Бир доллар 2 млн риёл: Эрон валютаси рекорд даражада қадрсизланди

Бир доллар 2 миллион риёлга тенг: Эрон валютаси мисли кўрилмаган даражада қадрсизланди.
АҚШ янги санксияларни жорий этишга тайёрланаётган бир пайтда, 24-август куни Эрон валютаси риёл рекорд даражада қадрсизланди. Вашингтон бу чораларни "иқтисодий ҳалокат куни" деб атади. АП Невс хабарига кўра, бу санксиялар аввалги чекловлар ва Қўшма Штатлар томонидан қўлланилган денгиз блокадаси туфайли аллақачон оғир аҳволда бўлган Эрон иқтисодиётига босимни янада оширади.
Норасмий валюта бозорларида савдолар бошланиши билан 1 АҚШ доллари курси 2,02 миллион риёлга етди. Эрон Марказий банкининг расмий курси долларга нисбатан тахминан 1,5 миллион риёлни ташкил эца-да, эронликларнинг аксарияти норасмий курсдан фойдаланади.
Мамлакат валютаси АҚШ ва Исроилнинг 28-февралдаги ҳужумидан олдин ҳам инфляция ва салбий иқтисодий ўсиш туфайли босим остида эди. Қарийб олти ойдан бери давом этаётган уруш эса вазиятни янада оғирлаштириб, янги антирекордларга сабаб бўлмоқда.
Шунга қарамай, Эрон АҚШ президенти Доналд Трампга ён бермади. Теҳрон Ҳормуз бўғози орқали кемалар қатновини қатъий назорат қилишда давом этмоқда. Уруш бошланишидан олдин дунё бўйича сотиладиган нефтнинг бешдан бир қисми ушбу бўғоз орқали ўтган. Уруш давомида Эроннинг ҳужумлари ва таҳдидлари бу ҳаракатга жиддий халақит берди.
Эрон ва бўғознинг қарама-қарши томонида жойлашган Уммон сув йўлини биргаликда бошқариш режасини келишишнинг якуний босқичида турибди. Минтақа расмийларининг сўзларига кўра, бу режа кемаларнинг Форс кўрфазига Эрон назоратидаги маршрут орқали кириши ва Уммон назоратидаги маршрут орқали чиқиб кетишини назарда тутади. Трамп яқиндагина АҚШ иттифоқчиси бўлган Уммонни кескин танқид қилди ва агар мамлакат "йўлга ғов бўлса", уни бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди.
АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Эронга нисбатан мавжудларидан ҳам кучлироқ санксиялар эълон қилинишини ваъда қилди. Бу чекловлар Эрон билан савдо қилишни давом эттираётган мамлакатларга нисбатан иккиламчи санксияларни ҳам ўз ичига олади.
"Трамп Эрон иқтисодиётини шундай даражада вайрон қилдики, риёл ҳеч қачон бундай кучсиз бўлмаган, инфляция эса камдан-кам ҳолларда бу қадар юқори бўлган", деди Бессент Финансиал Тимес нашрига.
Ўтган ҳафтада Бирлашган Араб Амирликлари Эрон билан барча савдо алоқаларини тўхтатган эди. Бу ҳақда эълон қилинишидан бир кун олдин Трамп БАА раҳбари шайх Муҳаммад бин Зайд ал-Наҳаёнга қўнғироқ қилганди. БАА узоқ вақтдан бери Эроннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ва импортнинг асосий манбайи бўлиб келган.
Бессентнинг баёнотидан сўнг, Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгашининг қатъий қарашларга эга раҳбари Моҳсен Ризоий Х саҳифасида баёнот берди. У ҳар қандай мамлакатнинг АҚШнинг янги иқтисодий чораларини қўллаб-қувватлашини "уруш ҳаракати" деб баҳоланишини айтди.

