“Барселона” Габриел Жезусни сотиб олади — Романо

**"Барселона" Габриел Жезусни сотиб олади — Романо**
Лондоннинг "Арсенал" ва Каталониянинг "Барселона" клублари бразилиялик ҳужумчи Габриел Жезуснинг трансфери бўйича якуний келишувга эришди. Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, трансфер нархи кафолатланган 10 миллион евро ва 4 миллион евро миқдоридаги бонуслардан иборат.
Маълумотларга кўра, томонлар трансферга оид барча ҳужжатларни расмийлаштириб бўлган. Унга кўра, лондонликлар ҳужумчининг келажакдаги эҳтимолий сотувидан 20 фоиз улуш олади.
Режага кўра, Жезус 31-август, душанба куни тиббий кўрикдан ўтиш ва шартнома имзолаш учун Барселонага етиб боради. Бразилиялик футболчи каталонияликлар билан 2028-йилнинг июнига қадар мўлжалланган битим имзолайди. Шартномада уни яна бир мавсумга узайтириш банди ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Жезус "Арсенал" сафида 2022-йилнинг ёзидан буён ҳаракат қилиб келади (унинг амалдаги шартномаси 2027-йилгача мўлжалланган эди). У 2025/2026-йилги мавсумда Лондон клуби сафида жами 27 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та голга муаллифлик қилди. Маълумот ўрнида, ҳужумчи 2025-йилнинг январ ойида чап тиззасидан оғир жароҳат олиб, ўша йилнинг декабр ойидагина майдонга қайтган эди.

