Сиёсат

Бернар Арно ўзига қарашли франсуз ОАВларни қандай қилиб жиловда ушлаб туради? Ле Монде суриштируви

ЛВМҲ конгломерати эгаси Бернар Арно Франсиядаги айрим ОАВни сотиб олишни 1990-йиллардаёқ бошлаган. Матбуот ёрдамида у янада кўпроқ давлат орттиришга, ЛВМҲъни суриштирувлардан ҳимоялашга, рақобатчиларини обрўсизлантиришга ва сиёсатга таъсир ўтказишга уринади, деб ёзмоқда Ле Монде ўз суриштирувида.

Бернар Арнонинг франсуз ОАВларини қандай бошқариши: Ле Монде суриштируви

ЛВМҲ конгломерати эгаси Бернар Арно, Лоуис Вуиттон, Чристиан Диор, Булгари ва Ҳеннессй каби ҳашаматли брендларни ўз ичига олган ҳолда, нафақат Франсиянинг, балки дунёнинг энг бой ва нуфузли шахсларидан биридир. Миллиардернинг таъсир доираси мода саноати билан чекланмайди; у ўнлаб йиллар давомида Франсия оммавий ахборот воситаларига ҳам таъсир ўтказиб келади. Айтишларича, у айрим нашрларни сотиб олиб, уларнинг таҳририят сиёсатини белгилайди, журналистларга ўз қоидаларини очиқчасига ўтказади, ўзига ёқмаган бошқа газета ва журналларни эса ЛВМҲ рекламаларидан келадиган улкан даромаддан маҳрум қилади. "Қўл остидаги матбуот ёрдамида у янада кўпроқ бойлик орттиришга, ЛВМҲ'ни ёқимсиз суриштирувлардан ҳимоя қилишга ва Франсиядаги сиёсатга таъсир ўтказишга уринади."

Арно таъсиридан холи бўлган Ле Монде нашри июл ойида унинг фаолияти юзасидан кенг кўламли суриштирув ўтказиб, олти қисмдан иборат туркум материалларни эълон қилди. Суриштирув Арнонинг сиёсий таъсир доираси, солиқ имтиёзлари, оилавий низолар ва матбуотга босим каби мавзуларни қамраб олган. Газета суриштирувнинг миллиардернинг Франсия оммавий ахборот воситалари билан муносабатларига бағишланган қисмидан энг муҳим жиҳатларни келтиради.

Бернар Арно оммавий ахборот воситаларини сотиб олишни 1990-йилларда бошлаган. Ле Монде нашрининг ёзишича, у ўша вақтларда ҳам медиага фақатгина бизнесни ёки ўзининг шахсий диди ва қарашларини илгари суриш воситаси сифатида қараган. Аслини олганда, у медиа соҳасини яхши тушунмайди. Қолаверса, пулини тўлаётган экан, ўзига тегишли ОАВлар унинг консерватив ва ўнг қанотга оид қарашларини акс эттиришини кутишга ҳақли эканига ишонади.

Масалан, классик мусиқа ишқибози бўлган Арно бошқа жанрлардаги мусиқаларни тинглашдан маъно йўқ деб ҳисоблайди. Шу сабабли у 30 га яқин бастакорнинг (Шопен, Бетҳовен ва Арнонинг рафиқаси — пианиночи Элен Мерсе шулар жумласидан) рўйхатини тузиб, ўз қўли остидаги Радио Слассиқуе радиостансияси эфир жадвалини тузувчиларга юборган. Ушбу радиостансияда, шунингдек, Франк Ферраннинг тарихий ҳикоялари ҳам эфирга узатиб турилади. Айни пайтда тингловчилар бу ҳикояларни радиостансия эгаси билан бир вақтда — у эрталаб ишга кетаётганида (соат 9:00 да) ва тушликдан қайтаётганида (соат 14:00 да) тинглайди.

2021-йилда — Франсиядаги президентлик сайловларига бир йил қолганда Радио Слассиқуе ҳар куни эрталаб сиёсий интервюларни эфирга узатган. Бироқ консерватив ва ўнг қарашларга эга бўлган Арно қўйган талабга кўра, интервюларга ўта бадавлат кишилар учун солиқ ставкаларини ошириш тарафдори бўлган сўл қарашли меҳмонларни таклиф қилмаслик керак эди. Радиостансия ходимлари плюрализм қоидалари нуқтаи назаридан бу қонунан мумкин эмаслигини тушунтирганида, Арно сиёсий эшиттиришни шунчаки тўхтатиб қўйди.

Душанба кунлари Арно ўз назорати остидаги нашрлар бош муҳаррирларини қабул қилиб, улар билан ўтган ҳафта давомида чоп этилган, ўзига маъқул келмаган барча материалларни таҳлил қилади. "Атрофимиз тамомила миналанган ҳудуд, дўзахнинг ўзгинаси," — дейди Арно тасарруфидаги ОАВ бош муҳаррирларидан бири Ле Монде нашрига берган интервюсида.

ЛВМҲ назоратидаги нашрлар таҳририятига нафақат конгломерат эгасининг шахсан ўзи, балки унинг қариндошлари ва яқинлари ҳам босим ўтказади. Улар бош муҳаррирларга кўрсатмалар беради, ходимларни ишга ёллашда қатнашади ва ЛВМҲ учун фойдали мақолалар чоп этилишини қатъий талаб қилади. Масалан, ЛВМҲъда коммуникациялар бўйича масъул бўлган тўнғич ўғли Антуан Арно нашрга тайёрланаётган аксарият материалларни эълон қилинишидан аввал ўқиб чиқади.

Солиқ мавзуси, афтидан, дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири учун энг оғриқли мавзу. Бир пайтлар иқтисодий либерализм ғояларини тарғиб қилган Лес Эчос бизнес газетасида ҳар куни бизнесга солиқ юкини ҳаддан ташқари оширишнинг хавфи ҳамда бозор иқтисодиётига чекловлар қўйиб бўлмаслиги ҳақида мулоҳаза юритувчи муаллифларнинг колонканлари эълон қилинади. Арно 2007-йилда Лес Эчос бизнес нашрини сотиб олишидан аввал газетанинг таҳририят йўналиши иқтисодий жиҳатдан либерал эди. У Лес Эчосъни Финансиал Тимесънинг франсузча талқинига айлантириши мумкин эди.

Бироқ у бундан дўстларини ҳимоялаш, рақобатчиларига қарши туриш ва ўз ғояларини илгари суриш мақсадида фойдаланади. Дарҳақиқат, Лес Эчос журналистлари нафақат Арнонинг сиёсий қарашлари билан, балки ЛВМҲ манфаатлари билан ҳам ҳисоблашишларига тўғри келади. Ушбу нашр саҳифаларида ЛВМҲ рақобатчилари бўлган компаниялар деярли тилга олинмайди.

Масалан, Керинг раҳбари Франсуа-Анри Пино ўз конгломератига ЛВМҲ ишга олмоқчи бўлган Лука де Меони бошқарувчи этиб тайинлади. Натижада франсуз мода бизнесида муҳим аҳамиятга эга бўлган бу тайинлов бир неча ҳафта давомида Лес Эчос нашри эътиборидан четда қолди. Қолаверса, ЛВМҲ раҳбарияти талаби билан де Меонинг тайинлангани тўғрисидаги мақоланинг бешинчи қаторидаёқ Керинғнинг барча қийинчиликлари — сотувлар пасайиши ва биржадаги котировкаларнинг тушиши аниқ-равшан кўрсатиб ўтилди.

Арнонинг нафратига дучор бўлган яна бир рақобатчиси Ҳермèс бўлиб, у мода саноатида тўлиқлигича асосчи оила қўлида қолган саноқли йирик компаниялардан бири ҳисобланади. ЛВМҲ ва Ҳермèс ўртасида матбуотда бир-бирига "ҳужум қилмаслик" ҳақида ёзилмаган келишув бор ва Арно бунга риоя қилади: Лес Эчос Ҳермèс ҳақида шунчаки ҳеч нарса ёзмайди. Агар бирор хабарни эълон қилмасликнинг иложи бўлмаса, у қидирув натижаларига тушиб қолмаслиги учун сайтдан зудлик билан олиб ташланади.

Фақат бу "яхши" маънодаги янгиликларга тааллуқли. Лекин Ҳермèс фаолиятида бирор нохуш ҳолат юз бергудек бўлса, Арнога тегишли нашрлар унинг рақобатчиси ҳақидаги энг хунук материалларни жон деб чоп этади. Ле Монде нашрининг ЛВМҲ ва Парис Матч журналидаги (Арно 2024-йилда сотиб олган, машҳурлар ҳамда оммабоп маданиятга бағишланган хафталик нашр) манбаларига кўра, конгломератнинг коммуникациялар бўлими Парис Матч таҳририятига Ҳермèс бош директори Аксел Дюманинг Жеффри Эпштейн билан бирга тушган кичик бир суратини тақдим қилган. Суратнинг ЛВМҲ қўлига қандай тушиб қолганига аниқлик киритилмаган.

Арно Франсия пойтахтининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига бағишланган Ле Парисиен газетасини 2015-йилда, ўзининг айтиши бўйича, "номида „Париж“ сўзи борлиги" учун сотиб олган. Аслини олганда эса ЛВМҲ шаҳардаги кўчмас мулк ва тижорат соҳасидан манфаатдор. Ле Парисиен нашри ҳам, Арно 2025-йилда сотиб олган Чалленгес иқтисодий журнали ҳам ўзларига таҳририят мустақиллигини кафолатловчи ҳужжатларни ишлаб чиқишга уринган. Ле Монде нашрининг ёзишича, бу уринишлар "самарасиз кечган".

Бернар Арно учун Франсиянинг асосий консерватив газетаси — Ле Фигарўни ҳам сотиб олиш мантиқан тўғри бўларди, ҳатто 1990-йилларда у бу ҳақда орзу ҳам қилган. Лекин бунга ҳожат қолмади: ЛВМҲ шунчаки ушбу нашрнинг энг йирик реклама берувчиларидан бирига айланди.

Арно фаолиятини суриштирадиган ва у ҳақда танқидий мақолалар чоп этадиган ОАВларни эса миллиардер шунчаки даромадининг катта қисмидан маҳрум қилади. 1989-йилда ҳозирда нашрдан чиққан ЛъЕхпансион бизнес журнали "Арно ниқобини ечмоқда" номли суриштирувни ҳамда Арно портрети остидан бўрининг тумшуғи мўралаб турган муқовани чоп этади. Бунга жавобан ЛВМҲ журналга эгалик қилувчи медиаҳолдингдаги барча рекламасини қайтариб олади, сўнгра ЛВМҲ ичидан ким ЛъЕхпансион журналистларига маълумот сиздирганини аниқлаш учун собиқ полициячиларни ёллайди.

ЛъЕхпансион билан боғлиқ воқеа Арно журналистик суриштирувларга қанчалик ёндашишининг ягона мисоли эмас.

2016-йилда журналист, жамоат фаоли ва сўлчи сиёсатчи Франсуа Рюффен ходимлар билан ноахлоқий муносабати учун ЛВМҲъни танқид қилувчи "Раҳмат, хўжайин!" ("Мерси Патрон!") номли сатирик ҳужжатли филмни суратга олди. Орадан уч йил ўтгач, ЛВМҲ раҳбарияти ўша пайтда парламентга номзодини қўйишга тайёрланаётган Рюффен томонидан чиқарилган Факир газетаси таҳририятини кузатиш учун хусусий агент ёллагани маълум бўлди.

Конгломератга агентни 2012-йилда Франсия контрразведкасининг собиқ раҳбари Бернар Скварчини томонидан асос солинган консалтинг компанияси топиб берган эди. Факир ортидан кузатув олиб бориш иши бўйича Скварчинига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Тергов унинг ЛВМҲ буюртмасига биноан ҳаракат қилганини исботлади, бироқ ЛВМҲ 10 миллион евро жарима тўлагач, иш жамоатчилик манфаатлари йўлидаги суд келишувининг имзоланиши билан якунланди. Арно ва ЛВМҲънинг бир неча собиқ топ менежери судга гувоҳ сифатида чақирилди. Скварчини эса тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бернар Арнонинг медиа вакиллари билан муносабатлари тарихида Ле Монде унинг Боллорé Гроуп оилавий империяси раҳбари ва Франсиянинг энг нуфузли медиамагнатларидан бири Венсан Боллоре билан дўстлигини алоҳида таъкидлайди. Танқидчилар кўпинча Франсия оммавий ахборот воситаларида ўнг қанот таъсирининг кучайишини Боллоре номи билан боғлайди.

Арно ва Боллоре узоқ вақтдан бери таниш бўлса-да, 2020-йилда ЛВМҲ раҳбари йирик Лагардèре медиагуруҳига 80 миллион евро сармоя киритиб, сўнг ўз аксияларини Боллорега сотгач, янада яқинлашди. Бу аксиялар учун Арно қарийб 190 миллион евро олди, Боллоре эса медиаҳолдингнинг бир қисми, жумладан, унга кирувчи Парис Матч журнали устидан назоратни қўлга киритди.

2023-йилнинг баҳорида Лес Эчос нашрида Эрик Орсеннинг "Ҳистоире дъун огре" китобига тақриз чоп этилди. Унда муаллиф Венсан Боллорени "демократия учун хавфли" деб атаган эди. Боллоре эса ўша пайтда ундан Парис Матч журналини сотиб олишга ҳозирланаётган Арнога шикоят қилди. Арно ишбилармон шериги билан муносабатларни бузишни истамади ва Лес Эчос бош муҳаррири Никол Баррени ишдан бўшатди. Бу воқеа Франсия ва унинг ташқарисида катта мунозараларга сабаб бўлди. Орадан бир йил ўтибгина таҳририят янги бош муҳаррирни — аввал Ле Мондеъда ишлаган Кристоф Жакубишинни тасдиқлай олди.

Бу ҳодиса Арно ва Боллорени янада яқинлаштирди. 2024-йилнинг кузида Парис Матч тўлалигича Арно мулкига ўтди ва кўп жиҳатдан ЛВМҲ брендларини илгари суриш учун майдонга айланди.

26-июл куни Ле Мондеънинг "Лъемпире Бернард Арнаулт" ("Бернар Арно империяси") туркум материалларига жавобан Бернар Арно ЛВМҲ матбуот хизматининг Х (Твиттер) тармоғидаги саҳифасида "Мерси" ("Раҳмат") сарлавҳаси остида очиқ хат эълон қилди.

Арно очиқ хатида Ле Монде қаламга олган мавзуларга бирма-бир тўхталиб, ОАВга таъсир ўтказиш масаласида, жумладан, нашрнинг ҳиссадорлари сафида бўлган куёви — Хавиер Ниелни эслатиб ўтади. У бу орқали франсуз ОАВ мустақиллиги аслида қандай ўлчовларга қараб баҳоланади, деган кинояли саволни кўтаради.

Лекин бу ўринда Арно бир жиҳатни атайин эътиборсиз қолдиради: Ле Мондеъда аксиядорлар билан таҳририят ўртасида институционал тўсиқ мавжуд. Содда тилда айтганда, нашр эгалари таҳририят ишини белгилаб бермайди ҳамда нашр ёритадиган мавзулар, материаллар мазмунига таъсир ўтказолмайди. Арно назорати остидаги нашрларда эса, аксинча, таҳририят учун бундай ҳимоя механизми деярли мавжуд эмас.

Яна бир эътиборли жиҳати шундан иборатки, агар Ниел ҳақиқатда Ле Мондеъга таъсир ўтказиш имконига эга бўлганида, бу суриштирув, эҳтимол, умуман чиқмаган бўларди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.