Бир зарбада камида 20 офицер: «Медиазона» Россия армиясининг йирик йўқотиши ҳақида хабар берди
Украинанинг 26-август куни Донецкка берган ракета зарбаси оқибатида камида 20 нафар россиялик офицер ҳалок бўлган. «Медиазона» нашри буни Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан буён офицерлар таркиби орасидаги маълум бўлган энг катта бир марталик йўқотиш деб баҳолади.

Бир зарбада камида 20 офицер: «Медиазона» Россия армиясининг катта йўқотиши ҳақида хабар берди
ДВ маълумотига кўра, «Медиазона» журналистлари ҳалок бўлган ҳарбийларнинг исмларини аниқлаб, суриштирув натижаларини 9-октабр куни эълон қилган.
Аниқланган 20 офицернинг 18 нафари зарба берилган куни, яна икки нафари эса кейинроқ олган жароҳатларидан вафот этган. Улар орасида етти нафар полковник ва тўрт нафар подполковник бор эди.
Нашрга кўра, ҳалок бўлганлар «Марказ» қўшинлар гуруҳига қарашли штабларда — Марказий ҳарбий округ ва 41-умумқўшин армияси штабларида хизмат қилган.
Журналистлар икки штабнинг шахсий таркиб рўйхатларини мерос ишлари реестри, бошқа давлат реестрлари ҳамда ҳарбийлар ҳақидаги таъзия хабарлари билан таққослаб, уларнинг шахсини аниқлаган.
Украина Қуролли кучлари Россия эгаллаб олган Донецкка 26-август кечқурун ракета зарбаси берган. Ўша пайтда маъмурият раҳбари Денис Пушилин нишон «Донецк Сити» савдо маркази бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳужумда Сторм Шадов/ССАЛП-ЭГ ракеталари ишлатилган.
Бироқ очиқ манбалар асосида таҳлил юритувчи ОСИНТ лойиҳалари зарбалар Россия армиясининг қўмондонлик пунктларига йўналтирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Украинанинг Эхиле+ Телеграм-канали зарбалардан бири урушдан олдин илмий-тадқиқот ва саноат муассасалари жойлашган бинога тушганини билдирган. «КіберБорошно» канали эса нишонлардан яна бири қурилиши тугалланмаган турар жой мажмуаси остидаги 600 ўринли ерости автотураргоҳи бўлганини маълум қилган.
ОСИНТ лойиҳалари ҳар икки обьектдан Россия ҳарбийлари қўмондонлик пункти сифатида фойдаланилган бўлиши мумкинлигини айтган.

