Иқтисодиёт

Бир фарзанд учун мактаб формаси ва ўқув қуролларига қанча сарфланяпти?

**Бир фарзандни мактабга тайёрлаш қанча туради?**

Янги ўқув йили бошланишига оз қолган бир пайтда, пойтахт бозорларида мактабга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ота-оналар бир фарзандини мактабга тайёрлаш учун ўртача қанча маблағ сарфлаётгани ва мактаб учун зарур маҳсулотларнинг нархлари қандай эканлиги кўпчиликни қизиқтирмоқда.

“Дарё” журналисти Чорсудаги мактаб ярмаркаси ва Чилонзор буюм бозорларидаги вазиятни ўрганиб чиқди.

**"Битта болага 600 минг, 1 миллион сўм кетяпти"**

Чорсу бозоридаги мактаб ярмаркасида харидорлар сони сезиларли даражада кўп. Баъзи ота-оналар харидларини бир неча кун олдин бошлаган бўлса, бошқалари ўқув йили яқинлашганда бозорга чиқмоқда. Ота-оналарнинг сарфлаган маблағи ва ҳисоб-китоблари турлича.

Бир харидорнинг сўзларига кўра, "Битта болага ҳозир тахминан 1-1,5 миллион сўм кетяпти". Уч нафар фарзанди мактабга борадиган бошқа бир ота-она эса умумий харажат 6 миллион сўм атрофида бўлишини таъкидлади. Бу суммага фақат мактаб формаси эмас, балки сумка, оёқ кийими, дафтар ва бошқа ўқув қуроллари ҳам киради. Айрим ота-оналар эса ўтган ўқув йилидан қолган кийим ва ўқув қуролларидан фойдаланиб, харажатларни камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

**"600 минг мўлжаллаб чиқдим. Нарх-наволар яхши экан, еца керак"**

Сотувчиларнинг айтишича, айниқса сўнгги кунларда ўқув қуролларига талаб ошган. Маҳсулотларнинг нархи тури ва сифатига қараб фарқ қилади. Энг зарур ўқув қуролларини йиғиш учун камида 200–300 минг сўм керак бўлади. Бироқ, ҳар бир маҳсулотнинг қимматроқ вариантлари танланса, бу сумма сезиларли даражада ошади.

"Бозорда нархлар анча яхши. Ҳар хил нархдаги кийимларни топиш мумкин. Ҳамёнига қараб харид қилаверади. Харидорлар ҳам мамнун", дейди сотувчилардан бири.

Мактаб формаси харажатларнинг асосий қисмини ташкил этади. Чорсу бозорида ўғил болалар учун кўйлаклар 80–170 минг сўмдан, классик шимлар эса 100–220 минг сўм оралиғида сотилмоқда.

"Кўйлак 80 минг сўмдан бошланади. Яхшироқ матодан бўлса 120–150 минг, айримлари 170 минг сўмгача чиқади. Шимлар ҳам 100 минг сўмдан бошланиб, 200–220 минг сўмгача боради", дейди сотувчилардан бири.

Бошқа бир сотувчининг сўзларига кўра, қиз болалар юбкаси 75 минг сўмдан, кофта нархлари эса 65 минг сўмдан бошланади. Мактаб учун оёқ кийимлари 180 минг сўмдан 250 минг сўмгача, сифатлироқлари эса 200–240 минг сўм атрофида нархланмоқда.

Айрим сотувчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, бир нафар ўқувчини бошдан-оёқ мактабга кийинтириш учун 1,5 миллион сўмгача маблағ кетиши мумкин.

Чилонзор буюм бозорида ҳам мактаб формаси нархлари маҳсулотнинг сифати ва турига қараб фарқланади. Бу ерда форма учун харажат 600 минг сўмдан бошланиб, харидор танловига қараб ошиб боради.

**"Олдингига нисбатан бу йил қимматроқ"**

Ота-оналарнинг нархлар ҳақидаги фикри турлича. Айримлар харажатларни аввалдан режалаштирган бўлса, бошқалар бозорга келгач, маҳсулотлар нархи кутилганидан юқорироқ эканини айтмоқда.

"Олдингига нисбатан бу йил нархлар қимматроқ", дейди харидорлардан бири.

**Бозорда ўқув қуроллари нархлари:**

* 12 варақли дафтар — 300–1000 сўм;

* 36 варақли дафтар — 1500 сўм;

* 48 варақли дафтар — 2000 сўм;

* ручка — 500–3000 сўм;

* рангли қалам — 15–35 минг сўм;

* бўёқ — 10–18 минг сўм;

* ўчирғич — 3000 сўм;

* сиркул — 15–35 минг сўм;

* қаламдон — 10–35 минг сўм;

* расм дафтари — 10–15 минг сўм;

* кундалик — 10–20 минг сўм.

**Мактаб сумкалари:**

* Мактаб сумкаси — 100–200 минг сўмдан бошлаб 350–500 минг сўмгача етади.

**Мактаб формаси:**

* Ўғил болалар кўйлаги — 80–170 минг сўм;

* Ўғил болалар шимлари — 100–220 минг сўм;

* Қизлар юбкаси — 75 минг сўмдан 250 минг сўмгача;

* Қизлар кофтаси — 65 минг сўмдан 300 минг сўмгача;

* Оёқ кийим — 180–250 минг сўм.

**Умумий ҳисобда:**

* Асосий ўқув қуроллари — 200–400 минг сўм

* Мактаб формаси — 600 минг сўмдан бошланади

* Тўлиқ тайёргарлик — 1–3 миллион сўм ва ундан кўпроқ.

Нархлар маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси ва харидор танловига қараб фарқ қилиши мумкин.

Мактабга тайёргарлик ота-оналардан нафақат вақт, балки анча маблағ ҳам талаб қилади. Ярмаркаларнинг асосий мақсади эса зарур маҳсулотларни бир жойда, қулай нархларда харид қилиш имконини яратишдан иборат. Шу ўринда Рақобат қўмитаси тадбиркорларни мактаб бозорларида нархларни асоссиз оширмасликка чақирди. Сунъий оширилган нархларга дуч келган харидорлар 1159 рақамига мурожаат қилиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.