Бандлик ва ишсизликни ҳисобга олиш тартиби ўзгармоқда
Меҳнат ресурслари, бандлик ва ишсизлик тўғрисидаги маълумотларни шакллантиришнинг янги тартиби тасдиқланди. Ишлаётганлар, ўзини ўзи банд қилганлар, ишсизлар ва аҳолининг бошқа тоифалари ҳақидаги маълумотлар турли идораларнинг маълумотлар базаларидан йиғилади ва «Рақамли ҳукумат» тизиминиң идоралараро платформаси орқали узатилади.

Бандлик ва ишсизликни ҳисобга олиш тартиби ўзгармоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.2026 йилдаги 522-сон қарори билан Ўзбекистонда бандлик ва ишсизликни ҳисобга олишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Ҳужжат билан меҳнат ресурслари баланси шакли, уни шакллантириш ва ривожлантириш схемалари, бандлик ва ишсизлик кўрсаткичларини ҳисоблаш методологияси, шунингдек, ишсизлар ва норасмий сектор ходимларининг мақсадли рўйхатини шакллантириш тартиби тасдиқланди.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Миллий статистика қўмитаси бир ой муддатда меҳнат ресурслари балансини шакллантириш учун зарур бўлган маъмурий маълумотлар шаклларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим.
Бандлик тўғрисидаги маълумотлар турли ахборот тизимларидан йиғилади
Меҳнат ресурслари тўғрисидаги ҳисоботларни, прогноз балансларини шакллантириш, шунингдек, бандлик ва ишсизлик кўрсаткичларини ҳисоблаш учун турли давлат органларининг ахборот тизимларидаги маълумотлардан фойдаланилади.
Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар, ёлланма ишчилар ва қишлоқ хўжалигида ўзини ўзи банд қилган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар Солиқ қўмитасининг маълумотлар омбори маълумотлари асосида шакллантирилади.
Юридик шахсларда ишлаётганлар тўғрисидаги маълумотлар Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими»да ҳисобга олинади.
Шунингдек, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг даромад солиғи бўйича декларациялари, ҳунармандлар, вақтинчалик ишлаш учун хорижга кетганлар, қишлоқ хўжалиги учун ер участкалари олган шахслар ва шахсий томорқа ер участкаларида фаолиятнинг айрим турлари билан банд бўлган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилади.
Ушбу тоифаларнинг ҳар бири учун тегишли маълумотлар манбалари — Солиқ қўмитаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, Миграция агентлиги, ИИВ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимлари кўзда тутилган.
Меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳар йили ўрганилади
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат бозори тадқиқотлари институти ҳар йили 1 июлга қадар иш берувчиларнинг касблар, мутахассисликлар ва малакаларга бўлган эҳтиёжлари бўйича социологик тадқиқотлар ўтказади.
Олинган маълумотлардан меҳнат бозори талабларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш бўйича таклифлар тайёрлаш учун фойдаланилади.

