Белгияда қурувчилар девор орасидан 9 млн евролик олтин топди

Белгияда қурувчилар девор орасидан 9 миллион евролик олтин топди
Белгиянинг Дендермонде шаҳри яқинида канализация қувури ётқизаётган қурувчилар эски бино ертўласидан қарийб 9 миллион евролик олтин топди. Бу ҳақда Билд нашри хабар берди.
Хазина собиқ пиво заводига тегишли бинода таъмирлаш ва канализация ишлари олиб борилаётган пайтда аниқланган. Олтинлар ертўладаги девор орасига яшириб қўйилган бўлган.
Топилмани биринчи бўлиб ёзги таътил вақтида қурилишда ишлаётган 18 ёшли талаба Кобе пайқаган. У дастлаб кўриниб турган ялтироқ тангаларни оддий пул деб ўйлаган. Қазиш ишлари давом эттирилгач, девор орасидан кўплаб олтин тангалар ва қуймалар чиққан.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, хазина таркибида 49 та олтин қуйма ва минглаб тангалар бор. Уларнинг умумий қиймати тахминан 9 миллион евро ёки 10 миллион доллардан ортиқ баҳоланмоқда.
Айрим қуймаларда 1957–1961-йилларга оид белгилар аниқланган. Бу хазина қачон ва ким томонидан яширилганини аниқлашга ёрдам бериши мумкин.
Бино илгари маҳаллий пиво ишлаб чиқарувчи Ван Ассче оиласига тегишли бўлган. Шу сабаб олтинлар ушбу оилага алоқадор бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бироқ ҳозирча хазинанинг қонуний эгаси аниқланмаган.
Топилган олтинлар полицияга топширилган. Прокуратура уларнинг келиб чиқиши ва жиноят билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам текширмоқда.
Воқеа ҳақида хабар тарқалгач, ҳудудга яна хазина топиш умидида одамлар кела бошлаган. Полиция бино бузилиш жараёнида эканини билдириб, фуқароларни қурилиш майдонига кирмасликка чақирган.
2026-йил январида Исроилнинг Яҳудия саҳросидаги Гиркания археологик ёдгорлигидан қарийб 1400 йиллик олтин хазина топилган эди. Топилма Византия даврига тегишли бўлиб, археологлар уни қадимий монастир ҳудудидан аниқлаган.

