“Барселона” футболчиси “ПСЖ”га ўтади — манба

“Барселона” футболчиси Ферран Торрес “ПСЖ”га ўтиши кутилмоқда – манба
Испаниянинг “Барселона” ва Франсиянинг “ПСЖ” клублари 26 ёшли ҳужумчи Ферран Торреснинг трансфери бўйича келишувга эришди. Дастлабки музокараларда трансфер бонуслари борасида келишмовчиликлар юзага келган бўлса-да, якунда барча масалалар ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда Испаниянинг Sport.es нашри хабар берди.
Клублар ўртасидаги якуний келишувга кўра, Париж жамоаси испаниялик футболчи учун каталонияликларга 50 миллион евро миқдорида кафолатланган сумма тўлайди. Шунингдек, шартномада яна 5 миллион евро миқдорида қўшимча бонуслар ҳам назарда тутилган.
Манбага кўра, ўтган ҳафтада “Барселона” “ПСЖ”нинг 40+10 миллион евролик дастлабки таклифини рад этган. Шундан сўнг, парижликлар президенти Носир ал-Хелайфи кафолатланган тўлов суммасини 50 миллион еврога оширишни шахсан маъқуллаган ва шу орқали трансфер ҳал қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумда “кўк-анорранглилар” сафида жами 49 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 21 та гол ҳамда 3 та голли узатмани ёздириб қўйишга муваффақ бўлган. Футболчининг Каталония клуби билан амалдаги шартномаси 2027-йилнинг ёзига қадар мўлжалланган эди. Трансфермаркт портали ҳужумчининг бозор қийматини 55 миллион еврога баҳоламоқда.

