Азиз Ҳакимов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Азиз Ҳакимов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Бугун Шайхонтоҳур туман жиноят ишлари судида ёпиқ мажлис якунида Азиз Ҳакимовга нисбатан суд ҳукми э'лон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ма'лум қилди.
Азиз Ҳакимов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси суверенитетига қарши чиқишлари, СССРни тарғиб қилиб, уни қайта тиклаш ғоясини илгари сургани билан танилган.
Шунингдек, унинг 1930-йиллардаги сиёсий қатағон қурбонлари ва 1920-йиллардаги миллий-озодлик кураши иштирокчилари хотирасини қоралаган чиқишлари ҳам тармоқларда жиддий баҳс-мунозаралар ва норозиликларга сабаб бўлган эди.
Судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 150-моддасида (урушни тарғиб қилиш) назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланди.
Азиз Ҳакимов Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (туҳмат), 140-моддаси 2-қисми (ҳақорат қилиш) ҳамда 156-моддаси 2-қисми (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.
Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан Рақамли технологиялар вазирлигига судланувчи томонидан юритилган Телеграм мессенжеридаги “Сомраде_Азиз” каналини блоклаш мажбурияти юклатилди.
Бундан ташқари:
* иш бўйича 6 нафар жабрланувчига ўзларига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилди;
* судланувчига ҳукмга нисбатан юқори суд инстансиясига шикоят бериш муддати ва тартиблари тушунтирилди.
Азиз Ҳакимов 2025-йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, журналист Шерзодхон Қудратхўжани камситгани учун жаримага тортилган эди. Ўшанда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 18 миллион 750 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.

