БАА Ўзбекистонда йирик узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор
Ўзбекистон ва БАА вакиллари инвестицияларни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳалар ҳамда иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

БАА Ўзбекистонда йирик узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор
Ўзбекистон Элчихонаси дипломатлари Бирлашган Араб Амирликлари инвестициялар вазири Муҳаммад Ҳассан Ал-Сувайдий билан учрашув ўтказдилар.
Суҳбат чоғида томонлар стратегик шерикликни янада ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилдилар.
Учрашув иштирокчилари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар барқарор ривожланаётганини таъкидладилар. Шу билан бирга, Амирликларнинг етакчи компаниялари ва инвестиция институтларини Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларидаги лойиҳаларга янада фаол жалб этиш учун имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди.
Муҳаммад Ҳассан Ал-Сувайдий стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда йирик узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бунинг йўналишларидан бири бўлиши мумкин.
Томонлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, замонавий шаҳарсозлик ва инфратузилма, энергетика, тоғ-кон ва юқори технологияли саноат, шунингдек, бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Томонлар БААнинг етакчи компаниялари ва инвестиция тузилмалари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда тайёрлаш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни илгари суриш устувор вазифалар қаторидан жой олди.
Бундан ташқари, музокаралар иштирокчилари юқори даражадаги ўзаро ташрифларни давом эттириш ва қўшма тадбирларни ташкил этиш юзасидан фикр алмашдилар. Ушбу тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилиши лозим.
Учрашув якунида томонлар стратегик шериклик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва инвестициявий ҳамкорликка қўшимча амалий мазмун бағишлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

