Банк ҳисобварақларига оид тартиб ўзгарди: тадбиркорлар ва фуқаролар учун қандай янгиликлар бор?
Ўзбекистонда тўловга қобилияцизлик жараёнидаги тадбиркорлар учун махсус банк ҳисобварақлари очилиши белгиланди. Шунингдек, фуқароларга ўзининг барча банк ҳисобварақлари ҳақидаги маълумотларни исталган банкдан олиш ҳамда ҳисобварақ очишда хорижга чиқиш биометрик паспортидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Банк ҳисобварақларига оид тартиб ўзгарди: тадбиркорлар ва фуқаролар учун қандай янгиликлар бор?
Адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби ҳақидаги йўриқномага тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Идоравий ҳужжат 2026-йил 20-октабрда 3420-3 рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги тартибга биноан, тадбиркорга нисбатан санация, ташқи бошқарув ёки тугатиш тартиб-таомили қўлланса, унинг маблағларини бошқариш учун банкда махсус ҳисобварақ очилади.
Шу билан бирга, тадбиркорнинг асосий ва иккиламчи ҳисобварақлари бўйича чиқим операциялари тўхтатилади. Улардаги мавжуд маблағлар ҳамда кейинчалик тушадиган пуллар махсус ҳисобвараққа ўтказилади.
Асосий ва иккиламчи ҳисобварақларга қўйилган банд тўлов ҳужжатлари, жумладан, инкассо топшириқномалари ва банд солиш тўғрисидаги қарорлар уларни қўйган ташкилот ва органларга ижросиз қайтарилади.
Махсус ҳисобварақдаги маблағлардан эса фақат мижоз ёки суд бошқарувчисининг тўлов топшириқномаси асосида фойдаланилади. Адлия вазирлиги бу чоралар оғир молиявий аҳволга тушган тадбиркорлар фаолиятини тиклашга хизмат қилишини таъкидлаган.
Ўзгартишлар фуқаролар учун ҳам бир қатор қулайликларни назарда тутади. Энди улар ўзининг барча банк ҳисобварақлари ҳақидаги маълумотларни исталган банкдан олиши мумкин. Аввал бундай маълумот фақат асосий ҳисобварақ очилган банк томонидан берилар эди.
Бундан ташқари, банк ҳисобварақларини очишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида хорижга чиқиш биометрик паспортидан ҳам фойдаланиш имконияти яратилди.

