Дунё

Белгиядаги «ИКЕА режаси» суд низосига сабаб бўлди

Европа Иттифоқи суди Швециянинг ИКЕА компанияси ва Белгиядаги ўта ўнг «Фламанд манфаати» партияси ўртасидаги товар белгисидан фойдаланишга оид низода компания позициясини қўллаб-қувватлади. Судга кўра, сиёсий кампанияда ИКЕА номидан фойдаланиш бренд обрўсига зарар етказиши мумкин. Иш бўйича якуний қарорни Белгия суди чиқаради.

Белгияда «ИКЕА режаси» атрофидаги можаро судга олиб чиқилди

Швециянинг ИКЕА компанияси Белгиядаги ўта ўнг «Фламанд манфаати» (Влаамс Беланг) партиясига қарши суд ишида вақтинчалик устунликка эришди.

Баҳсга партиянинг миграцияни камайтиришга қаратилган сиёсий дастурида ИКЕА товар белгисидан фойдаланилгани сабаб бўлди.

8-сентабр куни Люксембургдаги Европа Иттифоқи суди бу масалада ИКЕА позициясини қўллаб-қувватлади.

Судга кўра, бошпана ва миграция сиёсатига оид сиёсий режа номида ИКЕА сингари обрўли товар белгисидан фойдаланиш компания брендининг нуфузига путур етказиши ва унинг қонуний манфаатларига зид бўлиши мумкин.

Суд талқинига биноан, обрўли товар белгиси эгаси сиёсий партия томонидан ушбу белгидан фойдаланилишига эътироз билдириш ҳуқуқига эга. Бунда сиёсий партия ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқи товар белгиси эгасининг ҳуқуқ ва манфаатларидан устун эканини исботлаши керак.

Низо 2022-йилда бошланган. Ўшанда «Фламанд манфаати» партияси Белгиянинг миграция қонунчилигини ислоҳ қилишга доир дастурини «ИКЕА режаси» деб номлаган.

Партия ҳатто сиёсий режасини ИКЕА мебелларини йиғиш бўйича машҳур йўриқномалар услубида безаган.

Бироқ бу ерда ИКЕА сўзи компания номи сифатида эмас, балки нидерланд тилидаги Иммигратие Кан Эчт Андерс иборасининг қисқартмаси сифатида ишлатилган. Мазмунан уни «Иммиграция ҳақиқатан ҳам бошқача бўлиши мумкин» деб таржима қилиш мумкин.

Шундан кейин ИКЕА ўз товар белгисидан сиёсий кампанияда фойдаланилганига қарши судга мурожаат қилди.

«Фламанд манфаати» эса ИКЕА брендининг кенг танилганидан ўз сиёсий ғояларига эътибор қаратиш ва уларнинг таъсирини кучайтириш учун фойдаланганини яширмаган. Партия бу ҳаракатини фикрни эркин ифода этиш ҳуқуқи билан оқлаган.

Ишни кўриб чиққан Белгия суди мазкур вазиятда икки асосий ҳуқуқ — мулк ҳуқуқи ва фикрни эркин ифода этиш ҳуқуқи ўртасида зиддият бор деган хулосага келган.

Шу сабабли Белгия суди Европа Иттифоқи судидан бу масала юзасидан ҳуқуқий изоҳ беришни сўраган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.