Банк картаси нима сабабдан блокланганини аниқлаш имконини берувчи ИнфоСардс тизими жорий этилди
Янги тизим банк картасининг қайси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан, қачон ва қандай сабабга кўра блокланганига оид маълумотларни тезкор аниқлаш имконини беради.

Банк картаси нима сабабдан блокланганини аниқлаш имконини берувчи ИнфоСардс тизими ишга туширилди
Марказий банк, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари ўртасида ИнфоСардс ахборот алмашинуви тизими жорий этилди, дея хабар берди регулятор ахборот хизмати.
Янги тизим банк картаси блокланган ҳолатда унинг қайси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан, қачон ва қандай сабабга кўра блокланганига оид маълумотларни тезкор аниқлаш имконини беради.
Эндиликда бунинг учун фуқаронинг қўшимча равишда Марказий банкка мурожаат қилиши талаб этилмайди. Карта эгаси ўзига хизмат кўрсатувчи тижорат банки билан боғланиши кифоя. Банк ИнфоСардс тизими орқали тегишли маълумотларни аниқлаб, картанинг блокланиши юзасидан тушунтириш беради.
Мазкур тизим фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш, ортиқча оворагарчиликни камайтириш ҳамда банк хизматларидан фойдаланишда тезкорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилади.

