Бахтиёр Иноков Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи бўлди
Подполковник Бахтиёр Иноков Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди. Унга жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш вазифаси юклатилди.

Бахтиёр Иноков Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, подполковник Бахтиёр Раҳимжонович Иноков Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг янги бошлиғи этиб тайинланган.
Унинг зиммасига жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳар бир маҳаллада хавфсизликни таъминлаш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, янги раҳбар аҳоли билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши, фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ўрганиши ва уларни ҳал этиш йўлларини топиши лозим. Ички ишлар органларига аҳолининг ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарларига жиноят содир этилишига олиб келувчи омилларни манзилли бартараф этиш ҳамда ҳар бир маҳалладаги иш самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилди.
Бахтиёр Иноков ушбу лавозимда Тимур Исмоиловнинг ўрнини эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, Тимур Исмоилов аввалроқ Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи этиб тайинланган эди.

