“Барселона” 80 миллион евролик трансфердан воз кечди

“Барселона” 80 миллион евролик трансфердан воз кечди
“Барселона” клуби раҳбарияти “Спортинг” ҳужумчиси Луис Суареснинг шартномасида белгиланган 80 миллион евролик товон пулини тўлаш ниятида эмас. Каталонияликлар бу нархни жуда юқори деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда машҳур инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди.
Манбага кўра, Португалия клуби ҳам нарх борасида муросага келишни истамаяпти ва шу орқали колумбиялик ҳужумчини жамоада сақлаб қолишга умид қилмоқда.
Аввалроқ Романо “кўк-анорранглилар” Суарес номзодини “Атлетико” ҳужумчиси Хулиан Алварес трансфери амалга ошмаган тақдирда, муқобил вариант сифатида кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, каталонияликлар бу трансфердан ҳам воз кечишга қарор қилди.
Маълумот учун, ўтган мавсумда Суарес барча мусобақаларда жами 53 та ўйинда майдонга тушиб, 38 та гол урган ва 9 та голли узатмани амалга оширган. Ҳужумчининг Лиссабон клуби билан амалдаги шартномаси 2030-йилнинг ёзига қадар тузилган. Трансфермаркт порталига кўра, унинг ҳозирги бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил этади.

