Берлин ва Рим қаршилиги: ЕИ янги мудофаа гуруҳини тузмайди
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас Европа мудофаа сиёсатини кучайтириш бўйича юқори даражадаги экспертлар гуруҳини тузиш ташаббусини сўнгги лаҳзада бекор қилди. Дпа маълумотига кўра, бунга Германия ва Италия ҳукуматларининг қаршилиги сабаб бўлган. Гуруҳ таркибига ЕИ давлатлари билан бирга Буюк Британия ва Украина вакилларини ҳам киритиш режалаштирилган эди.

Берлин ва Римнинг қаршилиги: ЕИ янги мудофаа гуруҳини тузмайди
Европа Иттифоқида Европа мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак бўлган юқори даражадаги экспертлар гуруҳини тузиш режаси амалга ошмайдиган бўлди.
дпа агентлиги хабарига кўра, ЕИ ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас 7-сентабрга мўлжалланган гуруҳ тақдимотини «сўнгги лаҳзада» бекор қилган.
Брюсселдаги ЕИ расмийларидан бири агентликка айрим аъзо давлатлар ҳозирги шароитда бундай гуруҳни ташкил этишни мақбул қадам деб ҳисобламаганини айтган.
ЕИ мамлакатлари мудофаа вазирлари билан ўтказилган музокаралардан кейин айнан шу ташаббусни давом эттирмасликка қарор қилинган.
Дпа маълумотига кўра, экспертлар гуруҳини тузишга, хусусан, Германия ва Италия ҳукуматлари қарши чиққан.
Режага кўра, янги экспертлар гуруҳига Кая Каллас раҳбарлик қилиши ва у Европанинг ҳарбий салоҳиятидаги мавжуд бўшлиқларни қандай қилиб тезроқ ҳамда самарали бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак эди.
Гуруҳ ўз фаолияти якунлари бўйича аниқ тавсияларни ўз ичига олган ҳисобот тақдим этиши режалаштирилган.
Унинг таркибига Европа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларидан юқори мартабали сиёсатчилар ва ҳарбийлар, шунингдек, Буюк Британия ва Украина вакилларини киритиш кўзда тутилган эди.
Гуруҳ аъзолари 7-сентабр куни эрталаб махсус тадбирда расман таништирилиши керак бўлган.
Каллас 1-сентабр куни Ирландиянинг Уиклоу шаҳрида ЕИ мудофаа вазирларининг норасмий учрашувидан кейин Украина Европа мудофаа имкониятларини кучайтиришга қаратилган ечимларни ишлаб чиқиш жараёнига жалб этилишини маълум қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, Киев юқори мартабали сиёсатчилар ва ҳарбийлардан иборат янги гуруҳга ЕИ мамлакатлари ҳамда Буюк Британия билан бирга кириши керак эди.
Каллас Украина жанг майдонида катта тажриба тўплаганини таъкидлаб, мамлакатни ҳарбий инновациялар бўйича «жаҳон етакчиси» деб атаган.

