Банк ходими 100 минг доллар пора олаётганда ушланди
У Қуйичирчиқ тумани ҳокимлиги балансидаги ер майдонини сотиш ҳамда ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ерни

Банк ходими 100 минг доллар пора олаётганда ушланди
Тошкент вилоятида банк ходими 100 минг долларни олган пайтда қўлга олинди.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Унда нуфузли банклардан бирининг ушбу вилоятдаги минтақавий маркази Маҳаллабай ва давлат дастурлари билан ишлаш бўлими бошлиғининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Хусусан, у 2024-йилда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан электрон онлайн ауксион орқали ўзининг отасига чорвачилик мақсадида фойдаланиш учун ижара ҳуқуқи асосида сотилган, Қуйичирчиқ тумани ҳокимлиги балансидаги 16,05 гектар ер майдонини сотиш ҳамда ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ерни мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига харидордан жами 4 млн 250 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир чоғида у сўралган пул маблағидан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

