“Барселона” янги футболчисини рўйхатдан ўтказа олмаяпти — Марса

“Барселона” янги футболчиси Доминик Ливаковични рўйхатдан ўтказишда муаммоларга дуч келмоқда, деб хабар беради Марса.
Каталония клуби 27-август куни хорватиялик посбоннинг трансферини расман эълон қилган эди. Дастлаб, клуб раҳбарияти бу ёзда янги дарвозабон сотиб олишни режалаштирмаган эди. Бироқ, спорт директори Деку келажакда Войцех Шеснига муносиб ўринбосар тайёрлаш мақсадида 31 ёшли Ливакович трансферини олдиндан ҳал қилишга қарор қилди.
Дастлабки режа бўйича, хорватиялик футболчи жамоага 2027/2028-йилги мавсумда, Шеснининг шартномаси тугагач қўшилиши керак эди. Аммо вазият ўзгариб, “Барселона” уни жорий мавсумнинг ўзидаёқ сотиб олишга қарор қилди. Марса нашрининг маълумотларига кўра, Испания чемпионатининг молиявий фейр-плей ва маошлар лимити билан боғлиқ қатъий қоидалари сабабли клуб ҳозирда янги ўйинчини рўйхатдан ўтказа олмаяпти.
Агар “Барселона” трансфер ойнаси ёпилгунига қадар маошлар лимитида жой очолмаса, Ливакович ижара асосида бошқа жамоага ўтади.
Эслатиб ўтамиз, каталонияликлар ушбу трансфер учун Туркиянинг “Фенербахче” клубига 2 миллион евро тўлаган. Шартномадаги маълум талаблар бажарилса, турк клуби яна шунча миқдорда бонус олиши кўзда тутилган.

