Бошқа

Блогер, аудитория ва масъулият: лайклар ҳақиқат мезони эмас

Одамнинг дардини контентга айлантириш билан уни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш бир хил нарса эмас. Энг

**Блогер, аудитория ва масъулият: лайклар ҳақиқат мезони эмас**

Сўнгги пайтларда блогерлар, улар билан боғлиқ турли ҳодисалар, турли вазиятлар ва одамлар тақдири ҳақида кўплаб постларни ўқидим, шу мавзуларга доир имкон қадар ўз фикримни ҳам билдириб бордим. Аммо ҳисоблаб кўрсам, аслида бу мақолаларнинг барчаси битта катта мавзу атрофида айланган экан: сўз эркинлиги, таъсир кучи ва масъулият. Бизнинг жамиятда блогерлик бугун оддий шахсий саҳифа юритиш даражасидан анча чиқиб кетди. Айрим блогерларнинг аудиторияси баъзи газеталар ададидан, ҳатто айрим телеканаллар аудиториясидан ҳам катта. Бир неча дақиқада юзлаб, минглаб одамнинг фикрлашига таъсир қилиш мумкин.

Шундай экан, «мен фақат ўз фикримни айтдим» деган ёндашув ҳар доим ҳам масъулиятдан озод қилмайди. Чунки омма олдида айтилган ҳар бир гапнинг ортида оқибат бор. Блогер мансабдорнинг, давлат идорасининг хатосини очиқ айтиши мумкин. Суд қарорини муҳокама қилиши, қонунни танқид қилиши, жамоатчилик манфаатини ҳимоя қилиши мумкин. Бу табиий ҳолат. Лекин танқид билан айблов ўртасида катта фарқ бор. «Менимча, бу қарор нотўғри» дейиш бошқа, «бу одам жиноятчи» деб ҳукм чиқариш бошқа. Яъни унинг миллионта обуначиси бўлиши ҳам уни судяга айлантирмайди. Инсоннинг айбдор ёки айбсизлигини лайклар, репостлар, изоҳлар ёки жамоатчилик ғазаби белгиламайди. Бунинг учун далил, процесс ва суд бор. Худди шунингдек, блогер адвокат ҳам эмас. Ҳуқуқий муаммога дуч келган одамнинг ҳузурига бориб, камерани ёқиб, «мен бу ишни ҳал қилиб бераман», «суд қарорини бекор қилдириб бераман», «жамоатчиликка чиқарсак, ҳаммаси ўзгаради» дейиш осон. Аммо суд қарорини ижтимоий тармоқлардаги постлар, муҳокамалар эмас, қонунда белгиланган процессуал тартиб ўзгартиради. Апеллясия, кассация, тафтиш бор, қолаверса, қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқий механизмлар бор.

Одамнинг дардини контентга айлантириш билан уни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш бир хил нарса эмас. Энг хавфлиси, баъзан инсоннинг мусибати бошқа биров учун аудитория йиғиш воситасига айланади. Аввалига шов-шувли сарлавҳа, кейин ҳиссиётга босим, сўнг «адолат талаб қиламиз» деган чақириқ ва минглаб изоҳлар, юзлаб улашишлар...

Аммо орадан вақт ўтиб, воқеа қизиқарли бўлмай қолгач, ўша жабрланган одам ўз муаммоси билан яна ёлғиз қолиши мумкин. Блогер эса навбатдаги мавзуга ўтиб кетади. Бу ерда яна бир муҳим масала бор: кўп обуначига эга бўлиш инсонни автоматик равишда ҳуқуқшунос, шифокор, иқтисодчи, эксперт ёки сиёсацҳунос қилиб қўймайди. Аммо ижтимоий тармоқларда кўпинча тескари манзарани кўрамиз. Кимнинг аудиторияси катта бўлса, унинг гапи ҳақиқатдек қабул қилинади. Аслида эса ҳақиқат овоз баландлиги билан эмас, далил билан аниқланади. Шунинг учун блогернинг муҳим вазифаларидан бири фактни фикрдан ажратиши, яъни «аниқланди» билан «менимча» ўртасидаги фарқни билиши лозим бўлади.

«Жиноят содир қилган» билан «жиноят содир қилганликда гумон қилинмоқда» ўртасида ҳам катта фарқ бор. Ҳар бир ёзаётган сўзимиз, фикримиз, матнимиз бир инсоннинг шаъни, обрўси, иши, оиласи ва бутун ҳаётига таъсир қилиши мумкин.

Шу билан бирга, масалани фақат «блогерлар эҳтиёт бўлсин» деган нуқтага олиб бориш ҳам тўғри эмас. Омма эътиборидаги блогер масъулиятли бўлиши керак, лекин давлат ҳам қонун доирасида ҳаракат қилиши лозим. Сўз эркинлиги блогерга берилган имтиёз эмас. У жамиятнинг давлат устидан назорат қилиш имкониятларидан бири.

Кўпинча провакацияларсиз, бақир-чақирларсиз тайёрланган контентлар омма эътиборига тушиши қийин бўлади. Эътибор бериб қаралса, у ҳам худди ўша масалани кўтармоқда, фақат қаттиқ овозсиз. Яъни, этикага риоя қилаётган журналист ёки блогер заифлик, қўрқоқлик қилаётгани йўқ. Қаттиқ саволни ҳам хотиржам тарзда бериш мумкин. Мансабдордан жавоб сўрашда эса бақир-чақирдан кўра, аниқ факт ва далиллар кўпроқ таъсир қилади.

Фактлар жойида бўлса, баъзан оддий ва хотиржам берилган битта саволнинг ўзи анча кўп нарсани очиб бериши мумкин.

Яна бир гап, профессионал журналист ёки блогер интервюга тайёргарлик билан боради: мансабдорнинг ваколатини билади, ҳужжатлар билан танишади, рақамларни текширади, қонунни яхши билади ва кейин савол беради. Ана шундай саволдан қочиш қийин.

Яна бир масала — аудитория. Кўпинча блогер аудиторияга таъсир қилади, деб ўйлаймиз. Лекин вақт ўтиши билан аудитория ҳам блогерни ўзгартиради: қайси пост кўпроқ лайк олди, қайси гап кўпроқ тарқалди, қайси мавзу кўпроқ жанжал чиқарди? Алгоритм ҳам шуни рағбатлантиради.

Шунда ахборот бериш билан эътибор тортиш ўртасидаги чегара секин-аста йўқола бошлайди. Натижада таҳлил эмас, кескинлик ғалаба қила бошлайди. «Эҳтимол» деган сўз аудиторияга ёқмайди, «ҳаммаси аниқ!» деган гап эса тез тарқалади. Блогер аста-секин ҳақиқатни эмас, ўз аудиторияси эшитишни хоҳлаган нарсани айта бошлайди. Бу эса ахборот майдонида ўзига хос ёпиқ доираларни пайдо қилади. Бир хил фикрдаги одамлар бир-бирини тасдиқлайди. Бошқа фикр душманлик сифатида қабул қилинади. Далил эмас, «бизнинг одам» ёки «уларнинг одами» деган қараш устун келади.

Бунга сиёсий таъсир ҳам қўшилиши мумкин. Айниқса, четдан туриб кескин чақириқ қилаётган одам билан шу чақириқ оқибатини мамлакат ичида ўз танасида ҳис қиладиган блогернинг таваккали бир хил эмас. Четдан туриб пост ёзаётган одам жавобгарликка тортилмаслиги мумкин, аммо мамлакат ичидаги блогер ҳуқуқ бузилишига йўл қўйган бўлса жиноят иши, суд, жарима, қамоқ ёки бошқа оқибатга дуч келади. Шу сабаб ҳар қандай сиёсий, диний ёки ижтимоий чақириқни тарқатишдан олдин унинг ортида кимнинг манфаати турганини ҳам ўйлаш керак.

Менимча, бугун муаммони фақат «яхши блогер» ва «ёмон блогер» деган икки тоифага ажратиб бўлмайди. Масала анча кенг. Блогер, унинг аудиторияси, ижтимоий тармоқ алгоритмлари, пул, обрў, сиёсий, ижтимоий манфаатлар, инсон психологияси — буларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқ ва бир-бирига таъсир қилади.

Ҳуқуқшунос сифатида блогерларга муносабатим уларни чеклаш керак, деган қарашдан йироқ. Аксинча, жамият ривожи учун журналистлар каби блогерлар ҳам керак. Фақат мустақил фикр, ҳокимиятни танқид қилиш, жамоатчилик назорати — буларнинг барчаси фактларга, касб этикасига, ҳуқуқий маданиятга ва шахсий масъулиятга таяниши лозим. Акс ҳолда, сўз эркинлиги бошқа инсоннинг ҳуқуқини бузиш воситасига айланиши мумкин.

Сўз эркинлиги катта куч. Шунинг учун бугун биз блогерларни чеклаш ҳақида эмас, ахборот тарқатиш маданияти ҳақида кўпроқ ўйлашимиз керак. Чунки муаммо блогернинг ўзида эмас, унинг қўлидаги имкониятдан қандай фойдаланаётганида. Бир хабарни текширмасдан тарқатиш, бировни далилсиз айблаш ёки шахсий ҳаётини оммага олиб чиқиш ортида ҳақиқий инсоннинг тақдири турганини унутмаслик керак.

Эҳтиёткорлик ва масъулият фақат блогерларга тегишли эмас. Журналист ҳам, амалдор ҳам, ижтимоий тармоқда ўз фикрини билдираётган оддий одам ҳам сўзи учун масъул. Зеро, сўз эркинлиги бор жойда фикрлар хилма-хиллиги ҳам, танқид ҳам, баҳс ҳам бўлади. Муҳими, буларнинг барчаси ҳақиқатни излашга хизмат қилсин, бировнинг ҳуқуқини поймол қилишга эмас.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.