Дунё

BBC Verify аниқлашича, ИДФ томонидан одам ўлдириш ҳолатлари бўйича ўтказилган юзлаб суриштирувлар жамоатчиликка ҳеч қандай натижа бермаган

BBC Verify сўнгги уч йил ичида Исроил ҳарбийлари зарар етказганликда айбланганидан кейин кўриб чиқаётганини маълум қилган 254 та ҳодисани аниқлади.

BBC Verify аниқлашича, Исроил Мудофаа кучлари (IDF) томинадан одамлар ўлдирилгани бўйича юритилган юзлаб текширувларнинг ошкора якуни йўқ

BBC Verify Исроил ҳарбийлари Ғазо, Ливан, эгалланган Ғарбий соҳил ва Исроилда одамларни ўлдириш ёки ярадор қилишда айбланган ҳамда уларни текшираётганини билдирган, аммо ошкора якуни эълон қилинмаган 254 та ҳодисани аниқлади.

Муайян вазифа учун яратилган АИ (сунъий интеллект) воситаларидан фойдаланган ҳолда, BBC Verify 60 000 дан ортиқ янгиликлар ҳисоботини кўриб чиқди ва Ғазодаги уруш бошланганидан бери Исроил Мудофаа кучлари (IDF) зарар етказганликда айбланган юзлаб ҳодисаларни ўрганиб чиқди. Ҳар бир ҳолат синчковлик билан қўлда текширилгандан сўнг, биз ҳарбийлар текшираётганини айтган 300 та ҳодисани топдик, аммо уларнинг фақат 28 таси бўйича натижалар IDF веб-сайтида эълон қилинган. Яна 18 та ҳолатда текширув якунлангани ёки йўқлиги ноаниқ эди.

BBC Verify ҳар бир ҳолат бўйича IDF билан қайта-қайта боғланди, аммо фақат иккита ҳодиса бўйича тафсилотларни олди ва IDF улар ҳали ҳам кўриб чиқилаётганини айтди. «IDF қонунга ёки IDF кўрсатмаларига зид бўлиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар бўйича хавотир уйғотадиган ҳар бир айблов ёки ҳисоботга жуда жиддий қарайди», дейилади баёнотда.

Женева конвенцияларини қўллаб-қувватлаш учун уруш ҳудудларида фаолият юритадиган Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) халқаро гуманитар ҳуқуқнинг мумкин бўлган бузилишлари бўйича суриштирувлар, жиноий ёки бошқача бўлишидан қатъи назар, имкон қадар очиқ бўлиши кераклигини айтади.

BBC Verify томонидан аниқланган 254 та ҳодисадан 158 таси Ғазода, 48 таси Ғарбий соҳилда ва 32 таси Ливанда содир бўлган. Яна 16 таси Исроилда ёки IDF ҳибсхоналарида юз берган. БАРЧАСИ 2023 йил 7 октябрдан 2026 йил 19 августгача бўлган даврда содир бўлган ва уларнинг 200 дан ортиғида камида бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ошкора якуни бўлмаган баъзи ҳолатлар 2023 йилнинг охирига бориб тақалади. Энг кўп одам ўлимига олиб келган ҳодисалардан бири 2024 йил августида Ғазодаги мактаб биносига берилган зарба бўлиб, ўшанда камида 93 киши, жумладан олти нафар аёл ва 11 нафар бола ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Уч йилдан бери Исроил ҳарбийлари зарар етказиш айбловларига кўпинча ҳодиса қандайдир тарзда текширилаётганини, масалан, у «ўрганилаётгани», «кўриб чиқилаётгани», «текширилаётгани» ёки «таҳлил қилинаётганини» айтиш орқали жавоб бериб келмоқда. Кўпинча, жамоатчилик бу ҳолат ҳақида охирги марта шуни эшитади.

Бир нечта ҳодисалар IDF томонидан жиноий суриштирув учун юборилган. Жамоатчиликнинг кучли эътиборини тортган иккита ҳолат беш ёшли Ҳинд Ражабнинг ўлдирилиши ва 100 дан ортиқ ўқ узилган ҳамда яқин масофадан нишонга олинган деб айтилаётган 15 нафар Фаластин Қизил Ярим Ой фавқулодда вазиятлар ходимининг ўлдирилиши билан боғлиқ.

IDF ҳарбий текширувларининг натижалари, жумладан аскарларга нисбатан жиноий суриштирувларга олиб келадиган натижалар ҳам мунтазам равишда ошкор қилинмайди.

Баъзи эълон қилинган ҳолатлар Исроил операциялари натижасида ҳалок бўлгани айтилаётган Ғазодаги гаровдагиларга тегишли. Баъзи ҳолларда ҳарбийлар фақат BBC Verify ёки бошқа оммавий ахборот воситалари боғланганидан кейингина текширув ўтказаётганини айтган.

Август ойида IDF Ғазодаги бешта ҳодиса, жумладан Ҳинд Ражаб ва 15 нафар Фаластин фавқулодда вазиятлар ходимининг ўлдирилиши бўйича ички текширувлар ҳақида камдан-кам учрайдиган ҳисоботни эълон қилди ва улар жиноий суриштирув даражасига оширилганини айтди.

Бошқа учта ҳолатда, жумладан, ҳаво ҳужумида World Central Kitchen (WCK) нинг етти нафар инсонпарварлик ёрдами ходимининг ўлдирилиши ва Ғазодаги иккита алоҳида ҳужумда «Чегарасиз шифокорлар» (MSF) нинг тўрт нафар ёрдам ходимининг ўлдирилиши бўйича, IDF жиноий суриштирув очиш учун ҳеч қандай асос ёки асосли гумон топмаганини айтди.

Ҳисоботда айтилишича, Исроил Бош штабининг «фавқулодда оператив ҳодисаларни» IDF томонидан текширишни бошқарадиган Фактларни аниқлаш ва баҳолаш механизми (FFAM) уруш бошланганидан бери 150 га яқин ҳолат бўйича кўриб чиқишни якунлаган.

Ҳисоботга кўра, ушбу ҳолатлар энди кўриб чиқиш учун IDF Ҳарбий прокуратурасига топширилган. IDF 150 та ҳодиса нимадан иборат эканини айтмади ва сўралганда, улар BBC Verify томонидан аниқланган ҳолатлардан айрича экани ёки йўқлигига аниқлик киритмади.

Тайинли сўровларга қарамай, IDF BBC Verify томонидан аниқланган 300 та текширувнинг ҳолати ҳақида аниқ маълумот бермади.

Баёнотда IDF «қонуний ва оператив мулоҳазаларни, шунингдек, махфийлик ва ахборот хавфсизлигига оид чекловларни ҳисобга олган ҳолда, имкон қадар текширув ва суриштирувлар натижаларига оид маълумотларни эълон қилишини» билдирди.

Қўшимча қилинишича, баъзи ҳодисалар қўмондонлик даражасидаги оператив кўриб чиқишлар орқали ҳал қилинади, улар «воқеалар кетма-кетлигини аниқлаш, камчиликларни аниқлаш ва оператив хатти-ҳаракатларни яхшилаш ҳамда зарур қўмондонлик чораларини кўриш мақсадида сабоқ чиқаришга қаратилган».

Шунингдек, IDF уруш пайтида кутилган стандартларга жавоб бермаган ва IDF кўрсатмаларига қарши ҳаракат қилган аскарларга нисбатан ўнлаб ҳолатларда интизомий чоралар кўрилганини, жумладан, жанговар вазифалардан ва эҳтиётдаги хизматдан четлаштирилганини айтди.

Исроилнинг Yesh Din инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан олинган Ахборот эркинлиги маълумотлари шуни кўрсатдики, 2023 йил октябридан 2024 йил августигача Ғазо билан боғлиқ камида 1 456 та ҳодиса FFAM га юборилган. Ушбу кўриб чиқишларнинг 12 таси якунланиб, Ҳарбий бош юрист (MAG) корпусга юборилган ва иккитаси жиноий суриштирувга олиб келган.

2006 йилдан бери ҳарбий текширувларни кузатиб бораётган Yesh Din тадқиқотчиси Дэн Оуэн BBC Verify га IDF кўпинча текширувларни «чўзишга» ҳаракат қилади деб ишонишини айтди. «Улар бу жараёнларни одамлар унутадиган ва одамлар улар ҳақида қайғурмай қўядиган даражада чўзишга ҳаракат қилишади», деди у.

Оксфорд университетининг халқаро ҳуқуқ профессори Янина Диллнинг айтишича, Женева конвенциялари қуролли можаро тарафидан «ўз ходимларини текшириш ва эҳтимолий жавобгарликка тортишни» талаб қилади.

«Бу мутлақо аниқ асосий талабдир», деди у. «ХҚХҚ томонидан маъқулланган текширув бўйича кўрсатмалар ҳам мавжуд, шунинг учун улар муайян ваколатга эга. Ва улар тезкорлик, синчковлик, холисликни таъкидлайдилар.»

Исроил Демократия Институти (IDI) Хавфсизлик ва демократия маркази директори ва IDF нинг собиқ тўнғич ҳуқуқшуноси Эран Шамир-Борер Исроил иштирокидаги можаролардаги айбловларни текширишда жанг майдонининг мураккаблиги сабабли «ҳақиқий қийинчиликлар» борлигини айтди.

«[Душманона бўлган], ҳамиша ҳам сизнинг назоратингизда бўлмаган ҳудудда далилларни йиғиш жуда қийин бўлиши мумкин. Жойларда жуда кўп кучлар бор, уларнинг кўплари ўт очади», деди у.

Шамир-Борер қўшимча қилди: «Уруш контекстида аскарларни текшириш ғояси ҳеч қачон оммабоп иш бўлмаган» ва бу бошқа қонунга бўйсунувчи мамлакатларда ҳам тўғри эканини айтди.

Унинг айтишича, Исроилга ўз текширувлари ҳақида кўпроқ шаффофлик фойда келтиради ва у IDF ни «турли айбловларни текширишда эришаётган ютуқлари ҳақида жамоатчилик билан баҳам кўраётган маълумотларида очиқроқ бўлишга» чақирган бўлар эди.

2023 йил 7 октябрда Ҳамас томонидан Исроилда амалга оширилган ва 1 200 га яқин одам ҳалок бўлган ҳамда яна 251 киши гаровга олинган ҳужумлардан бери, IDF Ғазода гаровга олинганларни қайтариб олиш ва Ҳамасни йўқ қилишга қаратилган кенг кўламли ҳарбий операцияларни ўтказмоқда.

Ҳамас томонидан бошқариладиган соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Исроил ҳужумларида 74 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

BBC Verify сўнгги уч йил ичида фавқулодда вазиятлар ходимлари ва Ғазо ичида ёрдамга эришишга ҳаракат қилаётган одамларнинг ўлдирилиши, сектордаги минглаб биноларнинг вайрон қилиниши ва исроиллик аскарларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари ҳақидаги айбловлар ҳақида хабар берган.

Уруш бошланганидан атиги икки ой ўтиб, 2023 йил декабрь ойида ҳудуддаги ягона католик черковида Исроил қўшинлари томонидан икки аёл ўлдирилди, бу ҳодиса кейинчалик IDF томонидан кўриб чиқилаётгани айтилган эди.

Қуддуснинг Лотин Патриархатига кўра, она Наҳида Антон ва унинг қизи Самар Антон Ғазодаги Муқаддас Оила черкови ҳудудида мерган ўқидан ҳалок бўлган.

BBC Verify ўша пайтда ҳисобот бўйича IDF билан боғланган. Ҳарбийларнинг айтишича, дастлабки кўриб чиқиш шуни кўрсатдики, қўшинлар «черков ҳудудида» аниқланган Ҳамас хавфига қарши ҳаракат қилишган. IDF «ҳодисани синчковлик билан кўриб чиқаётганини» қўшимча қилган.

2025 йил сентябрь ойида BBC Verify янгиланган маълумотни сўради ва ҳодиса «ҳали ҳам FFAM томонидан кўриб чиқилаётгани» айтилди.

Энди, Наҳида ва Самар ўлдирилганидан деярли уч йил ўтиб, IDF яна бу иш кўриб чиқилаётганини айтди.

Маълумот учун охирги сўровдан сўнг IDF шундай деди: «Мураккаб ҳодисалар тегишли фактик маълумотларни йиғиш, солиштириш ва текшириш учун сезиларли вақт талаб қилиши мумкин.»

У шундай қўшимча қилди: «IDF ташқи муддатларга риоя қилиш учун текширув ёки суриштирув жараёнларини қисқартирмайди ёки улардан воз кечмайди.»

Фаластинликлар 2024 йил августида Исроилнинг Ал-Табаин мактаби биносига қилган ҳужумидан вуржудга келган вайронагарчиликни кўздан кечирмоқдалар

Исроил ҳарбийлари томонидан ҳали ҳам текширилаётган энг кўп одам ўлимига олиб келган ҳодисалардан бири 2024 йил августида Ғазо шаҳрининг шарқидаги мактаб биносига берилган ҳаво ҳужумидир.

Ҳамас томонидан бошқариладиган фуқаролик мудофааси агентлигининг айтишича, Табаин мактаб мажмуаси ва яқин орадаги масжидга берилган зарбада камида 93 киши, жумладан олти нафар аёл ва 11 нафар бола ҳалок бўлган.

Тонгги намоз вақтида Исроилнинг бир нечта зарбалари ҳудудга текканда, бинолар кўчирилган фаластинликларга бошпана бўлаётган эди. Воқеа оқибатлари акс этган BBC томонидан текширилган видеоларда фавқулодда вазиятлар ходимлари кичик оловлар, вайроналар ва полда сочилган тана қисмлари оралаб ҳаракат қилаётганда чанг булути кўринган. Кундузги фотосуратларда қонга беланган поллар, чиқиндилар ва сочилган кийимлар кўринган.

Мутахассислар BBC Verify га воқеа жойида кўринган ўқ-дори парчалари АҚШ томонидан Исроил ҳарбийларига етказиб берилган GBU-39 аниқ нишонга олувчи бомбага мос келишини айтишди.

Ўша пайтда IDF Ҳамаснинг қўмондонлик ва бошқарув маркази мактаб биносига жойлаштирилганини ва IDF аскарлари ҳодисада 31 жангарини ўлдирганини айтган эди. Қўшимча қилинишича, «дастлабки кўриб чиқиш» талофат рақамлари IDF да мавжуд бўлган маълумотларга, ишлатилган аниқ ўқ-дориларга ва зарбанинг аниқлигига мос келмаслигини кўрсатди. IDF BBC Verify га ҳодиса ҳали ҳам кўриб чиқилаётганини айтди.

BBC Verify шунингдек, IDF Ғарбий соҳилда текшираётганини айтган ҳодисаларни ҳам ўрганди. Исроил 1967 йилги урушдан бери бу ҳудудни эгаллаб келади ва у ерда ўнлаб турар жойлар қурган, бу халқаро ҳуқуқга кўра ноқонуний ҳисобланади.

БМТ Инсонпарварлик ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йил 11 октябрдан бери Ғарбий соҳилда Исроил кучлари томонидан 1 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

BBC Verify ҳудуддаги ҳодисалар бўйича 50 дан ортиқ IDF текширувларини кўриб чиқди, уларнинг камида 26 таси аёллар ва болаларнинг ўлдирилиши ёки ярадор бўлиши билан боғлиқ.

Шундай ҳолатлардан бири 2024 йил сентябрь ойида Женин ташқарисида содир бўлган, ўшанда Исроил кучлари Исроил операцияси пайтида 16 ёшли Лужайн Муслеҳни ўлдиргани хабар қилинган эди.

Лужайннинг отасининг айтишича, аскарлар қўшни уйни ўраб олганидан сўнг, у Кафр Дандаги уйининг деразасидан қараб турганда бошига ўқ теккан.

Исроил ҳарбийлари ўша пайтда қуролланган жангарилар аскарларга қарата ўт очганини, улар «уларни кузатган гумонланувчига қарата жавоб ўти очганини» ва тафсилотлар кўриб чиқилаётганини айтган эди.

BBC Verify шунингдек, Ливандаги зарар етказиш ҳодисалари бўйича 40 га яқин IDF текширувларини топди.

Шиа мусулмон қуролли гуруҳи Ҳизбуллоҳ 7 октябрдаги ҳужумлардан сўнг Ҳамасни қўллаб-қувватлаб Исроилга ракеталар отди. Ўшандан бери Исроил Ливанга иккита йирик босқинни амалга оширди, мамлакат соғлиқни сақлаш органларига кўра, у ерда 4 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

BBC Verify томонидан аниқланган IDF текширувларидан бири 2024 йил 10 ноябрда бўлиб ўтган.

Воқеа оқибатлари акс этган текширилган тасвирларда бинолар вайрон бўлган жойда вайроналар ва букилган металл парчалари орасидан тутун кўтарилгани кўринган. IDF ўша пайтда Ҳизбуллоҳ фаолият юритган ва қурол-яроғ сақлаган жойни нишонга олганини ва ҳодиса кўриб чиқилаётганини айтган эди.

Илгари IDF билан яқиндан ишлаган Рединг университетининг халқаро ҳуқуқ профессори Майкл Шмитт Исроил ҳарбийларининг юридик бўлими «қонунни тушуниш нуқтаи назаридан олтин стандарт» эканини айтди ва «қоидабузарлик содир бўлгани ҳақидаги ҳар бир айблов автоматик равишда тўлиқ текширувни бошлаб юбормаслигини» қўшимча қилди.

Шмитт IDF текширув тафсилотларини ёки текширув ўтказмаслик ҳақидаги қарорни ошкор қила олмаслигининг бир нечта сабаблари бўлиши мумкинлигини айтди. «Масалан, сиз оператив тафсилотларни ёки муайян жанговар қоидаларни ошкор қилишни хоҳламайсиз, чунки душман кучлари мослашади», деди у ва қўшимча қилди: «Ва ҳатто сиз текширув ўтказганингизда ҳам, [унинг] кўп элементлари махфий бўлиб қолади.»

Оксфорд Этика, ҳуқуқ ва қуролли можаролар институти (ELAC) ҳаммудири бўлган Дилл шундай деди: «Бу операция бошланганига уч йил бўлди, ушбу текширувларнинг баъзилари якунланиши керак эди.»

Унинг айтишича, зарар етказиш ҳодисаларини текширишга келганда, «Исроил халқаро ҳамжамиятнинг текширишга бўлган уринишларини ноқонуний деб топиш учун ўзининг қонун устувор мамлакат экани ҳақидаги аргументига жуда таяниб келмоқда».

«Агар бизда текширилмаган ёки текширувлари тўхтаб қолган ҳужжатлаштирилган суиистеъмоллик ҳолатлари бўлса ва уларнинг пайсалга солинаётганига ишониш учун асосли сабабларимиз бўлса, бу Исроилнинг жавобгарликни таъминлашга тўлиқ қодир экани ҳақидаги қарашни хавф остига қўяди», дея қўшимча қилди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.