Бишкекда Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан учрашди

Бишкекда Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан учрашди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин Бишкек шаҳрига амалий ташриф доирасида учрашув ўтказдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати 31-август куни маълум қилди.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хабарда таъкидланишича, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ривожланиши мамнуният билан қайд этилган. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошган. Саноат, энергетика, металлургия, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда.
Учрашувда ўзаро савдонинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш, саноат кооперацияси лойиҳаларини жадаллаштириш, шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни фаол давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасидаги фаол маданий-гуманитар алмашинувларни келгусида ҳам кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентлар икки ва кўп томонлама форматлардаги бўлажак тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.
Айни пайтда Қирғизистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилмоқда. Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Президенти Хитой ва Покистон раҳбарлари, АҚШ Президентининг махсус вакили ҳамда БМТ Бош котиби билан учрашди. Саммит мулоқотлари 1-сентябр куни ҳам давом этиши белгиланган.

