“Барселона” ўтган мавсум рекорд даражада даромад қилди

“Барселона” ўтган мавсумда рекорд даражада даромад олди
Каталониянинг “Барселона” клуби 2025/26-йилги мавсум якунига кўра 1,06 миллиард евро даромад кўрди. Бу клуб тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Таққослаш учун, 2024/25-йилги мавсумда жамоа даромади 994 миллион еврони ташкил этган эди. Раҳбарият ўтган мавсум якунида 1,075 миллиард евро ишлаб топишни режалаштирган бўлса-да, амалда мўлжалдагидан бироз камроқ маблағ йиғилди. Шуни ҳам қайд этиш керакки, 1 миллиард евродан ортиқ даромадга қарамай, барча харажатлар чегириб ташлангач, “Барселона” мавсумни атиги 200 минг евро соф фойда билан якунлади.
Айни пайтда “Барселона”нинг қарз мажбуриятлари ҳам ортиб бормоқда. 2025-йил июнида 469 миллион евро бўлган клубнинг соф қарзи ҳозирга келиб 607 миллион еврога етди.
Даромад манбалари қандай тақсимланди?
Стадион ва инфратузилма: Жамоанинг янгиланган “Камп Ноу” стадионига қайтиши ортидан чипталар савдоси, ВИП-пакетлар ва музейдан тушган тушумлар сезиларли ошиб, 225 миллион еврони ташкил этди (олдинги мавсумда бу кўрсаткич 175 млн эди).
Ҳомийлик шартномалари: Бу йўналишда ҳам рекорд қайд этилди — 265 миллион евро (ўтган мавсумга нисбатан 5 миллионга кўп).
Тижорат ва лицензиялар: Клуб атрибутикалари ва товарлар савдосидан 208 миллион евро ишлаб олинди (+40 млн).
Телерансляциялар: Жамоа Чемпионлар Лигасини эрта тарк этгани сабабли, телеҳуқуқлардан тушадиган даромад 250 миллиондан 246 миллион еврога камайди.
Трансферлар: Футболчилар сотувидан клуб ғазнасига 43 миллион евро тушди.
Клубнинг 2026/27-йилги мавсум учун кутилаётган даромади 1,195 миллиард евро этиб белгиланган. Эътиборлиси, даромадлар билан бирга жамоанинг иш ҳақи фонди ҳам кескин ошиши кутилмоқда. Клубнинг умумий маошлар миқдори 571 миллиондан 636 миллион еврога, бевосита асосий жамоа футболчиларининг маошлари эса 355 миллиондан 477 миллион еврога оширилиши режалаштирилган.

