Бахтиёр Иноқов Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди

Бахтиёр Иноқов Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди.
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан, подполковник Бахтиёр Иноқов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбари этиб тайинланди.
Ушбу тайинлов халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинди. Иноқов Ички ишлар вазирлиги Академиясининг магистратура босқичини тамомлаган.
Сессия давомида вилоятдаги криминоген вазият ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, ҳисобот даврида вилоятдаги 723 та маҳалладан 528 тасида, яъни 73 фоизида жиноят қайд этилмаган.
Шу билан бирга, 28 та маҳалла "қизил" тоифада қолаётгани танқид остига олинди. Янги бошлиққа жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, 21-август куни Сурхондарё ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган Тимур Исмоилов Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи этиб тайинланган эди.

