Маҳаллий

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ваколатлари ва ходимларига устамалар тартиби белгиланди

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ваколатлари ҳамда ходимларига устама тўлаш тартиби белгиланди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг асосий фаолият йўналишлари, ваколатлари ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби белгилаб берилди. Тегишли низом Вазирлар Маҳкамасининг 17-сентябрдаги қарори билан тасдиқланди.

Янги низомга мувофиқ, агентлик таълим ва малакаларни баҳолашга оид тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш, назорат материалларини ишлаб чиқиш, тест натижаларини ҳисоблаш ҳамда таҳлил қилиш каби вазифаларни бажаради. Шунингдек, малака ва билимларни баҳолаш тизимларини такомиллаштириш ҳам агентликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Агентлик тест синовлари сифатини назорат қилиш, топшириқларни мунтазам янгилаб бориш ва уларнинг натижадорлигини таҳлил қилиш бўйича ҳам ваколатларга эга бўлади.

Ҳужжатда агентликнинг халқаро ҳамкорлик ва баҳолаш соҳасидаги фаолияти ҳам белгиланган. У хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши, халқаро тажрибани ўрганиши ҳамда баҳолаш тизимларига илғор ёндашувларни жорий этиши мумкин.

Шунингдек, агентликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари алоҳида кўрсатиб ўтилган. Ҳудудий бўлинмалар марказ томонидан белгиланган вазифаларни жойларда амалга ошириши, баҳолаш жараёнларини ташкил этиши ва тегишли маълумотларни шакллантириши лозим.

Қарорда агентлик ходимларини моддий рағбатлантиришнинг янги тартиби ҳам белгиланган. 2026-йил 1-октябрдан бошлаб ходимларга меҳнат стажига қараб ҳар ойлик устама тўлаш назарда тутилган. Устама миқдори 0,3 дан 1,5 гача коеффициент асосида белгиланади.

Жумладан, 1–3 йил стажга эга ходимларга 0,3 коеффициент, 3–5 йилга 0,6, 5–10 йилга 0,8, 10–15 йилга 1,0, 15–20 йилга 1,2 ҳамда 20 йилдан ортиқ стажга эга ходимларга 1,5 коеффициент миқдорида устама тўланади.

Бундан ташқари, ҳужжатда ходимларни қўшимча рағбатлантириш ва айрим ҳолатларда моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тартиблар ҳам назарда тутилган.

Янги низом агентлик фаолиятини ташкил этиш, унинг ваколатларини аниқ белгилаш, баҳолаш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда ходимларни рағбатлантириш механизмларини ягона тартибга солишга қаратилган.

Ҳукуматнинг 29-июлдаги қарори билан “Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланганди.

Қарорга кўра, 2026/27-ўқув йилидан бошлаб Б+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлган, бошланғич синфларда дарс берувчи бошланғич таълим мутахассислигига эга ўқитувчиларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида, тегишли таълим тилига мос равишда барча фанлар бўйича лавозим маошига ҳар ойда 15 фоиз миқдорида қўшимча устама тўлаб борилади.

Низомга кўра, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мазкур соҳада ваколатли орган ҳисобланади. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгордан рўйхатдан ўтишда, ариза берилган кундаги БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади. Малака имтиҳони натижалари халқаро методика — Раш модели асосида ҳисобланади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.