Бибисора Ассаубаева рапид бўйича нуфузли турнирда зафар қучди

Бибисора Ассаубаева нуфузли рапид турнирида ғолиб чиқди
Қозоғистонлик шахматчи Бибисора Ассаубаева Франсиянинг Сен-Тропе шаҳрида ўтказилган ВР Воменъс Чесс Тоур халқаро турнирида муваффақиятли иштирок этиб, аёллар ўртасидаги Европа босқичида тезкор шахмат (рапид) йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Ассаубаева учун мусобақанинг чорак ва яримфинал баҳслари жуда шиддатли кечди. Ҳар икки босқичда ҳам асосий партиялар дуранг билан якунлангач, ғолиб номи тай-брейкда аниқланди. Қозоғистонлик гроссмейстер армагеддон партияларида рақибларини мағлуб этиб, ҳал қилувчи баҳсга йўлланма олди.
Турнирнинг финал учрашувида Ассаубаева украиналик тажрибали шахматчи Мария Музичук устидан 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. Плей-офф форматида ўтказилган мусобақадаги ғолиблик эвазига қозоғистонлик гроссмейстер 10 очкога эга бўлди.
27-август куни Сен-Тропеда блиц йўналиши бўйича учрашувлар бошланади. Блиц баҳсларидан сўнг энг юқори ўринларни эгаллаган икки нафар шахматчи ноябр ойида Германиянинг Штутгарт шаҳрида бўлиб ўтадиган Гранд Финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Маълумот учун, ВР Воменъс Чесс Тоур — аёллар шахматини ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилган янги халқаро лойиҳа бўлиб, унинг умумий мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Йил давомида турнир босқичлари Токио, Пунта-Кана, Мапуту ва Сен-Тропе шаҳарларида ўтказилади. Ҳар бир босқичга дунёнинг етакчи 8 нафар шахматчиси таклиф этилади, якунда энг юқори натижа кўрсатган икки спортчи ноябр ойида Штутгартда бўлиб ўтадиган якуний босқичга йўлланма олади.

