Дунё

«Биз позициясиз эмасмиз, урушаётганлар биздан кўп нарса кутмасин» - БМТдаги доимий вакил билан суҳбат

«Биз позициясиз эмасмиз, урушаётганлар биздан кўп нарса кутмасин» - БМТдаги доимий вакил билан суҳбат

Kun.uz билан Ню-Ёркда суҳбатлашган Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасовнинг айтишича, ташкилот шу даражада заиф бўлганида, Бош Ассамблеяга ҳеч ким келмаган бўларди. Унинг фикрича, бугун БМТдан улкан натижалар кутиш тўғри эмас, чунки бу тузилма ҳукуматлардан юқорида турмайди. Лапасов Ўзбекистон номидан резолюцияларга овоз беради, БМТда давлат номидан сўзлайди. Биз нейтралмиз, бу ҳам позиция, уруш эълон қилишаётганда бизни бохабар қилишмаган-ку, уёғига ҳам ҳеч нима кутишмасин, дейди дипломат.

Сўзга чиққанларнинг аксарияти БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгашидан норози бўлди, жумладан Ўзбекистон вакили ҳам. Элчи Улуғбек Лапасовга кўра, Тошкент БМТни айблашдан йироқ. Сабаби — Ўзбекистон назарида БМТ шунчаки глобал майдон бўлиб, суверен давлатларни бирлаштирадиган ва уларнинг овозини жамлайдиган тузилмадир.

Шу ерда дипломат бош котиблардан бирининг «БМТ инсониятни жаннатга элтиш учун эмас, дўзахдан асраш учун тузилган» деган сўзларини эслаб, бу фикрга қўшилишини билдирди.

Лапасовнинг айтишича, Саида Мирзиёева бощилигидаги делегация сафари анча самарали ўтган.

«Бош котиб биринчилардан бўлиб Мирзиёевани қабул қилди, ўша икки кунда масалан, Гутерриш 80 дан ортиқ сиёсатчи билан кўришди. Бундан ташқари, биз бу ташрифда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳани бирлаштирдик. Демографик масалада катта тадбир ўтказдик. БМТдагилар администрация раҳбарини танийди, Ўзбекистонда нималар бўлаётганини билади», дейди элчи.

Мирзиёева БМТдаги нутқида давлат позицияси ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон инсоният томонида эканини айтди. Бироқ бошқа сўзловчилардан фарқли равишда, у бугунги кунда давом этаётган урушларни тўхтатиш ҳақида гапирмади. Элчининг айтишича, маънавий жиҳатдан бундай чақириқ бор. Аммо расмий Тошкентнинг позицияси — нейтрал. Биз ўзимиз томондамиз, дейди у.

«Биз позициясиз эмасмиз, БМТда позиция билдиришнинг бир неча хил усуллари бор. Умуман келмаслик мумкин, биз доим залда бўлганмиз. Уруш эълон қилаётганда бизга ҳеч ким қўнғироқ қилмаган-ку, биздан фикримизни олмаган-ку, нега энди биздан кўп нарса кутишлари керак? Биз позициясиз эмасмиз, биз Ўзбекистон томонидамиз. Мирзиёеванинг нутқида ҳам Ўзбекистон манфаати ётибди», дейди Лапасов.

Администрация раҳбари ўз нутқида давлатнинг бугунги сиёсати, қўшнилар билан алоқалар, Марказий Осиёда тинчлик, иқлим муаммолари, Афғонистон, ижтимоий сиёсат ва сунъий интеллект ҳақида гапирди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.