Б2 сертификати йўқ хорижий тил ўқитувчилари ишини давом эттириши мумкин – вазирлик
Амалдаги тартибга кўра, 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида

Б2 сертификати бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари ишини давом эттириши мумкин – вазирлик
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Б2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари ҳозирча мактабларда меҳнат фаолиятини давом эттириши мумкинлигини маълум қилди.
Амалдаги тартибга кўра, 2025/2026 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тил ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиши лозим эди.
Бироқ вазирлик ушбу талабга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаган. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилган ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Шу боис, тегишли қарор қабул қилингунига қадар талаб даражасидаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари мактабларда ишлашни давом эттириши мумкин.
Масала юзасидан қўшимча маълумот Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг берилиши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва унда талаб этиладиган миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлмаган ўқитувчилар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш режалаштирилаётгани айтилган эди.

