«Бавария» футболчиси тўрт кун ичида иккинчи бор ҳушидан кетиб қолди
Жамол Мусиала ўтган ҳафта охирида «Лейпсиг» билан ўйинда ўзини ёмон ҳис қилган, ўшанда уни иссиқ ургани айтилганди. Бу сафар у «Ҳайденҳайм» билан ўйинда захирадан тушганидан кўп ўтмай вақт газонга қулади.

«Бавария» футболчиси тўрт кун ичида иккинчи бор ҳушидан кетди
Германиядан хавотирли хабар: «Бавария» клубининг ёш юлдузи Жамол Мусиала тўрт кун ичида иккинчи марта ўзини ёмон ҳис қилди. Германиялик яримҳимоячи бу сафар «Ҳайденҳайм» билан ўртоқлик ўйини вақтида ҳушини йўқотди.
23 ёшли Мусиала илк бор 14-август куни «РБ Лейпсиг» билан кечган ўртоқлик ўйинида иссиқ туфайли ўзини ёмон ҳис қилганди. У ўшанда ўйиннинг 83-дақиқасида, рақиб дарвозасини ишғол этганидан бир неча дақиқа ўтганида ҳушини йўқотганди. Жамоадоши Исмоил Сайбари Жамолнинг аҳволи яхши эмаслигини ўз вақтида пайқаган ва югуриб келиб уни қучоқлаб олганди. У бу жонбозлиги туфайли Мусиала газонга йиқилишининг олдини олганди.
Тиббиёт штаби бир неча дақиқа давомида футболчига ёрдам кўрсатишди. Шундан кейин Жамол мустақил равишда майдонни тарк эта олган. Билд маълумотига кўра, футболчини ўшанда иссиқ урган: «Жамол Мусиала жазирама туфайли бош айланиши ва қон айланишидаги муаммолардан шикоят қилди. Ушбу ҳодисадан сўнг «Бавария» шифокорлари томонидан ўтказилган дастлабки текширувлар ҳозирча ҳеч қандай муаммони аниқламади. 23 ёшли футболчига бир неча кун дам олиш ва тикланиш керак бўлиши тахмин қилинмоқда».
«Бавария» спорт директори Макс Эберл эса «Жамол билан барчаси жойидалиги ва бу энг муҳими» эканини айтди.
Кейинги куни Мусиала машғулот майдонига жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ҳамроҳлигида ташриф буюриб, дриблингларни қайта ишлаб, дарвозага зарбалар бериш билан шуғулланган ҳолда индивидуал машғулот ўтказган. Машғулот чоғида унинг саломатлигида муаммо кузатилмаган, у тестларни муваффақиятли топширган.
Аммо 18-август куни вазият такрорланди. Мусиала яна ўзини ёмон ҳис қилди ва газонга йиқилди. Жамоадошлари ва рақиб жамоа футболчилари шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилаётганида уни камералардан тўсиш учун ҳалқа ҳосил қилиб туришди. Кўп ўтмай футболчи ўрнидан турди ва тиббиёт ходимларига суянганча майдонни тарк этди. Эътиборли жиҳати, у захирадан ўйинга қўшилганига кўп вақт бўлмаганди (61-дақиқада тушганди ва 68 дақиқада алмаштирилди).
Воқеадан бир неча соат ўтиб футболчи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз ҳолати ҳақида баёнот берди: «Аввалига энг асосийси – мен билан ҳаммаси жойида! Биринчи навбатда, хабарларингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун жуда миннатдорман! Кўпчилигингиз хавотирда эканингизни тушуниб турибман. Бугун мен хавотирларингизни тарқатишни ва баъзи нарсаларни тушунтириб беришни хоҳлайман. Менда неврологик дисфунксия туфайли юзага келган қисқа муддатли, аммо даволаниши осон бўлган абсанслар (қисқа муддатга ҳушни йўқотиш) ташхиси қўйилган. Бу, масалан, «Лейпсиг»га қарши ўйинда ёки ҳозир «Ҳайденҳайм» билан бўлгани каби ҳолатларга олиб келиши мумкин. Биламан, бир қарашда бу қўрқинчли кўринади, аммо ҳозирги вақтда улар кундалик ҳаётимнинг бир қисмидир. Мен аъло даражадаги тиббий ёрдам оляпман ва жуда кўтаринки кайфиятдаман. «Бавария» ва атрофимдагилар бу йўлда мени қўллаб-қувватлашмоқда.
Шуни таъкидлаш муҳимки, соғлиғим учун бошқа ҳеч қандай хавф йўқ. Мутахассислар билан яқин ҳамкорликда бу чорловни қабул қилиш менинг шахсий хоҳишим эди ва неврологларнинг рухсати билан соғайишимга энг кўп ёрдам берадиган иш билан шуғулланишни давом эттирмоқчиман – шунчаки ўзимнинг кундалик ҳаётим билан яшаш ва бутун вужудим билан футбол ўйнашда давом этиш. Бунинг учун масъулиятни ўз зиммамга олдим. Умуман олганда, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман ва тўғри йўлдаман. Менга энг кўп ёрдам берадиган нарса – бу сизнинг қўллаб-қувватловингиз остида жамоам билан ғалабалар ва титулларни қўлга киритишда давом этиш.
Умид қиламанки, бу мени яхшироқ тушунишингизга ёрдам беради. Шу билан бирга, вазиятни тўғри қабул қилишингизга умид қилган ҳолда, бундан буён ушбу мавзуни фақат энг яқин танишларим, клуб ва экспертлар доирасида сақлаб қолишни истардим. Катта раҳмат!»
Барча Жамолни қўллаб-қувватламоқда
Мусиаланинг пости остида ўн минглаб изоҳ қолдирилди. Уларнинг аксари футболчини қўллаб-қувватлаб ёзилган.
«Тезроқ тузалиб кет», – дейди Испания миллий жамоаси яримҳимоячиси Педри.
«Хавотирланма, дўстим, биз сен биланмиз», – дея қайд этади «Бавария»нинг собиқ футболчиси Томас Мюллер.
«Барчамиз сен билан», – дея қўшимча қилади Мусиаланинг жамоадоши Александр Павлович.
Бундан ташқари, изоҳларда Мануел Ноер, Флориан Вирс, Давид Алаба, Даёт Упамекано, Луис Диас, Жуд Беллингҳем ва бошқа кўплаб таниқли футболчиларни учратиш мумкин.
Жамол учун бундай қўллов ўта муҳим. Ўтган мавсум аввалида олинган оғир жароҳати туфайли у Бундеслигада мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборган ва фақат мавсум охирига келиб майдонга туша бошлаганди.
Мусиала «Бавария» сафида 2020-йилдан буён ўйнаб келади. У мюнхенликлар билан олти марта Германия чемпиони бўлган (2019/20, 2020/21, 2021/22, 2022/23, 2024/25, 2025/26), мамлакат кубоги (2025/26), УЕФА Суперкубоги (2020) ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблигини (2020) қўлга киритган.

