Бавария иқтисодиёт вазири ўлик ҳолда топилди
Германиядаги меҳмонхоналардан бирида Ҳуберт Айвангернинг жасади аниқланди. У Берлиндаги маросимда нутқ сўзлаши керак эди.

Бавария иқтисодиёт вазири ўлик ҳолда топилди
Бавария бош вазирининг ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Ҳуберт Айвангер 4-ноябр куни кечқурун Берлинда ўлик ҳолда топилди.
Айвангер ўзи аъзо бўлган “Эркин сайловчилар” партиясининг Берлиндаги офиси очилишида нутқ сўзлаши керак эди. Аммо соғлиғи ёмонлашгани сабабли у нутқини бекор қилган ва шундан кейин алоқага чиқмаган. Кейинроқ 55 ёшли сиёсатчи Берлин-Митте раёнидаги “Неуер Фритз” меҳмонхонаси хонасида жонсиз ҳолатда топилган.
Сиёсатчининг ўлим сабаби ҳозирча аниқланмаган. Берлин полицияси ва прокуратураси Айвангернинг ўлими юзасидан текширув бошлаган. Ҳодисага учинчи шахсларнинг эҳтимолий алоқадорлиги ҳам ўрганилади. Тагесспиегел нашри ўз маълумотларига таянган ҳолда Берлин ҳукумати сиёсатчининг ўлимини табиий сабаблар билан боғлаётганини ёзмоқда.
“Ҳуберт Айвангернинг тўсатдан ўлими ҳақиқий фожиадир. Барчамиз чуқур қайғудамиз”, деб изоҳ берди Бавария бош вазири Маркус Зёдер.
Ҳуберт Айвенгер 1971-йил 26-январда Бавариянинг Эрголдсбах шаҳрида туғилган. Унинг сиёсий фаолияти “Эркин сайловчилар” партияси билан боғлиқ. 2006-йилдан бошлаб у партиянинг Бавария бўлимини бошқарган, 2010-йилда эса унинг федерал раиси этиб сайланган.
Сиёсатчи илк бор Бавария ландтаги (федерал ерлар парламенти) таркибига 2008-йилда сайланган. 2018-йилги парламент сайловлари натижаларига кўра, у иқтисодиёт, минтақавий ривожланиш ва энергетика вазири, шунингдек, бош вазир ўринбосари лавозимларини эгаллади.

