Билл Гейц ҳам СИ ривожланишини секинлатишга чақирди. Трамп бунга қарши чиққанди

Билл Гейц ҳам СИ ривожланишини секинлаштиришга чақирди. Трамп бунга қарши чиққан эди
Америкалик миллиардер ва Мисрософт компанияси асосчиси Билл Гейц сунъий интеллект ривожини секинлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлади.
“СИ ўзига хос технология бўлиб, унинг хавфларини шахсий компютерлар ёки интернет ривожланиши оқибатларига қиёслаб бўлмайди. Бу жуда жиддий масала”, деди Гейц.
У СИ тараққиётининг эҳтимолий оқибатларини олдиндан баҳолаш зарур, деб ҳисоблайди.
Миллиардер аслида бутун умри давомида инновацияларни қўллаб-қувватлаб келганини таъкидлаб, жамиятни бўлажак ўзгаришларга тайёрлаш учунгина СИ тараққиётини секинлаштириш тарафдори эканини айтди.
“Бу инновациялар шу қадар кенг кўламли ва кескин бўлиши мумкинки, ҳали уларга тайёр эмасмиз”, деди тадбиркор.
Гейц, шунингдек, СИдан киберҳужум қуроли сифатида фойдаланиш хавфи ҳақида алоҳида огоҳлантирди. Яқин келажакда ғаразли ниятдаги шахслар бундай воситалар ёрдамида янада мураккаб ҳужумларни амалга ошириши мумкин. “Шу сабабли ҳимоя чораларини олдиндан тайёрлаш ва технология устидан назоратни сақлаб қолиш зарур”, дейди у.
Яқинда АҚШ президенти Доналд Трамп сунъий интеллект ривожини секинлаштиришга қарши эканини айтганди. У соҳа етакчиларининг СИ ривожи ҳақида билдирган хавотирларини инкор этди ва СИ ривожланишига шубҳа билдириш фақатгина Хитойга фойда келтиришини қўшимча қилди.
14-сентябр куни дунё бўйлаб СИ билан боғлиқ аксиялар нархи кескин тушиб кетди. Бунга соҳанинг энг йирик компаниялари раҳбарлари технология ривожланиш суръатини секинлаштиришга чақиргани сабаб бўлди.
Антҳропис компанияси бош директори Дарио Амодеи 12-сентябр куни ривожланишни тартибга солувчи босқичли режани тақдим этганди. Бу таклифни дарҳол бошқа йирик СИ компаниялари раҳбарлари, жумладан, хАИ раҳбари Илон Маск ва ОпенАИ бош директори Сем Алтман қўллаб-қувватлади.
Бунгача бир неча ҳафта давомида СИ агентлари операторлар кўрсатмасига қарши чиқиб, ташқи тизимларга киргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, таниқли хавфсизлик тадқиқотчилари тез ривожланаётган технология яқин келажакда инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

