Бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади – президент
Янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади. “Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда улар томонидан кўтарилган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди. Давлат раҳбари бизнеснинг ҳар бир босқичига мос келадиган яхлит экотизим яратилишини маълум қилди.
Биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш. Эндиликда янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун эса “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
“Бизнес старт” дастури доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганадилар. Ушбу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режалар ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар берилади.
Президентнинг таъкидлашича, “Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”.
Кичик тадбиркорлар учун энг муҳим масалалардан бири – гаров таъминоти. Шу сабабли, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имконини яратадиган “контр-кафолат” тизими жорий этилади.
Ушбу тизимга кўра, 10 миллиард сўмгача бўлган кредитларда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси ва 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига эса атиги 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.

