Багз Банни ва Даффи Дакка овоз берган Эрик Бауза 46 ёшида вафот этди
Бауза шу ёздаги «Койот Acme’га қарши» анимацион хит фильмидаги бир қатор қаҳрамонларга овоз берган эди.

Багз Банни ва Даффи Дакка овоз берган Эрик Бауза 46 ёшида вафот этди
Looney Tunes қаҳрамонлари, жумладан Багз Банни, Даффи Дак ва Порки Пигга овоз берган актёр Эрик Бауза 46 ёшида вафот этди.
Эмми мукофоти совриндори бўлган юлдуз оиласининг Instagram’даги баёнотида у «тўсатдан» вафот этгани айтилади.
Бауза шу ёздаги «Койот Акмега қарши» анимацион хит фильмдаги бир нечта қаҳрамонларга овоз берган ва яқинда чиққан «Унутилган орол» фильмида пайдо бўлган эди.
Variety нашрининг хабар беришича, ўлим сабаби гипертоник юрак-қон томир касаллиги бўлган ва Бауза якшанба куни уйида вафот этган.
2021 йилда NBC News билан ўтказилган интервьюда Онтариода туғилган ва келиб чиқиши филиппинлик бўлган Бауза Looney Tunes қаҳрамонларининг ашаддий мухлиси бўлиб ўсганини ва болалигида уларнинг овозларига тақлид қилганини айтган эди.
«Looney Tunes барча тиллар ва маданиятлар чегарасидан ҳатлаб ўтади», деган эди у.
«Сайёранинг қайси қисмидан эканингизнинг аҳамияти йўқ. Комедияни ҳамма тушунади.»
У 2021 йилдаги «Спейс Жам: Янги мерос» фильмида Даффи Дак, Порки Пиг, Элмер Фадд ва Фогхорн Легхорнга овоз берган, кейинроқ «Койот Акмега қарши» фильмида ушбу ролларни ҳамда Роуд Раннер ролини такроран ижро этган.
У шунингдек, 2023 йилдаги «Супер Марио ака-укалари» фильмида ва бу йил халқаро миқёсда энг кўп даромад келтирган фильмлар орасида бешинчи ўринни эгаллаган унинг давоми — «Супер Марио Галактикаси» фильмида Тоад Генерал ролини ўйнаган.
2022 ва 2025 йиллар оралиғида у бир қатор телесериаллардаги ажойиб овозли ижроси учун учта Эмми мукофотини қўлга киритган.
Warner Bros. Television Group ва АҚШ тармоқлари раиси Ченнинг Данги шундай деди: «Эрик Бауза дунё бўйлаб миллионлаб инсонларга қувонч ва табассум улашган бетакрор овоз соҳиби эди.
У Мел Бланк каби гигантларнинг изидан борди. Эрик Looney Tunes’нинг афсонавий меросини давом эттириш унинг ҳаётидаги энг катта шарафлардан бири бўлганини айтган эди.»

