли тўловлар бўйича қонунчилик яқинда такомиллаштирилганини таъкидлади; Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисобига кўра, монетизация очилса, 20 мингдан ортиқ ўзбек видеоблогери йилига 30–50 млн доллар қўшимча даромад олиши мумкин.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 17-сентабрдаги кўрсатмаси билан биржа савдоларида суюлтирилган газни сотиш нархининг ошишига қўйилган чеклов бекор қилинди. Натижада 17–18-сентабр савдоларида бир тонна пропаннинг улгуржи нархи 7 млн 412 минг сўмдан 12 млн 217 минг сўмга, яъни 64,8 фоизга кўтарилди. Нарх биринчи куннинг ўзида 60,6 фоизга сакраган.

Ишлаб чиқарувчи ва импортчиларнинг бошланғич таклифи тоннасига 7,5 млн сўмдан ошмаслиги ҳақидаги талаб сақланиб қолди, бироқ энди савдо жараёнида нарх юқорига чекловсиз кўтарилиши мумкин. Эътиборлиси, чеклов олиб ташлангач, биржада сотилган газ ҳажми ҳам 666 тоннадан 1114 тоннага — 67 фоизга ошди. Бу нарх қатъий чекланган шароитда сотувчиларнинг бир қисми газни биржага чиқаришдан тийилиб келганини кўрсатиши мумкин. Бошқача айтганда, танқислик муаммоси нарх ҳисобидан ҳал қилинмоқда.

Биржадаги сакраш чакана нархга қандай таъсир қилиши ҳали тўлиқ аниқ эмас. Autostrada.uz нашрининг ҳисоб-китобига кўра, август ойида заправкаларда пропаннинг литри 8 800 сўмгача сотилган бўлса, улгуржи нархларнинг ошиши фонида чакана нарх 11 400 сўмдан паст бўлмаслиги мумкин. Бу нафақат пропанда юрадиган автомобиллар эгаларига, балки қиш арафасида табиий газ етиб бормаган ҳудудларда овқат пишириш ва иситиш учун баллондаги газдан фойдаланадиган хонадонларга ҳам таъсир қилади.

Эслатиб ўтамиз, биржада пропан нархига чекловлар 2024-йил ноябрда, бир тонна маҳсулот нархи 10,1 млн сўмдан ошиб кетгач жорий этилганди. Жорий йил 12-январдан эса рухсат этилган ўсиш 20 фоиздан 10 фоизга туширилганди.

Электр узилишлари ҳақида гап кетганда, кўпинча аҳоли хонадонлари назарда тутилади. Бу ҳафта эса Kun.uz Сергели туманидаги тадбиркорларнинг муаммосини ёритди: улар ер усти метроси остидаги янги бинодан ижарага олган дўконларида қарийб икки ойдан бери электр энергиясиз қолишган.

Тадбиркорларнинг айтишича, дўконлар қоронғи, савдо деярли тўхтаган, ижара ҳақини эса барибир тўлашга тўғри келмоқда. “Ҳозирги кунда «свет» йўқлиги учун шу пулни қаердан олсам экан, деб ўтирибман”, – дейди ойига 500 доллар ижара тўлайдиган тадбиркорлардан бири. Уларга аввал муаммо бир ҳафтада ҳал қилиниши ваъда қилинган, аммо орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ эса вазиятни қурувчи ташкилот ишни охирига етказмагани билан изоҳламоқда. Корхонага кўра, бинога берилган вақтинчалик электр таъминоти фақат қурилиш ишлари учун мўлжалланган, обьектни фойдаланишга топширишдан олдин тегишли электр инфратузилмасини яратиш эса қурувчининг мажбурияти. Натижада электр тармоқлари ва пудратчи ўртасидаги масала ҳал бўлмагунча, ижарачи тадбиркорлар шу ҳолатда қолиб кетмоқда.

Қизиғи, ер усти метроси остидаги майдонларни бизнесга бериш ғояси ҳозир кенг тарғиб қилинмоқда: июл ойи бошида пойтахтни ривожлантиришга бағишланган йиғилишда метро линиялари остида 400 га яқин янги бизнес обьекти, жумладан Сергелидаги 8,5 километрлик участкада 137 та обьект ташкил этиб, 1–1,5 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги айтилган эди. Лекин “свет”и йўқ дўкон на иш ўрни, на солиқ беради.

Ҳафта охирида энергетика тизими яна бир синовга дуч келди. 25-сентабр тонгида Сирдарё вилоятида ЭДФ компаниясига тегишли, айни пайтда синов-созлаш ишлари олиб борилаётган 1600 МВт қувватли янги иссиқлик электр стансияси авариявий ўчди. Натижада республиканинг айрим ҳудудларида қишлоқ хўжалиги сув насослари ва хонадонлар электр таъминотида узилишлар кузатилди. Кейинроқ истеъмолчилар босқичма-босқич қайта уланди, масъуллар узр сўради.

Пойтахт марказидаги яна бир яшил ҳудуд тақдири жамоатчиликни хавотирга солди. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 14-сентабрдаги қарори билан Миллий кутубхона ортидаги — Ҳятт Регенсй меҳмонхонаси, Мустақиллик майдони ва Молия вазирлиги биноси оралиғидаги 1,3 гектарлик кўкаламзор ҳудуд пулли автотураргоҳ ташкил этиш учун ауксионга чиқарилмоқда. Бошланғич нарх — 514,2 млн сўм: ғолиб ҳудуддан 10 йил фойдаланади ва камида 10 млрд сўм инвестиция киритиши керак.

Лойиҳа муаллифлари мавжуд дарахтлар сақланиши, 1000 дан ортиқ янги дарахт ва бута экилиши, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилишини ваъда қилмоқда. Расмийларга кўра, мақсад — марказдаги машиналар сонини ошириш эмас, балки мавжуд оқимни тартибга солиш.

Бироқ бу важ кўпчиликни ишонтирмади. Davletov.uz Телеграм-канали муаллифи Қобил Хидиров лойиҳани “кўзни шамғалат қилишдан бошқа нарса эмас” деб атади, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса бу қарорни “саволли” деб баҳолади. Яна бир экспертнинг фикрича, автомобиллар учун жойлар кўпайгани билан марказдаги юклама камайиши даргумон.

Энг эътиборлиси, лойиҳага давлат идораларининг ўзи ҳам эътироз билдирди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси лойиҳа бўйича экологик экспертиза хулосаси йўқлигини, дарахтлар ва кўкаламзор ҳудудларга таъсир қиладиган ҳеч қандай иш экспертизасиз бажарилиши мумкин эмаслигини маълум қилди. Қўмитага кўра, янги кўчатлар кекса дарахтларнинг экологик ва иқлимий аҳамиятини тўлиқ ўрнини боса олмайди. Урбанизация бўйича миллий қўмита ҳам шаҳар марказидаги яшил ҳудудларни қисқартиришни мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобламоқда.

Бу баҳс президент ҳузурида “Яшил макон” лойиҳаси муҳокама қилинган кунларга тўғри келгани ҳам эътиборга молик. 21-сентабрдаги тақдимотда “3-30-300” тамойили илгари сурилди: ҳар бир инсон уйи ёки иш жойидан камида учта дарахтни кўра олиши, турар жой ҳудудининг 30 фоизи дарахтлар соясида бўлиши ва уйдан 300 метр масофада яшил дам олиш маскани бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, август ойида пойтахт ҳокими илгари автотураргоҳ учун ажратилган кўплаб ерларда бизнес марказлар қурилиб кетганини тан олиб, бундай хатолар такрорланмаслигини ваъда қилган эди. Энди эса тураргоҳ муаммоси шаҳар марказидаги яшил ҳудуд ҳисобидан ҳал қилинмоқчи.

Ўзбекистонда ўғил болалар қизларга нисбатан сезиларли даражада кўпроқ туғилмоқда. Kun.uz очиқ маълумотлар асосида ўтказган таҳлилга кўра, 2010–2025-йилларда мамлакатда 12 млн 487 минг чақалоқ дунёга келган, шундан 6 млн 482 минги ўғил, 6 млн 4 минги қиз. Яъни 16 йилда ўғил болалар 478 мингга кўп туғилган: ҳар 100 нафар қиз чақалоққа ўртача 108 нафар ўғил бола тўғри келмоқда. Бу тафовут энг катта бўлган йил — 2018-йил (ўғил болалар 10,4 фоиз кўп туғилган), энг кичиги — 2025-йил (7 фоиз).

Ҳудудлар кесимида фарқ Қашқадарё (8,98 фоиз), Наманган (8,64 фоиз) ва Жиззахда (8,33 фоиз) энг юқори, Қорақалпоғистонда (6,76 фоиз) эса энг паст. Шаҳарлар орасида Оҳангарон (16,4 фоиз) ва Бекобод (12,1 фоиз) алоҳида ажралиб туради.

Қайд этиш керак, туғилишдаги табиий нисбат одатда ҳар 100 қизга 104–106 ўғил атрофида бўлади. Ўзбекистонда кўрсаткичнинг узоқ йиллардан бери бу чегарадан юқори сақланиб келаётгани расмий изоҳ ва чуқурроқ тадқиқот талаб қилади: халқаро амалиётда бундай оғиш кўпинча ҳомиланинг жинсини олдиндан аниқлаб, танлаб туғиш ҳолатлари билан боғлиқ ҳолда ўрганилади.

Бунинг устига, туғилишлар сонининг ўзи ҳам камаймоқда. Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025-йилда 879,6 минг чақалоқ туғилган — 2024-йилга нисбатан 46,8 мингта кам. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса 373,4 минг чақалоқ дунёга келган, бу ўтган йилнинг шу давридагидан 32,1 мингта (7,9 фоиз) кам. “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти прогнозига кўра, йил якунида бу рақам 800 минг атрофида бўлиши мумкин.

Демографик ўзгаришлар ўтган ҳафта муҳокамага қўйилган пенсия ислоҳоти лойиҳасида ҳам асосий далил сифатида келтирилган эди: ҳозир ҳар бир пенсионерга атиги иккита ишловчи тўғри келади, 2040-йилга бориб эса пенсионерлар улуши аҳолининг 11 фоизидан 15 фоизига етиши кутилмоқда. Туғилишнинг пасайиши келажакда бу нисбатни янада оғирлаштириши мумкин.

Ҳарбий соҳада бу ҳафта бир қатор кадрлар ўзгаришлари бўлди. 22-сентабрда президент фармонлари билан Мудофаа вазирининг икки янги ўринбосари тайинланди. Шу пайтгача бўш турган қурол-яроғ ва ҳарбий-техник таъминот бўйича ўринбосар лавозимини Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Қуруқлик қўшинлари институти бошлиғи бўлиб келган полковник Қаҳрамон Зоидов эгаллади.

Вазирликда янги жорий этилган — коррупсияга қарши комплаенс ва ички назорат бўйича ўринбосар лавозимига эса бунгача ҳарбий прокурорнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган адлия полковниги Жаҳонгир Муратов тайинланди.

Шу куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мудофаа саноати қўмитасига ҳам янги раис — шу пайтгача Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини бошқариб келган Акмал Жуманазаров тайинланди. Қурол-яроғ таъминоти ва коррупсияга қарши назорат бўйича алоҳида ўринбосарларнинг бир вақтда тайинлангани ҳам эътиборга молик.

Эслатиб ўтамиз, август охирида Мудофаа вазирлиги Хитойдан олинган Ж-10СЕ қирувчи самолётларини илк бор намойиш қилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга сафарларини давом эттирди. Ўтган ҳафта охирида Қорақалпоғистонда бўлган давлат раҳбари 23–24-сентабр кунлари Андижон вилоятига ташриф буюрди. Андижонда умумий қиймати 9,4 млрд доллар бўлган 206 та лойиҳага старт берилди: улардан 98 таси (2,05 млрд доллар) ишга туширилди, 108 тасининг (7,35 млрд доллар) қурилиши бошланди.

Қорақалпоғистонда эълон қилинган 7,6 млрд доллардан эса 592 млн доллари тайёр обьектларга, қолган қисми хорижий шериклар билан энди бошланаётган лойиҳаларга, жумладан Саудия Арабистонининг АСВА Повер компанияси қурадиган 1,5 гигаваттлик шамол электр стансиясига тўғри келади.

Бошқача айтганда, бундай тадбирларда янграйдиган маблағнинг асосий қисми ҳали қурилиши энди бошланаётган лойиҳаларга тегишли — уларнинг ҳақиқий самарасини эса йиллар ўтиб кўрамиз.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.