Банкнот ва тангалар дизайнига янги талаблар белгиланмоқда
Ўзбекистонда банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш, уларнинг номинали ва дизайнини белгилаш бўйича янги тартиб таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, банкнот ва тангаларда Ўзбекистон тарихи, мамлакат ютуқлари, табиати, миллийлик ва қадриятларни ифодаловчи тасвирлар акс эттирилади. Пул белгиларидаги ёзувлар эса давлат тилида ва лотин ёзувида бўлади.

**Банкнот ва тангалар дизайнига оид янги талаблар жорий этилмоқда**
Ўзбекистон банк тизимида нақд пул муомаласини ташкил этиш тартибини белгиловчи йўриқнома лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат банк тизимида нақд пул муомаласини тартибга солишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистон ҳудудида нақд пул муомаласини ташкил этиш Марказий банк зиммасига юклатилади. Шунингдек, Марказий банк мамлакат ҳудудида пул белгиларини қонуний тўлов воситаси сифатида муомалага чиқариш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга бўлади. Пул белгилари банкнотлар ва тангалар, жумладан, қимматбаҳо металлардан ясалган тангалар шаклида чиқарилиши мумкин.
**Пул номиналлари қандай белгиланади?**
Лойиҳада пул белгиларининг номинал қийматларини белгилаш мезонлари ҳам кўрсатилган. Бунда республикадаги ўртача ойлик ва кунлик иш ҳақи, чакана бозорлардаги истеъмол ва маиший товарлар нархлари ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимининг ривожланиш даражаси инобатга олинади. Зарур ҳолларда аҳолининг муайян номиналдаги пул белгиларига бўлган талаб ва эҳтиёжлари ҳам ўрганилади.
Нақд пулларнинг номинал қаторини самарали ташкил этиш мақсадида тангаларни 4-5 та, банкнотларни эса 6-7 та номинал қийматда чиқариш назарда тутилмоқда.
**Банкнотлар дизайнида нималар акс этади?**
Банкнот ва тангалар дизайни Марказий банк мулки ҳисобланади. Уларнинг дизайни Марказий банк томонидан "Давлат белгиси" МЧЖ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Алоҳида ҳолларда Марказий банк банкнот ва тангалар дизайни юзасидан аҳоли ўртасида сўров ҳам ўтказиши мумкин.
Пул белгилари дизайнида Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниши ва уларнинг мамлакатга тегишли экани яққол намоён бўлиши керак. Ҳар бир номиналдаги банкнот учун алоҳида ранг устуворлиги белгиланади. Банкнот ва тангаларда номиналнинг рақамли кўриниши, қийматни аниқлашга қулай ўлчам ва ранг, Марказий банк номи, дизайн ва намуна тасдиқланган йил, давлат рамзларидан бири ҳамда қалбакилаштиришга қарши ҳимоя элементлари бўлиши шарт.
Банкнотларда бундан ташқари номинал қийматнинг ёзувли кўриниши, серия ва рақамлар, барча турдаги тўловлар учун ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шартлиги ҳақидаги жумла ҳамда қалбакилаштириш учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирувчи ёзувлар бўлади.
**Тарихий шахслар банкнотларда акс этиши мумкин**
Лойиҳада банкнот ва тангалар дизайни муайян мавзуга бағишланиши белгиланмоқда. Хусусан, уларда Ўзбекистон тарихи, жумладан, Ўзбекистон заминида туғилган ва дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшган шахслар ҳамда уларнинг фаолиятига доир обьектлар, мустақил Ўзбекистон ва унинг ютуқлари, мамлакат табиати, миллийлик ва қадриятларни ифодаловчи тасвирлар акс эттирилиши мумкин.
Банкнот ва тангаларда тасвирланган бино, иншоот ва бошқа обьектларнинг номи ҳам қайд этилади. Барча ёзувлар давлат тилида ва лотин алифбосида бўлиши назарда тутилган.
**Янги пуллар ҳақида олдиндан хабар берилади**
Пул белгиларининг намуналари ва дизайни Олий Мажлис Сенати Кенгаши билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан тасдиқланади. Янги намунадаги банкнот ва тангалар дизайни Марказий банк Бошқаруви қарори билан тасдиқланади. Қарорда уларни муомалага чиқариш ишларини ташкил этиш, пул белгиларининг тавсифини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш муддатлари ҳам белгиланади.
Янги банкнот ва тангалар муомалага киритилиши ҳақидаги ахборот ҳамда уларнинг тавсифи муомалага чиқарилиш санасидан камида бир ҳафта олдин эълон қилиниши назарда тутилган.
**Банклар нақд пулга талабни олдиндан прогноз қилади**
Лойиҳада банкларнинг нақд пул билан ишлаш тартиби ҳам батафсил белгиланган. Ҳар бир банк бўлинмаси мижозларнинг нақд пул тушумлари ва нақд пул олишга бўлган талаблари, банкоматларни тўлдириш эҳтиёжи ҳамда аввалги даврлардаги кўрсаткичлар асосида "Нақд пул айланмаси ойлик прогнози"ни ишлаб чиқади.
Банклар аҳоли ва тадбиркорлик субьектларининг нақд пулга бўлган талабини ўз вақтида қондириши керак. Нақд пул банкдаги депозит ҳисобварағида мавжуд маблағлар доирасида тегишли касса ҳужжатлари асосида берилади.
Шунингдек, банклар иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни нақд пул билан ўз вақтида таъминлаш чораларини кўради. Агар бундай тўловларни нақд пул билан таъминлашда кечикиш ёки узилишлар аниқланса, Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари тегишли банклар билан биргаликда зарур чораларни кўриши белгиланмоқда.

