Дунё

Беларусда мактаб ўқувчилари дронларни бошқаришга ўргатилади

Беларусда мактаб ўқувчилари дронларни бошқаришга ўргатилади. Бу ҳақда мамлакат таълим вазири ўринбосари Александр Кадлубай маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Беларусда 10-синф ўқувчилари учун янги дастур ишлаб чиқилган.

“Биз амалий жиҳатни кучайтирдик. Ўнинчи синф ўқувчилари учун дастур учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш кўникмаларини ўрганиш ва ўзлаштириш бўйича 10 соатлик курсни ўз ичига олади. Қизлар учун тиббий тайёргарликнинг амалий блоки анча кенгайтирилди — тактик тиббиёт элементлари киритилди. Биз балансни амалий машғулотлар томон силжитдик ва уларнинг ҳажмини оширдик. Соф назариядан реал шароитларда зарур бўлган аниқ кўникмаларга ўтдик”, деди Кадлубай.

Маълумотларга кўра, Беларусда таълимни ҳарбийлаштириш жараёни кучайган. Жорий йилдан 10-синф ўқувчилари учун 10 кунлик ўқув-дала йиғинларида қатнашиш мажбурий этиб белгиланган. Болалар боғчаларида “ҳарбий-ватанпарварлик” йўналишидаги гуруҳлар, мактаб ва коллежларда эса “ҳарбий-ватанпарварлик” клублари очилмоқда.

Июл ойида Беларус президенти Александр Лукашенко унинг буйруғи билан махсус операция кучлари Украина чегараси бўйлаб жойлаштирилганини айтганди. 2026-йил бошидан буён мамлакатда 43 та бомбапаноҳлар қайта тикланган.

Июн ойида Беларус Мудофаа вазирлиги Полша ва Литва билан чегарадош Гродно вилоятида машғулотлар ўтказган. Тадбирлар давомида фуқаролар ва транспортни сафарбар этиш ҳаракатлари ишлаб чиқилган.

23-июн куни Тҳе Валл Стреет Жоурнал газетаси Россия Украинага қарши янги фронт очиш мақсадида Беларус ҳудудидан фойдаланишни талаб қилиб, Лукашенкога босимни кучайтиргани ҳақида ёзганди. Россия қўшни давлатдан НАТОга қарши оммавий дрон ҳужумлари ва гибрид операциялар уюштиришда фойдаланишни кўриб чиқаётгани айтилган.

Мазкур хабар ортидан Лукашенко Беларус Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларга қўшилиш ниятида эмаслигини айтди. У бу масалани Россия президенти Владимир Путин билан кўп марта муҳокама қилганини билдирган. Шунингдек, беларуслар украиналиклар билан уришишни истамаслигини таъкидлаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.