«Бир соҳани қўллаб-қувватлаш нархи бошқаларнинг чекига тушади». Бизнес шакар импортига қўйилган квоталарни танқид қилди
UzBev ассоциацияси 2027 йилдан бошлаб оқ шакар импортини квоталаштиришга қарши чиқди. Ташкилот раҳбари Альфия Мусинанинг фикрича, бу чора нархларнинг ошишига, озиқ-овқат корхоналари харажатларининг кўпайишига ва уларнинг рақобатбардошлиги пасайишига олиб келиши мумкин. Бизнес, шунингдек, ҳукуматнинг ёпиқ қарорини очиқлашни талаб қилмоқда.

«Бир соҳани қўллаб-қувватлаш нархи бошқаларнинг чекига тушади». Бизнес шакар импортига квоталарни танқид қилди
Ўзбекистон салқин ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси (UzBev) 2027 йил 1 январдан бошлаб йилига 300 минг тонна ҳажмда оқ шакар импортига квота жорий этилишига қарши чиқди. Бу ҳақда «Газета»га ассоциация ижрочи директори Альфия Мусина маълум қилди.
Унинг фикрича, бундай чекловлар хом ашё нархининг ошишига, маҳсулот таннархининг кўтарилишига ва инфляция босимининг кучайишига олиб келиши мумкин. Бизнес, шунингдек, янги механизмнинг ҳуқуқий асослари, унинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларига мувофиқлиги ва ҳукумат қароридан жамоатчилик фойдаланиши имконияти йўқлиги бўйича саволларни ўртага ташламоқда.
«Бундай чора ўта муҳим хом ашёдан фойдаланиш имкониятини чеклаши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларини ошириши ва бир соҳани қўллаб-қувватлаш нархини бутун озиқ-овқат саноати ва истеъмолчилар чекига тушириши мумкин», — дейилади баёнотда.
UzBev белгиланган квота ҳажми ички бозор эҳтиёжларига мос келмаслигини кўрсатиб ўтмоқда.
Ўзбекистоннинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 650–700 минг тонна деб баҳоланмоқда. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатга 440,1 млн долларга тенг 652,8 минг тонна шакар ва шакар хом ашёси импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга кўпдир.
Ушбу фонуда, ассоциация фикрича, ҳукумат 300 минг тонналик квота корхоналар эҳтиёжини қандай таъминлаши ва хом ашёнинг эҳтимолий танқислигининг олди қандай олинишини тушунтириб бериши керак.
Шу билан бирга, умумий импорт ҳажмини янги квота билан тўғридан-тўғри солиштириб бўлмайди: божхона статистикаси қайта ишлаш учун ишлатиладиган шакар хом ашёсини ҳам ҳисобга олади, чеклов эса ишлаб чиқарувчиларнинг алоҳида тоифалари учун оқ шакарга тегишли.
Альфия Мусинанинг сўзларига кўра, ҳамон импорт хом ашёси ва молиявий ёрдамга қарам бўлган шакар заводиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бошқа маҳаллий корхоналар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирмаслиги керак.
«Шакарга бўлган имкониятнинг чекланиши таннархнинг ошиши, ўзбек маҳсулотлари рақобатбардошлигининг пасайиши ва инфляция босимининг кучайиши хавфини туғдиради», — деб огоҳлантирди UzBev раҳбари.
У озиқ-овқат саноати инвестициялар, экспорт, иш ўринлари ва солиқ тушумларини таъминлашини таъкидлади. Шу сабабли чекловларнинг оқибатлари нафақат ичимликлар ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга, балки истеъмолчиларга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Ассоциациянинг алоҳида эътирозлари квоталарни жорий этиш механизмига тегишли.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 416-сонли қарори тариф квоталарини қўллашнинг умумий тартибини белгилайди. У белгиланган ҳажмдан ортиқ маҳсулотни амалдаги божхона божини тўлаган ҳолда олиб кириш имкониятини назарда тутади.
Бироқ эртаси куни қабул қилинган ва оқ шакарга квота жорий этувчи 417-сонли қарорда квота ичидаги ва ундан ташқаридаги бож ставкалари белгиланмаган ва лимит тугагандан сўнг импортни давом эттириш мумкинми-йўқми, тушунтирилмаган, дейилади баёнотда.
«Ўзининг амалдаги мазмунига кўра, бундай механизм тариф квотаси эмас, балки импорт қилиш имкониятининг ўзини чеклаб қўядиган миқдорий квота бўлиб чиқиши мумкин», — деб ҳисоблайди Альфия Мусина.
Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистон аъзо бўлишга тайёргарлик кўраётган ЖСТ қоидалари нуқтаи назаридан саволлар туғдиради.
Тарифлар ва савдо бўйича бош келишувнинг (ГАТТ 1994) XI:1-моддаси қоидаларда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, импортга миқдорий чекловлар қўйишни умумий тақиқлайди.
«Импорт квотасини шунчаки „тарифли“ деб қайта номлаш муаммони ҳал қилмайди: ЖСТ чоранинг номини эмас, балки унинг мазмуни ва савдога амалдаги таъсирини баҳолайди», — дейилади баёнотда.
UzBev кўрсатиб ўтган яна бир номувофиқлик квоталарни тақсимлаш билан боғлиқ. 417-сонли қарорда электрон аукционлар ўтказиш назарда тутилган бўлса, 416-сонли умумий тартибда бундай механизм мавжуд эмас.
Ассоциация савдоларга қўйилиш мезонлари, ҳажмларни тақсимлаш қоидалари, тенг фойдаланиш кафолатлари ва квоталарнинг чекланган импортчилар доирасида тўпланиб қолишига қарши чораларни эълон қилиш зарур деб ҳисоблайди.
Соҳа вакилларининг фикрича, тақсимлашнинг шаффоф шартлари бўлмаса, рақобатни чеклаш хавфи юзага келади.
UzBev, шунингдек, қарорда маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар учун назарда тутилган афзалликларга ҳам эътибор қаратди.
Ҳужжат давлат ташкилотлари ва корхоналарини биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарилган шакар билан таъминлашни назарда тутади. Ассоциация амалиётда бу импорт шакарни келиб чиқиш белгисига кўра харидлардан чиқариб ташлашга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.
UzBev баҳолашича, бундай ёндашув ГАТТнинг III:4-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган миллий режим тамойилига мувофиқлигини текширишни талаб қилади. Шу билан бирга, келишув алоҳида давлат харидлари учун истисноларга йўл қўяди, аммо улар тижорат фаолияти ёки қайта сотиш учун харид қилишга автоматик равишда татбиқ этилмайди.
Яна бир савол шакар заводларини молиявий қўллаб-қувватлашга тегишли.
417-сонли қарор уларнинг кредит қарздорлигини қайта таркиблаш, 50 млн доллар инвестиция жалб этиш, фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш, шунингдек, солиқ имтиёзларини тайёрлашни назарда тутади.
UzBev таъкидлашича, корхоналарни субсидиялашнинг ўзи ЖСТ қоидалари билан тақиқланмаган. Бироқ конкрет компаниялар ёки соҳаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, айниқса у импорт ўрнига маҳаллий товарлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, ҳуқуқий баҳолашни талаб қилади.
Ассоциация бундай ёрдамни кўрсатиш шартларини, унинг рақобатга ва халқаро савдога таъсирини ўрганишга чақиради.
Альфия Мусинанинг асосий эътирозларидан бири 417-сонли қарорнинг очиқ фойдаланишда йўқлиги бўлди.
Кенг тадбиркорлар доираси фаолиятига дахлдор бўлган ҳужжат «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифига эга ва Lex.uz қонунчилик миллий базасида эълон қилинмаган.
UzBev раҳбарининг фикрича, бу компанияларга янги талабларнинг оқибатларини олдиндан баҳолаш, ишлаб чиқариш режалари ва инвестицион қарорларига тузатиш киритиш имконини бермайди.
Ассоциация Адлия вазирлигидан учта масала бўйича тушунтириш олишни зарур деб ҳисоблайди: қарордан фойдаланиш қайси асосда чекланган, эълон қилинмаган норматив ҳужжат талабларини тадбиркорларга нисбатан қўллашга йўл қўйиладими ва ҳукуматнинг иккита — 416 ва 417-сонли қарорлари қоидалари бир-бирига қандай мос келади.
Мусина президент Шавкат Мирзиёев давлат органларини бир неча бор «шаффофлик»ка — очиқлик ва ҳисобдорликка чақирганини эслатди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу фонуда иқтисодиётнинг бутун бошли соҳалари фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир қилувчи ёпиқ қарорларнинг қабул қилиниши саволлар туғдиради.
«Президент чақираётган тамойил ҳар бир давлат қарорининг асоси бўлиши керак, айниқса у бизнес, инвестициялар, иш ўринлари ва фуқаролар фаровонлигига дахлдор бўлганда», — деб таъкидлади ассоциация раҳбари.
UzBev 417-сонли қарорни эълон қилишга, бизнес, экспертлар ва давлат органлари иштирокида очиқ муҳокама ташкил этишга, чекловлар оқибатларининг иқтисодий баҳоланишини ва ҳуқуқий экспертизасини ўтказишга чақиради.
«Бирта энди кучга кираётган соҳани (infant industry) ҳимоя қилиш минглаб бошқа корхоналарни кучсизлантирмаслиги керак. Барқарор ўсиш бозорни ёпиш билан эмас, балки олдиндан айтиб бўладиган қоидалар, ҳалол рақобат ва хом ашёдан тенг фойдаланиш имконияти орқали амалга оширилади», — дея хулоса қилди Альфия Мусина.
«Газета»га маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 417-сонли қарори билан 2027 йил 1 январдан бошлаб йилига 300 минг тонна миқдорида оқ шакар импортига йиллик квота жорий этиш назарда тутилган.
Ҳажм корхоналарнинг учта тоифаси ўртасида тақсимланади:
Квоталарни электрон аукционлар орқали тақсимлаш режалаштирилмоқда. Махсус платформани 2026 йил 1 декабргача ишга тушириш топширилган. Ҳукумат истеъмол, заводларнинг юкланганлиги ва нархлар вазиятини ҳисобга олган ҳолда ҳар олти ойда ҳажмларни қайта кўриб чиқиши мумкин бўлади.
Қарорда, шунингдек, шакарнинг иккита асосий ишлаб чиқарувчиси — Angren Shakar ва Xorazm Shakar`ни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Корхоналарга «Ўзсаноаткурилишбанк» олдидаги кредитларни қайтариш муддатини икки йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда беш йилгача узайтиришга рухсат берилди. Бундан ташқари, фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш ва 2031 йилгача солиқ имтиёзларини тайёрлаш назарда тутилган.
Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш сўнгги йилларда камайди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқариш 165,5 минг тоннани ташкил этди, ваҳоланки 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 227,8 минг тонна ва 2023 йилда 332,6 минг тонна бўлган эди.
Шу билан бирга, фаолият юритаётган иккита шакар заводининг умумий лойиҳавий қуввати йилига 900 минг тоннадан ошади. Улар фойдаланадиган хом ашёнинг салмоқли қисми импорт қилинади.
2025 йил 1 октябрдан Ўзбекистонда оқ шакар импортига 20 фоизлик акциз солиғи бекор қилинган эди, бироқ 20 фоиз миқдоридаги божхона божи сақланиб қолди.
2026 йил январида Альфия Мусина бизнес вакилларининг ҳукумат билан учрашувида шакарнинг юқори нархи масаласини кўтариб, уни «барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг дардли нуқтаси» деб атаган эди. Ўшанда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев икки-уч йил ичида ички шакар ишлаб чиқаришни оширишга имкон берадиган иккита йирик лойиҳа ҳақида маълум қилган эди.
Озиқ-овқат саноати корхоналари 300 минг тонналик квотадан ортиқча оқ шакарни импорт қила оладими-йўқми ва қайси шартларда — бу масала очиқлигича қолмоқда. Ушбу механизм бўйича ҳозирча расмий очиқ тушунтиришлар берилгани йўқ.

