“Бавария” расмийлари Мусиаланинг саломатлиги билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

"Бавария" расмийлари Мусиаланинг соғлиғи ҳақида маълумот берди
"Бавария" клуби бош мураббийи Венсан Компани ва спорт директори Макс Эберл Жамол Мусиаланинг саломатлиги билан боғлиқ вазият юзасидан янги тафсилотларни ошкор қилди.
23 ёшли футболчида неврологик бузилиш туфайли қисқа муддатли эпилептик хуружлар, яъни абсанслар кузатилган. Эберлнинг сўзларига кўра, клуб бу муаммо ҳақида ўтган мавсум давомида хабардор бўлган ва Мусиаланинг ҳолати устида мунтазам иш олиб борган.
Мусиаланинг яқинда "Лейпсиг" ва "Ҳайденҳайм"га қарши ўртоқлик учрашувларида майдонда ҳушини йўқотиши даволаш жараёнидаги ўзгариш билан боғлиқ бўлган.
"У даволаш усулини бироз ўзгартирди. Бу айрим ножўя таъсирларни келтириб чиқарди. Шу сабабли биринчи ва иккинчи ҳолат юз берди. Даволаш жараёнида вақти-вақти билан бошқа усулни синаб кўриш мутлақо нормал ҳолат", деди Компани.
Эберлнинг таъкидлашича, ҳозирги асосий вазифа Мусиаланинг дори-дармонларини тўғри мослаштириб, уни аввалги каби узоқ вақт давомида хуружларсиз ҳолатга қайтаришдир.
Компани Мусиаланинг ҳолати клуб ичида ваҳима уйғотмаётганини ҳам қайд этди. Унинг айтишича, "Бавария" футболчининг соғлиғи бўйича етакчи мутахассислар тавсияларига амал қилмоқда.
Мусиала ҳозирча индивидуал машғулотлар ўтказмоқда ва 23-август куни "Боруссия Дортмунд"га қарши Германия Суперкубоги учрашувида майдонга тушмайди. Бу қарор унинг умумий ҳолатидан хавотир сабаб эмас, балки даволашдаги сўнгги ўзгаришга мослашиши учун қабул қилинган.
Компани футболчининг спорт формасига ҳам ижобий баҳо берди. Мураббийнинг фикрича, Мусиала жароҳатидан кейинги даврда сезиларли ривожланишга эришган ва яна аввалги даражасига қайтиш учун барча имкониятларга эга.
Мусиала Бундеслига янги мавсумининг илк турида "Штутгарт"га қарши учрашувда таркибга қайтиши кутилмоқда.

