«Биз даҳшатли воқеани кутиб ўтирмаслигимиз керак». Танзила Нарбаева — болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳақида
Сенат раҳбари Танзила Нарбаева органларни болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга бўлган ёндашувни ўзгартиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, фақат «мудҳиш воқеа»дан кейин муносабат билдириш нотўғри, жавобгарлик эса хабарни яширган, ўз вазифаларини бажармаган ёки болани ҳимоясиз қолдирганларга ҳам тегишли бўлиши керак.

«Биз мудҳиш воқеани кутиб ўтирмаслигимиз керак». Танзила Нарбаева — болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳақида
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева давлат органларини болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юз берганда фақатгина шов-шувли воқеаларга муносабат билдириш билан чекланиб қолмай, қонунчиликнинг қўлланилиши ва бундай жиноятларга йўл қўяётган сабабларни тизимли равишда ўрганишга чақирди.
У бу ҳақда 2 октябрь куни болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонун муҳокамаси чоғида гапирди.
Адлия вазирлиги вакилига юзланар экан, Танзила Нарбаева адлия органлари муаммога фақат шов-шувли ҳодисалардан кейин қўшилмасдан, қонунчилик амалиётда қанчалик ишлаётганини доимий равишда таҳлил қилиб бориши кераклигини таъкидлади.
«Биз ҳар сафар қандайдир воқеа содир бўлишини кутиб ўтирмаслигимиз, шундан кейингина муносабат билдириб, ўз позициямизни намойиш этмаслигимиз керак. Адлия органларининг вазифаси — қонунчилик амалиётда қандай қўлланилаётганини доимий равишда таҳлил қилиб боришдир», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги болалар ва уларнинг қонуний вакилларининг юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятини таъминлаши, ҳимоя сўраб мурожаат қилиш тартибини тушунтириши ва зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашиши лозим.
У болалар билан бевосита ишлайдиган ўқитувчилар, болалар муассасалари ходимлари ва маҳалла фаолларининг ҳуқуқий тайёргарлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
«Жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, амалий мисоллар орқали зўравонлик белгиларини қандай аниқлаш, бу ҳақда кимга ва қандай хабар бериш кераклиги, ҳаракатлар тартиби ва бундай ҳолатларни яширганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилганини тушунтириш зарур», — деди сенатор.
Сенат Раиси жамият ва давлат органлари фақат тармоқда фожиа ҳақида маълумот пайдо бўлганидан кейингина фаол муносабат билдира бошлайдиган вазиятни нотўғри деб атади: «Ҳаммамиз кузатувчи бўлиб қолиб, фақат интернетда қандайдир мудҳиш воқеа ҳақида маълумот пайдо бўлганидан кейингина муносабат билдиришни бошлашимиз мутлақо нотўғри».
Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун масъул органларнинг ваколатлари аллақачон белгилаб қўйилган, бироқ жойларда уларнинг ижроси билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Нарбаева болани ҳимоя қилиш механизмининг ўзи қандай ишлаётганига ҳам эътибор қаратишни топширди: зўравонлик ҳақидаги хабарни ким қабул қилади, у қаерга ва қандай муддатларда юборилади ҳамда вояга етмаган шахснинг кейинги хавфсизлиги учун ким жавобгар бўлади.
«Асосий талаб — болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси амалиётда реал ишлаши керак», — деди у.
У адлия органлари ишини тадбирлар сони билан баҳоламаслик кераклигини таъкидлади.
«Адлия органлари фаолияти ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки бартараф этилган ҳуқуқий тўсиқлар сони ва болаларга кўрсатилган амалий ёрдам натижалари билан баҳоланиши керак».
Сенат Раиси чора-тадбирларнинг бир қисми эртароқ қабул қилиниши керак бўлганини тан олди.
«Вазиятга қарайдиган бўлсак, ушбу қонунни содир бўлган даҳшатли воқеадан кейин қабул қилаётганимиз, бу иш эртароқ қилиниши керак бўлганидан далолат беради. Эҳтимол, ўшанда бундай ҳолатлар юз бермаган бўларди», — дея тан олди у.
Унинг сўзларига кўра, қонун президент томонидан имзоланганидан кейин алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва адлия тизимининг барча бўғинларида ишларни ташкил этиш зарур.
Танзила Нарбаева ўз нутқининг алоҳида қисмини Бош прокуратура вазифаларига бағишлади.
У зўравонлик ҳақидаги хабарлар рўйхатга олинмайдиган ёки яшириладиган, текширувлар чўзиладиган ёхуд улар бўйича асоссиз рад жавоблари бериладиган ҳолатларни истисно қилиш зарурлигини маълум қилди.
«Биз амалиётимизда бундай ҳолатлар умуман бўлмаслигига эришишимиз керак», — дея таъкидлади у.
Унинг сўзларига кўра, прокуратура терговга қадар текширув ва терговнинг қонунийлигини, далилларнинг тўлиқ йиғилишини ва боланинг процессуал ҳуқуқларига риоя этилишини қатъий назорат қилиши лозим.
Бунда нафақат бевосита зўравонлик содир этган шахснинг ҳаракатларига баҳо берилиши керак.
«Масъул идораларнинг ҳаракатсизлигига ёки улар томонидан шундай ҳолатларга йўл қўйган шароитлар яратилганига ҳуқуқий баҳо бериш зарур».
Нарбаева болани ҳимоя қилмаган, зўравонлик ҳақидаги хабарни яширган ёки ўз вазифаларини бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан «жуда қаттиқ чоралар» кўришни талаб қилди.
«Токи бошқалар ҳам буни билсин. Бундай ҳолатларга шароит яратиб берганлик учун, бундай масъулиятсизлик учун — буни шунчаки бепарволик деб аташ қийин, бу жиноят — тегишли шахслар қонуний таъсир чоралари назарда тутилганини билишлари керак», — деди у.
Сенат Раиси, шунингдек, ҳар бир шундай ҳолатни оила, мактаб, маҳалла ва давлат органлари ишидаги камчиликлар нуқтаи назаридан таҳлил қилишга чақирди.
«Ҳатто охирги ҳолатни ҳам таҳлил қилиб, натижаларини жамоатчиликка етказиш зарур. Бу нима учун содир бўлди? Ахир гап фақат ушбу шахснинг касаллигида ёки бошқа бирор ҳолатда эмас эди-ку. Агар бундай шароитлар бўлмаганида, улар яратилмаганида, бундай воқеа содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди», — деб таъкидлади Нарбаева.
Унинг сўзларига кўра, асосий талаб — болани ҳимоясиз қолдирганларнинг ҳаракатсизлиги учун ҳам жавобгарлик белгиланишидан иборат.
Нарбаева прокуратура томонидан назоратни кучайтириш вақтинчалик хусусиятга эга бўлмаслиги кераклигини қўшимча қилди.
«Бу иш кампаниячилик тусини олмаслиги керак. Бир воқеа содир бўлиб, ҳамманинг дили оғриганда, ҳамма бир вақтда муносабат билдирадиган бўлмаслиги керак», — дея таъкидлади парламент юқори палатаси раҳбари.
### Болалар билан ишлайдиганларнинг тиббий кўриги расмиятчилик бўлмаслиги керак
Муҳокама давомида сенаторлар болалар билан ишлайдиган ходимларни тиббий ва психиатрик кўрикдан ўтказиш масаласини ҳам кўтаришди.
Танзила Нарбаева тегишли талабларни кучайтириш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади. «Айниқса, болалар билан ишланадиган муассасаларда бу қатъий мажбурий талаб бўлиши керак», — деб ҳисоблайди у.
Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим тизими идоралари билан биргаликда одамларни болалар билан ишлашга қабул қилишда тиббий кўрикдан ўтказиш ёндашувларини қайта кўриб чиқиши керак.
«Тиббий кўриклар расмиятчиликка айланиб қолмаслиги [керак]. Текширувлар холисона ўтказилиши ва тегишли хулосалар берилиши лозим», — деди Сенат раҳбари.
У психиатрик кўрикдан ўтиш талаб этиладиган лавозимлар рўйхатини, уни ўтказиш асослари ва тартибини алоҳида белгилашни таклиф қилди. Тегишли таклифлар, унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан биргаликда ишлаб чиқилиши керак.
Шу билан бирга, Сенат Раиси муаммони фақатгина тиббий кўрик билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
«Тиббий кўрикнинг ўзи зўравонликнинг олдини олишга кафолат бермайди. Ходимларни тўғри танлаш, уларнинг болалар билан мулоқот қилиш кўникмаларини баҳолаш ва шикоятларга тезкорлик билан муносабат билдириш ҳам зарур», — дея таъкидлади у.
Унинг сўзларига кўра, муаммони Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар иштирокида комплекс равишда кўриб чиқиш лозим.
«Ҳозир кўрилаётган қонун доирасида фақат шу чораларни бажарамиз — ва шу билан тамом, деган ёндашув билан чекланиб бўлмайди. Ҳозир кўриб турганимиз — бу аллақачон оқибатлардир», — деб таъкидлади Нарбаева.
У ҳар бир идорага бола жабрлангунига қадар бундай ҳолатларнинг олдини олиш имконини берадиган чораларни белгилашни сўради.
«Ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилот ўз олдига савол қўйиши керак: бундай оқибатлар умуман келиб чиқмаслиги учун нима қилиш керак?» — кўрсатиб ўтди парламент юқори палатаси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, сенаторлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонунни маъқулладилар. Ўзгартиришлар 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш, сўроқларни видеотасвирга олиш, зўравонлик учун жавобгарликка тортилган шахсларнинг болалар билан ишлашини чеклаш ва бошқа ўзгаришларни назарда тутади. Қонун кучга кириши учун уни президент имзолаши керак.
Қонунчиликни қатъийлаштириш муҳокамаси Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасининг 5 ёшли тарбияланувчисига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақидаги шов-шувли иш фонида бўлиб ўтмоқда. 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган, боғча ходими К. М. қамоққа олинган.

