Маҳаллий

Байрам кунлари автобус, электропоезд, самолётлар қўшимча қатновлари ташкил этилади

Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан байрам кунларида мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни истаганлар учун қўшимча автобус, электропоезд ва самолёт қатновлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси маълум қилди.

Қўмита хабарига кўра, байрам кунларида аҳолининг Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш, ички туризмни рағбатлантириш ҳамда сайёҳлик ҳудудларига бориш-келиш учун қулай шароит яратиш мақсадида темирйўл, автомобил ва ҳаво транспорти йўналишларида қўшимча қатновларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Темирйўл транспортида Тошкент—Хива—Тошкент, Тошкент—Қўнғирот—Тошкент, Тошкент—Шовот—Тошкент, Тошкент—Термиз—Тошкент ва Тошкент—Сариосиё—Тошкент йўналишларида ҳаракатланувчи поездлар таркибига 4 тагача қўшимча вагон уланади.

Шунингдек, Тошкент—Самарқанд—Тошкент, Тошкент—Бухоро—Тошкент ва Тошкент—Урганч—Тошкент йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларнинг қўшимча қатновлари йўлга қўйилади. Бу қўшимча қатновлар байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давомида мунтазам сақланади.

Автомобил транспортида вилоятлараро барча йўналишларда қўшимча автобус қатновлари ташкил этилади. Хусусан, Тошкент—Жанубий темирйўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилиб, байрамдан камида 3 кун олдин Тошкент—Самарқанд—Бухоро—Урганч—Нукус йўналишларидаги автобуслар шу ерга жойлаштирилади.

Ҳаво транспорти орқали ҳам туристик йўналишларга саёҳат қилиш имкониятлари кенгайтирилади. Байрамдан камида икки кун олдин Тошкент—Урганч, Тошкент—Нукус, Тошкент—Бухоро ва Тошкент—Термиз йўналишларида қўшимча авиарейслар амалга оширилади.

“Кўрилаётган мазкур чоралар байрам кунларида аҳолининг мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб саёҳатларини кўпайтириш, ички туризмни ривожлантириш ҳамда юртимизнинг тарихий, маданий ва табиий туристик масканларига ташрифлар учун янада қулай шароит яратишга хизмат қилади”, дейилади қўмита хабарида.

Бу йил Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланадиган кунларда мамлакат аҳолиси кетма-кет 3-4 кун дам олади. Ҳафтасига беш кун ишловчилар учун кетма-кет тўрт кун (29-август — 1-сентябр), олти кун ишловчилар учун эса кетма-кет уч кун (30-август — 1-сентябр) дам бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.