«Биз глобал савдонинг асосий қуруқликдаги йўналишларидан бирига айланишимиз мумкин» – Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.

«Биз глобал савдонинг асосий қуруқликдаги йўналишларидан бирига айланишимиз мумкин» – Шавкат Мирзиёев
Давлат раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Марказий Осиёда рўй берган ижобий ўзгаришларни қайд этди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, бунда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим рол ўйнади.
У XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш тартиб-таомиллари якунланганининг тарихий аҳамиятини алоҳида қайд этди.
Минтақавий жараён доирасида серҳашам тузилмалар яратишга интилиш йўқлиги таъкидланди.
– Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгра Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё мамлакатларининг яқинлашуви юз бераётган мураккаб халқаро вазиятга қисқача баҳо берди.
– Дунё тез ўзгармоқда, кескинлик кучаймоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта қурилмоқда, янги хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда, – деб таъкидлади давлат раҳбари.
Шу муносабат билан, ҳамкорликнинг айниқса муҳим йўналишлари бўйича келгуси қўшма фаолиятни янада жипсроқ мувофиқлаштириш аҳамияти кўрсатиб ўтилди.
Энг аввало, тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқаларига эга бўлган минтақалар билан ягона ҳамкорлик маконини барпо этиш ғояси илгари сурилди. Савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни биргаликда ривожлантириш ҳисобига ушбу алоқаларни анча мустаҳкамлаш ва аниқ мазмун билан тўлдириш учун очилаётган имкониятлардан фойдаланиш таклиф этилди.
Шунингдек, ушбу масалаларни келгуси йили Тошкентда бўлиб ўтадиган «Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлида минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви» халқаро конференциясида батафсил муҳокама қилиш таклиф қилинди.

