Беларусдан Ўзбекистонга илк “Славян карвони” юк поезди йўлга чиқди
Беларусдан Ўзбекистонга илк тўғридан-тўғри қатновчи ъСлавян карвониъ юк поезди йўлга чиқди. У ёғочни қайта ишлаш маҳсулотлари, озиқ-овқат ва омухта емни олиб келади. Қайтиш йўналишида эса Беларусга Ўзбекистоннинг қовунлари, қуритилган мевалари ва тўқимачилик маҳсулотлари ташилади.

Беларусдан Ўзбекистонга биринчи тўғридан-тўғри юк поезди – “Славян карвони” – 30-июл куни йўлга чиқди. Бу ҳақда БелТА давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Поезд Витебск вилоятидаги Орша-Шарқий стансиясидан жўнатилди. Ушбу стансия Беларуснинг барча ҳудудларидан келадиган юк вагонларини жамлаш учун танланган. Поезд Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон йўналиши бўйлаб ҳаракатланади.
Вагонларга ёғочни қайта ишлаш маҳсулотлари, омухта ем, шунингдек, шакар ва картошка крахмали каби озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган. Келгусида ташиладиган юк турларини кенгайтириш режалаштирилган.
Беларус темир йўллари раҳбари Валерий Вереничнинг сўзларига кўра, поезд манзилгача таркиби ажратилмасдан ва қўшимча тўхташларсиз етиб боради.
“Бу етказиб бериш муддатини қарийб икки баравар қисқартириш ва юкнинг сақланишини ишончли таъминлаш имконини беради. Поезд йўловчи поезди жадвали бўйича ҳаракатланади, яъни унинг қачон йўлга чиқиши ва қачон манзилга етиб бориши аниқ бўлади. Таркибга 20 тонна юк сиғадиган алоҳида контейнерлар ҳам қўшилиши мумкин. Шу туфайли Беларусдаги кичик корхоналар 60 тоннали бутун вагон тўлишини кутмай, юкларни кичик партияларда жўнатиш имкониятига эга бўлади”, – деди у.
Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожник юкларни темир йўл орқали ташиш автомобил транспортига нисбатан иқтисодий жиҳатдан манфаатлироқ эканини таъкидлади.
“20 тонналик контейнерни темир йўл орқали етказиб бериш автомобил транспортига нисбатан камида бир ярим баравар арзонга тушади. Агар аввал битта вагонни етказиб бериш икки ойгача вақт олган бўлса, энди ушбу поезд Ўзбекистонга 5-7 сутка ичида етиб боради”, – деди у.
“Гап фақат бизнинг юкларимизни етказиб бериш ҳақида кетаётгани йўқ. Худди шундай поездлар Ўзбекистондан ҳам товарлар билан йўлга чиқади. Улар енгил саноат маҳсулотларидан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, Беларусда етиштирилмайдиган меваларгача ташийди. Бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам манфаатли”, – дея қўшимча қилди Рогожник.
Шунингдек, у яқин вақтларда Ўзбекистонга ташриф буюриб, Андижон вилояти раҳбарияти билан ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни имзолаш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Нуриддин Маматажоновнинг маълум қилишича, қайтиш йўналишидаги поездлар Беларусга Ўзбекистонда етиштирилган қовунлар, қуритилган мевалар ва тўқимачилик маҳсулотларини олиб боради. “Беларус сегодня” нашри маълумотига кўра, томонлар қатновлар сонини ойига тўртта поездгача оширишга тайёрлигини билдирган.
Июл ойи бошида Ўзбекистон ва Беларус президентлари стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди. Шунингдек, 2026-2030-йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси қабул қилиниб, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, маданият, туризм, ижтимоий ҳимоя, меҳнат миграцияси ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳаларида қатор битимлар имзоланган.

