Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи этиб тайинланди

Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи этиб тайинланди
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида генерал-маёр Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақдаги маълумотни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати “Дарё”га тасдиқлади.
У 1975-йилда туғилган. 1997-йилда Мудофаа вазирлиги Самарқанд олий ҳарбий автомобил ва муҳандислар қўмондонлик билим юртини, 2009-йилда Наманган давлат университетини тамомлаган.
Абдуллаев 2020—2021-йилларда Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари лавозимларида хизмат қилган. 2021-йилдан 2025-йилгача ички ишлар вазирининг ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган.
2025-йил 3-ноябр куни у ишдан олинган. Кейинроқ, давлат мулкини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича гумон қилиниб, қамоққа олинганди.
2026-йил апрелида вазирнинг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ҳамда Жазони ижро этиш Бош бошқармаси собиқ раҳбари полковник Рустам Турсунов озод этилгани айтилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Манбаларга кўра, Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсуновдан ташқари, уларга алоқадор 7 нафар амалдор ҳам 15-апрел куни озодликка чиқарилган. Улар етказилган зарарни қоплагани қайд этилган.

